Россия ГигаЧат сунъий интеллекти учун Хитой процессорларидан фойдаланмоқчи

Россия ўзининг ГигаЧат флагман сунъий интеллект моделини ривожлантириш учун Хитойда ишлаб чиқарилган процессорлардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Sberbank бош директори Герман Греф Россия президентининг Хитойга ташрифи давомида маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
"Биз ГигаЧат учун Хитой микрочипларидан фойдаланишга умид қиламиз", — дея таъкидлади Герман Греф "Первий канал"га берган интервюсида. Бироқ банк раҳбари айнан қайси турдаги чиплар харид қилиниши ва жорий этилиши бўйича аниқ маълумотларни очиқламади.
Reuters агентлигининг ёзишича, Хитойнинг энг илғор ҳисобланган Huawei Ассенд 950 чипи ҳамон Американинг NVIDIA Ҳ200 технологиясидан ортда қолмоқда. Шунга қарамай, Ғарб санкциялари шароитида Россия технологик компаниялари учун Хитой бозоридаги муқобиллар ягона ечим бўлиб қолмоқда.
ГигаЧат — бу Сбер компанияси томонидан оммабоп хорижий чат-ботларга рақобатчи сифатида ишлаб чиқилган мультимодал нейротармоқдир. Ушбу сервис мулоқот қилиш, турли форматдаги матнларни яратиш, матнли тавсиф асосида тасвирлар генерация қилиш ва дастурий код ёзиш имкониятига эга.













