
Англия Премьер-лигасининг 15-турида "Фулхэм" ўз майдонида "Кристал Пэлас"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Меҳмонлар ғалаба тўпини 87-дақиқада стандарт вазиятдан сўнг киритди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан "Фулхэм" тўпни назорат қилиб, рақиб жарима майдонига тез-тез кириб борди. Аммо мезбонларнинг хавфли ҳужумлари узоқ вақт давомида натижа бермади.
"Кристал Пэлас" эса эҳтиёткорлик билан қарши ҳужумларда имкония излаб, асосан стандарт вазиятларга таяниб ўйнади. 20-дақиқада меҳмонлар учун бу тактика иш берди.
Уортоннинг узатмасидан сўнг Нкетия ўнг оёғи билан аниқ зарба бериб, ҳисобни очди. "Фулхэм" устунликка эга бўлишига қарамай, ҳисобда ортда қолди.
Ўз дарвозасига гол ўтказиб юборган мезбонлар ҳужумларини янада кучайтириб, 38-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Хименес тўпни олиб юриб, Уилсонга узатма берди. Уилсон марказга бурилиб, чап оёғи билан дарвозани аниқ нишонга олди. Шундан сўнг ташаббус тўлиқ мезбонлар томонига ўтди.
Иккинчи бўлимда "Фулхэм" рақибни ўз дарвозаси олдида сиқиб қўйди. 53-дақиқада Смит Роу шеригининг узатмасидан кейин тўпни дарвозага йўллади, бироқ VAR тизими Чуквуэзенинг ҳужум бошидаги офсайд ҳолатини қайд этиб, голни бекор қилди.
Шунга қарамай, мезбонларнинг босими давом этди. Ҳужумлар кўпроқ Ивоби ва Тете орқали қанотлардан уюштирилди.
Шу билан бирга, дарвозабон Хендерсон "Кристал Пэлас"ни бир неча марта қутқариб қолди. Меҳмонлар эса камдан-кам қарши ҳужумлар уюштириб, кейинчалик таркибни алмаштириш орқали ўйинни жонлантирди.
Ўйин якунга етиб бораётган бир пайтда "Фулхэм" олдинга ташланиб, орқа чизиғида бўшлиқлар қолдирди. Буни "Кристал Пэлас" ўз фойдасига ҳал қилди.
87-дақиқада Ереми Пино чап қанотдан бурчак тўпини оширди. Бир нечта рикошетлардан сўнг тўп жарима майдонидаги Гехига етиб борди ва у бош билан дарвозани аниқ нишонга олди.
Қолган дақиқаларда "Фулхэм" ҳужумларни кучайтиришга уринди, аммо вақт етмади. Натижада "Кристал Пэлас" 2:1 ҳисоби билан ғалаба қозониб, "Крейвен Коттиж" стадионидан уч очко билан қайтди.
Фулҳэм — Кристал Пэлас 1:2
7 декабр, «Крэйвен Коттеж»
Голлар: Уилсон (38) — Нкетиа (20), Геҳи (87).
Фулҳэм — Лено, Тете, Андерсен, Бэсси, Кастан, Берг (Лукич, 76), Ивоби (Траоре, 89), Уилсон (Кэрни, 89), Смит-Роу (Кевин, 68), Чуквуэзе (Кинг, 76), Хименес.
Кристал Пэлас — Ҳендерсон, Ричардс, Лакруа, Геҳи, Клайн (Канвот, 77), Уортон, Камада, Митчелл, Нкетиа (Лерма, 66), Пино (Девенни, 90+1), Матета (Уче, 66).
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.