Ўзбекистон Сенати гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жазоларни кучайтирди

Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишни кучайтиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди. Янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва миллат генофондини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, эндиликда “ғайриқонуний нарколаборатория” ташкил этганлик ва унинг фаолиятини таъминлаганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қонунчиликка киритилмоқда.
Ёшларни ушбу иллатдан ҳимоя қилиш мақсадида таълим муассасалари, оромгоҳлар ва ётоқхоналарга туташ ҳудудларда содир этилган наркожиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилмоқда. Ўта оғир турдаги наркожиноятлар содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмайди.
Сенат аъзоларининг фикрича, ушбу қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга ҳамда “наркотиклардан холи муҳит” яратишга хизмат қилади. Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқулладилар.













