Гвардиола: “Челси”ни мағлуб эта олмасак, биз учун ҳаммаси тугайди...

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Премьер-лигада “Челси”га қарши сафар учрашуви жамоа тақдири учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, агар “Сити” “Стэмфорд Бридж”да ғалаба қозона олмаса, кейинги турда “Арсенал”га қарши ўйин олдидан ўтказиладиган матбуот анжумани ҳам маъносиз бўлиб қолиши мумкин.
— “Агар биз “Стэмфорд Бридж”да ғалаба қозонмасак, эҳтимол, “Арсенал”га қарши кейинги ўйин олдидан матбуот анжумани ўтказишга ҳожат ҳам қолмайди, чунки ҳаммаси тугайди. Буни ҳамма билади. Сиз биласиз, мен биламан, ўйинчилар билади”, — деди Гвардиола.
Айтиш жоиз, ўтган турда чемпионат пешқадами бўлган “Арсенал” ўз майдонида кутилмаганда “Борнмут”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу эса чемпионлик пойгасини янада қиздирди.
Ҳозирги ҳолатга кўра, “Манчестер Сити” “Арсенал”дан 9 очко ортда қолмоқда ва қўлида икки захира ўйини мавжуд. Агар Гвардиола жамоаси Лондонда “Челси”ни мағлуб этса ҳамда 19 апрелдаги тўғридан-тўғри учрашувда “Арсенал”ни енгса, очколар фарқини бартараф этиш имконияти пайдо бўлади.













