Сенат рақамли маркировкалаш тизимини кучайтиришни маъқуллади

Сенат рақамли маркировкалаш тизимини кучайтиришни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Ҳужжат мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда ноқонуний маҳсулотлар айланмасининг олдини олишга қаратилган. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Сенаторлар таъкидлашича, товарларни рақамли маркировкалаш истеъмолчиларни сифатсиз ва сохта маҳсулотлардан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бу тизим ишлаб чиқарувчиларни сифат стандартларига қатъий риоя этишга ундайди ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилади.

Қонун билан Солиқ кодексига янги тартиблар киритилмоқда. Унга кўра, товарларни мажбурий маркировкалаш бўйича қоидабузарлик учун икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан сўнг, масофавий солиқ текширувини ўтказиш назарда тутилмоқда. Текширув муддати 5 кун этиб белгиланган бўлиб, унинг натижалари электрон шаклда расмийлаштирилади.

Муҳокама якунида сенаторлар ушбу қонунни маъқулладилар. Мазкур ўзгаришлар алкогол, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари ва салқин ичимликлар каби товарларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш ҳамда бозорларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга замин яратиши кутилмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.