
2025 йил 21 ноябр куни Жидда шаҳридаги Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити стадионида Саудия Про-лигасининг 2025–2026 йилги мавсуми 9-тур учрашуви бўлиб ўтди. Унда "Ал-Иттиҳод" жамоаси "Ал-Риёд"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Мезбонлар икки голни биринчи бўлимдаёқ уришди — Карим Бензема ва Муҳаммад Алқайбари ўз номларини таблога ёздиришди. Меҳмонлар эса фақат Силла Мамадунинг охирги дақиқаларда урган голи билан жавоб қайтара олишди.
Мезбон жамоа ўйинни биринчи дақиқалардан назорат остига олди. 24-дақиқада Карим Бензема Муса Диабининг узатмасини голга айлантириб, ҳисобни очди — 1:0.
18 дақиқа ўтиб, Муҳаммад Алқайбари рақиб жарима майдонидаги комбинациядан кейн имкониятни бой бермай, жамоасининг устунлигини икки баробар оширди — 2:0. "Ал-Риёд" биринчи бўлим охиригача мезбонлар дарвозасига хавфли вазиятлар ярата олмади.
Иккинчи бўлимда мураббийлар бир қатор ўзгаришлар қилишга ҳаракат қилишди. "Ал-Иттиҳод" натижани сақлашга эътибор қаратди, бироқ 73-дақиқада Муса Диаби қизил карточка олиб, жамоасини бир футболчига кам қолдирди.
Бу вазиятдан "Ал-Риёд" фойдаланди, 77-дақиқада Силла Мамаду Ал-Шериф Яқянинг узатмасидан кейин дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни қисқартирди — 2:1. Аммо қолган дақиқаларда "Ал-Иттиҳод" ҳимояси ва дарвозабони ўз вазифаларини ишончли бажаришди.
Бу ғалаба "Ал-Иттиҳод"ни Саудия Про-лигаси турнир жадвалининг юқори қисмида мустаҳкамлади. Карим Бензема етакчилигидаги жамоа мағлубиятсиз сериясини давом эттириб, ОФК Чемпионлар лигаси зонасига яқинлашди.
"Ал-Риёд" эса фаол ҳаракат қилишига қарамай, жадвалнинг қуйи қисмида қолишда давом этмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.