date

Ҳусанов Transfermarkt рейтингида "сакради": у 35 миллион еврога етди

Ҳусанов Transfermarkt рейтингида "сакради": у 35 миллион еврога етди

Трансфер бозори бўйича энг нуфузли манбалардан бири саналган Transfermarkt 2025 йил якуни бўйича постсовет ҳудудидан етишиб чиққан ва энг кўп қимматлашган футболчилар рейтингини эълон қилди. Рўйхатнинг энг тепасида эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов турибди.

Рейтингга кўра, 21 ёшли футболчининг трансфер баҳоси ўтган йил давомида рекорд даражада ўсди: Ҳусанов ўз қийматига 23 миллион евро “қўшиб”, умумий баҳосини 35 миллион еврога олиб чиқди. Шу натижа орқали у Марказий Осиёдаги энг қимматбаҳо футболчи сифатида ҳам алоҳида эътироф этилди.

Иккинчи поғонада Россия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Матвей Кисляк жой олди. ЦСКА сафида тўп сураётган футболчи бир йил ичида 18,8 миллион еврога қимматлашиб, ҳозир 20 миллион евро қийматга эга. Кучли учликни эса яна бир россиялик хавбек — “Локомотив” футболчиси Алексей Батраков якунлади: унинг баҳоси 17 миллион еврога ошиб, ҳозир 25 миллион евро этиб белгиланган.

Transfermarkt талқинидаги кучли ўнлик қуйидагича:

- Абдуқодир Ҳусанов (“Манчестер Сити”) — 35 млн евро (+23 млн евро)
- Матвей Кисляк (ЦСКА) — 20 млн евро (+18,8 млн евро)
- Алексей Батраков (“Локомотив”) — 25 млн евро (+17 млн евро)
- Егор Ярмолюк (“Брентфорд”) — 25 млн евро (+13 млн евро)
- Илья Забарний (ПСЖ) — 50 млн евро (+12 млн евро)
- Жорж Микаутадзе (“Вильярреал”) — 28 млн евро (+10 млн евро)
- Данил Глебов (ЦСКА) — 8 млн евро (+7,3 млн евро)
- Станислав Агкацев (“Краснодар”) — 10 млн евро (+6,5 млн евро)
- Арсений Батагов (“Трабзонспор”) — 9 млн евро (+6,2 млн евро)
- Олег Очеретько (“Шахтёр” Донецк) — 6 млн евро (+5,2 млн евро)

Ҳусановнинг нархи нега шунча тез “осмонлади”?

Бу кескин ўсиш, табиийки, Абдуқодирнинг катта саҳнага чиққани билан боғлиқ. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 20 январь куни “Манчестер Сити” ўзбек ҳимоячисини Франциянинг “Ланс” клубидан олиб келиш учун 40 миллион евро бадал пули тўлаган. Ўша пайтда Ҳусановнинг Transfermarkt’даги баҳоси 12 миллион евро эди. Орадан бир йил ўтмай, у 35 миллион еврога чиқди — бу эса нафақат шахсий ўсиш, балки Ўзбекистон футболи учун ҳам катта сигнал.

Қисқаси, Абдуқодир ҳозир нафақат майдонда, балки трансфер “картаси”да ҳам етакчи. Энди энг қизиғи олдинда: “Сити”даги барқарор ўйин, катта ўйинларда тажриба ва мунтазам амалиёт — Ҳусановнинг баҳосини янада юқорига олиб чиқиши мумкин. Мухлислар эса битта нарсани кутади: бу рақамлар ортида янада кучли ўйинлар ва янада катта ғалабалар.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ҳусанов Transfermarkt рейтингида "сакради": у 35 миллион еврога етди