Дуров коди: Россияда VPN ва Telegram прокси-серверлари блокланиши кучайди

Россияда Telegram учун мўлжалланган МТProто-прокси хизматлари ишламаётгани ҳақида шикоятлар кескин кўпайди. Мамлакатнинг турли ҳудудларидаги фойдаланувчилар ва турли алоқа операторлари мижозлари ушбу муаммога дуч келишмоқда. Кўплаб прокси-серверлар ё узилишлар билан ишламоқда, ёки бутунлай уланишни тўхтатган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Параллел равишда фойдаланувчилар VPN-сервислар фаолиятидаги носозликлар бўйича ҳам оммавий мурожаат қилишни бошладилар. Соҳа мутахассисларининг тахминига кўра, регуляторлар Telegram чекловларни айланиб ўтиш ва трафикни ниқоблаш учун фойдаланадиган МТProто-прокси протоколларини блоклашнинг янги усулини топган бўлиши мумкин.
VPN-сервислар учун ҳам қўшимча қийинчиликлар юзага келди. Хостинг-провайдерлар айрим тармоқ механизмлари, жумладан, Chrome браузери фингерпинтлари ва ТКП-РАВ протоколининг айрим вариантлари блокланаётгани ҳақида хабар бермоқда. Ушбу технологиялар кўплаб VPN-ечимлар томонидан трафик филтрациясини четлаб ўтиш учун қўлланилади.
Шунга ўхшаш ҳолат аввалроқ ҳам кузатилган эди. Ўшанда МТProто-прокси хизматлари оммавий равишда ишдан чиққан, бироқ Telegram жамоаси чиқарган янгиланишдан сўнг муаммоларнинг бир қисмини бартараф этишга муваффақ бўлинган эди. Ҳозирча расмий идоралар ушбу чекловлар бўйича изоҳ бермади.













