“Абадий” аккумуляторлар яқин: Япон олимлари батарея умрини 400 баравар узайтирди

Япониянинг Тохоку университети тадқиқотчилари қаттиқ жисмли магний аккумуляторларининг чидамлилиги ва барқарорлигини сезиларли даражада оширишга имкон берувчи инновацион технологияни ишлаб чиқдилар. Бундай батареялар хавфсизлиги ва хомашё нархининг арзонлиги туфайли ҳозирги литий-ионли аналогларга энг истиқболли муқобил ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Шу вақтгача магний батареяларини оммавий жорий этишга ички компонентлар туташган жойдаги исталмаган кимёвий реакциялар тўсқинлик қилиб келаётган эди. Бу жараёнлар қурилманинг ишлаш муддатини тезда қисқартирарди. Бироқ профессор Ҳао Ли бошчилигидаги мутахассислар ушбу реакцияларни бутунлай йўқ қилиш шарт эмаслигини, балки уларни тўғри назорат қилиш орқали ионлар ўтказувчанлигини тезлаштириш мумкинлигини аниқлашди.
Ғояни амалга ошириш учун олимлар магний ва қалай (Мг-Сн) қотишмасидан махсус анод яратдилар. Янги архитектура кимёвий реактивлик ва ўтказувчанлик ўртасида мукаммал мувозанатни таъминлади: магний ионлари силлиқроқ ҳаракатлана бошлади, қувватлаш ва қувватсизланиш жараёнида эса чўкиш бир текисда кечди.
Синовлар давомида оптималлаштирилган Мг-Сн қотишмаси 1300 соатдан ортиқ барқарор ишлашни кўрсатди. Энг муҳими, ушбу қотишманинг сиклик ресурси (тўлиқ қувватлаш ва қувватсизланиш) соф магнийга қараганда 400 баравар юқори бўлиб чиқди. Бу эса батареяларнинг хизмат қилиш муддати колоссал даражада ўсишидан далолат беради.
Япон физикларининг муваффақияти бутун энергия сақлаш саноати учун янги стратегияни таклиф этади. Қаттиқ жисмли аккумуляторлар ёнувчан суюқ электролит ўрнига қаттиқ материалдан фойдаланилгани сабабли ёнғин хавфини йўқотади ва энергия зичлигини оширади. Муаллифларнинг таъкидлашича, ушбу услуб келажакдаги бошқа турдаги аккумуляторларни лойиҳалашда ҳам муваффақиятли қўлланилиши мумкин.













