Кин Ҳеалтҳ беморлар учун сунъий интеллект ёрдамида қайдлар олувчи иловани яратди

АҚШда сунъий интеллект ёрдамида қайдлар олувчи қурилмалар бозори жадал ривожланмоқда. Менло Вентурес ҳисоботига кўра, ўтган йили ушбу соҳа 600 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган. Ҳеиди Ҳеалтҳ ва Фреэд каби стартаплар шифокорлар учун беморлар билан суҳбатларни ёзиб олувчи ва маъмурий юкламани камайтирувчи ёрдамчилар яратишда муваффақиятга эришди. Бироқ, бу воситалар асосан шифокорларга мўлжалланган бўлиб, беморларнинг ўзи учун қулай ечимлар кам эди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Кин Ҳеалтҳ стартапи айнан беморларга мўлжалланган янги иловани ишлаб чиқиш учун Маверон бошчилигидаги сармоявий раундда 9 миллион доллар маблағ жалб қилди. Ушбу илова шифокор қабулини ёзиб олади ва ташриф якунида сунъий интеллект ёрдамида тушунарли хулоса ҳамда кейинги қадамлар бўйича тавсияларни тақдим этади. Беморлар ушбу маълумотларни оила аъзолари билан бўлишишлари ёки навбатдаги қабул учун саволлар рўйхатини тузишлари мумкин.
Компания асосчилари Арпан Парих, Амит Парих ва Кйле Алвйн маълумотлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишган. Кин Ҳеалтҳ барча бемор маълумотларини шифрлашини ва хулосалар сукут бўйича махфий сақланишини таъкидлайди. Гарчи илова ҲИПАА сертификатига эга бўлмаса-да, у беморларга йўналтирилган хизмат сифатида хавфсизлик стандартларига қатъий амал қилади.
Технология мутахассислари ва шифокорлар тиббиётда сунъий интеллектдан фойдаланишда эҳтиёткорлик зарурлигини таъкидлашмоқда. Маълумотларнинг аниқлиги, акцентларни тушуниш ва хатоликлар эҳтимоли ҳамон долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Кин Ҳеалтҳ жамоаси эса турли акцентлар ва мураккаб шароитларда ҳам юқори аниқликни таъминлаш устида ишламоқда, бироқ мутахассислар барибир сунъий интеллект томонидан яратилган қайдларни шифокор назоратидан ўтказиш муҳимлигини эслатишмоқда.













