Африкадан меҳмон келибди! » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Африкадан меҳмон келибди!

Африкадан меҳмон келибди!

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати-2018 саралашининг ҳал қилувчи босқичига йўл олганидан буён мухлисларимиз бир нарсани кутишди - футбол оламида ўз номи ва ўрнига эга кучлироқ терма билан ўртоқлик учрашуви ўтказилишини. Тошкент ёки вилоятлардаги чиройли стадионларда бош жамоамиз ўйинини томоша қилишга илҳақ юртдошларимиз қанча...

Экваториал Гвинея термаси ҳақида батафсил маълумот берганимиздан сўнг ўйин ўтказилмай қолди. Рости, Африкадан танланган навбатдаги рақиб (буниси кучлироқ, албатта)ни тўлиб-тошиб таништиргимиз бор, лекин... Лекин «Ўйин яна қандайдир сабаб билан яна бекор қилинса-чи...» қабилида хавотиримиз йўқ эмасди. Масаланинг иккинчи томони шундаки, Буркина-Фасо терма жамоасининг ўртоқлик ўйини учун танлаган таркиби ҳақида бафуржа гапириш қийин. Умуман, жамоа етакчиларининг Франция (Стив Яго, Абдул Каборе), Туркия (Жакарижа Коне, Абду Траоре, Прежюс Накулма), Портагулия (Бакари Саре) ва Голландия (Бертранд Траоре) чемпио­натларида тўп суришларини, Европада эса катта футбол мавсуми аллақачон бошланганини инобатга олсак, юртимизга номдор футболчиларнинг келмасликлари ўз-ўзидан тушунарли...

БУРКИНА-ФАСО ТЕРМА ЖАМОАСИ

Ташкил топган йили: 1960

ФИФАга аъзо бўлган йили: 1964

Буркина-Фасо футбол федерацияси президенти: Сангаре Сита

Жамоа сардори: Шарль Каборе («Краснодар»)

Уй стадиони: «4 август номли» арена, Уагадугу шаҳри (сиғими: 35000)

ФИФА рейтингидаги ўрни: 73 (2016 йил июль ойи якуни бўйича)

Биринчи расмий ўйини: 1960 йил 14 апрель, Юқори Вольта (Буркина-Фасо)-Габон - 5:4

Энг йирик ғалабаси: 2015 йил 10 январь, Буркина-Фасо-Свазиленд - 5:1

Энг йирик мағлубияти: 1981 йил 30 август, Жазоир-Юқори Вольта (Буркина-Фасо) - 7:0

Экипировкаси: Puma (қизил, яшил)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчиси: Жонатан Питройпа (51та)

Энг кўп гол урган футболчиси: Мумуни Дагано (31та)

Бўлажак рақиб таркибини Экваториал Гвинея миллий термасиники билан солиштириб, уни ротация тажрибасини кенг қўллайдиган ва Европада тўп сурадиган легионерларга таянувчи жамоа сифатида таърифлашимиз мумкин. Оддий айтганда, Буркина-Фасо термаси - Африканинг типик жамоаси. Яхши билсангиз керак, миллий жамоамиз шу пайтгача Африка футбол конфедерацияси таркибидаги биттагина терма билан тўқнаш келган. Эслатма ўрнида айтамиз, 1995 йили Афро-Осиё кубоги доирасида ўтказилган ҳар икки ўйинда Нигерия термасига ютқазганмиз - Тошкентда 2:3 ва Лагосда 0:1 ҳисобида.

Буркина-Фасо терма жамоаси худди бутун мамлакат сингари мураккаб тарихий йўлни босиб ўтган. Жамоа ўтган асрнинг 70-йиллари иккинчи ярмида Африкада бир кўриниш бергач, 80-йилларда негадир яна «йўқолиб» қолади. 1997 йили терма жамоа бошқаруви машҳур француз мураббийи Филипп Трусьега топширилгач, вазият ижобий томонга ўзгара бошлайди. Яъни Буркина-Фасо миллий жамоаси ўсиш сари юз тутади. Трусье­дан сўнг ишлаган ҳозирги мураббий Пауло Дуартенинг илк даври (2008-2012 йиллар)да эса Буркина-фасоликлар қитъада яна ўз сўзларини айтишга чоғланишади. Мамлакатда иқтидорлар кўп бўлса-да, ички чемпионатнинг у қадар ривожланмаганлиги ва топ-лигаларда тўп сурувчи футболчиларнинг ўсишдан тўхтаб қолишгани панд бериб, Буркина-Фасо термаси анчагача айтарли натижага эришолмайди. Бу айниқса, мундиал йўлланмаси учун курашда яққол билинади.

Июль ойи якунига кўра, ФИФА рейтингида 73-поғонани банд этиб турган Буркина-Фасо терма жамоаси 2013 йилги Африка Миллатлар кубоги финалида ўйнади, бироқ бош сов­рин соҳиби бўлолмади. Жамоа шунингдек, АМК-98да 4-ўринни эгаллаган. Ваҳоланки, буркиналик футболчилар ўша турнирга қадар Африканинг терма жамоалар миқёсидаги бош мусобақасида ҳаттоки, ғалаба нималигини ҳам билишмаганди. Тўғри, илк муваффақиятда чемпионатнинг айнан Буркина-Фасода ўтказилгани катта ўрин тутади. Хуллас, Буркина-Фасо термаси ўз майдонидаги турнир ярим финалида бўлажак чемпион - Миср миллий жамоа­сига ютқазганди - 0:2.

Африка Миллатлар кубоги-2013га келсак, буркиналик футболчилар финалга чиқиш баробарида чиройли ўйинлари эвазига жамоатчилик эътиборини қозонишганди. Дейлик, Бакари Коне ва Жонатан Питройпа турнирнинг рамзий терма жамоасига киришганди. Умуман олганда, Буркина-Фасо термаси тарихда 28 марта ўтказилган ушбу мусобақанинг атиги 10тасида қатнашган, холос. АМКдаги умумий статистикаси ҳам анча салбий: 35та ўйин, 4та ғалаба, 10та дуранг, 21та мағлубият, тўплар нисбати: 30-59.

Буркина-Фасо миллий жамоаси 1978, 1990, 1998-2014 йилларда жаҳон чемпионати саралаш босқичларида иштирок этди.2018 йилги ЖЧ саралаши 2-раундида эса Бенин терма жамоасига тўқнаш келиб, икки ўйин натижаси (1:2, 2:0)га кўра, 3-босқичга йўл олди.

2015 йил 12 ноябрь. Бенин-Буркина-Фасо - 2:1. Голлар: Стефан Сессеньон (45Қ2-пен.), Бабатунде Бельо (84) - Прежюс Накулма (51).

2015 йил 17 ноябрь. Буркина-Фасо-Бенин - 2:0. Голлар: Жонатан Питройпа (17-пен.), Бертранд Траоре (70).

Буркина-Фасо миллий жамоаси энди ҳал қилувчи босқичда ЖАР, Кабо-Верде ва Сенегал термалари билан битта гуруҳда кураш олиб боради. Квартет ғолибига тўғридан-тўғри ЖЧ-2018 йўлланмаси берилишини ҳам айтиш жоиз. Жамоа 2016 йил ҳисобидан атиги 4та ўйин ўтказди. Африкалик меҳмонлар миллий жамоамизга қарши майдонга тушганларидан сўнг дарҳол ортга қайтишади ва 3 сентябрь куни АМК саралаш босқичидан ўрин олган учрашувда Ботсвана термасини синовдан ўтказишади.

Манба: fut.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru