Ҳусанов иштирокидаги “Сити” “Ньюкасл”да ғалабани олиб кетди

Англия Лига кубоги ярим финалининг илк учрашувида “Ньюкасл Юнайтед” ўз майдонида “Манчестер Сити”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Меҳмонлар таркибида Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, ҳимояда ишончли ўйин кўрсатди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Биринчи бўлимда жамоалар эҳтиёткор ҳаракат қилди: зарбалар кам, дарвоза соҳасига аниқ йўлланган уринишлар деярли бўлмади. “Сити” тўп назоратини ушлаб турган бўлса-да, “Ньюкасл” жарима майдони атрофида кескинлик яратишга шошилмади. Мезбонлар эса стандарт вазиятлар ва Висса ҳамда Гордоннинг тезкор ҳужумлари орқали жавоб қайтаришга уриниб кўрди. Энг хавфли эпизодда Висса юқоридан зарба бериб, тўпни тўсин устидан ошириб юборди.
Танаффусдан кейин “Ньюкасл” босимни кучайтириб, кетма-кет икки вазият яратди: аввалигига дарвозабон Траффорд Виссанинг тўсинга яқин учган зарбасини қайтарди, орадан кўп ўтмай Гимарайнш яқин масофадан устунга тегкизди. Шунга қарамай, 53-дақиқада ҳисобни “Сити” очди: чап қанотдан Доку ёриб ўтди, узатмани Силва давом эттирди, ҳужумни эса узоқ устунда Семеньо якунлаб қўйди.
Кейинроқ Семеньо тўпни пошна билан дарвозага йўллаб, чиройли гол урди, бироқ VAR Ҳоландда офсайд қайд этгани сабабли эпизод бекор қилинди. Учрашув якунида Шерки якуний нуқтани қўйиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Льюис вақт чўзганлиги учун сариқ карточка олди, аммо “Сити” устунликни сақлаб, ғалабани қўлдан чиқармади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!