Саудия Арабистони Исроил ва Фаластинни яраштириши мумкинми?
Ҳозирча бу гаплар шунчаки фараз, айни вақтдаги зулматли вазият ичида ақл бовар қилмас, асбурд ва мутлақо нореал туюлади, бироқ, келинг, уни бир тасаввур қилиб кўрайлик, деб ёзади француз журналисти, Le Monde нашрининг собиқ мухбири ва айни вақтда Европарламент депутати Бернар Гетта.
Тасаввур қилайлик, АҚШ, Европа Иттифоқи ёки унга аъзо бўлган бир нечта давлатлар билан Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси, MBS номи билан машҳур Муҳаммад ибн Салмон 2002 йилда ўз бобоси томонидан бошланган тинчлик ташаббусини қайта бошлайди.
Ўшанда қирол Абдуллоҳ Араб лигаси давлатларига 1967 йилги чегараларда мустақил Фаластин давлати яратилиши эвазига Исроилни тан олишни таклиф этган эди. Бу режани Исроил етакчилари эътиборсиз қолдиришди, чунки бу Ал-Қудс иккига бўлиниши ва қочқинлар ҳамда уларнинг авлодлари Фаластинга қайтарилишига олиб келарди. Гарчи бу ташаббусни Араб давлатлари лигаси ва фаластинликлар қўллаб-қувватлашган бўлса ҳам, у қоғозда қолиб кетганди. Лекин, келинг, бир дақиқага америкаликлар, европаликлар ва саудияликлар бу ташаббусни ортиқча шошма-шошарликсиз тирилтирди ва янги мулоқотлар учун жўнаш нуқтаси сифатида таклиф қилишди, деб тасаввур қилайлик.
Ҳозир Исроилнинг қайси бош вазири аср бошларида бўлгани каби бу таклифни эшитмадим-кўрмадим, дея олади. Ҳаттоки Нетаняҳунинг ҳам қўлидан келмайди. Тез орада унинг ўрнига келувчи сиёсатчи ҳам бундай қила олмайди. Чунки бир нечта янги араб давлатлари Исроилни тан олгач, нафақат Фаластин давлатини тузиш музокаралар мавзуси бўлади, шунингдек Шимон Переснинг азалий орзуси — Яқин Шарқда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланишига туртки берадиган умумий бозор ташкил қилиш ҳам амалга ошади.
Бу динамика катта ишонч билан ҳар қандай ҳарбий операциядан кўра ҲАМАСнинг сиёсий йўқ бўлишига, аҳамияти кичик бўлган террорчилик гуруҳлари эса маргиналлашувига олиб келади. Шундан сўнг тинчлик, ҳақиқий тинчликка эришилади. Албатта, ҳар томондан менга эътироз билдиришлари мумкин: орзулар нечоғлик беғубор бўлмасин, 7 октябрдаги хунрезлик ва Ғазонинг бомбаланиши ортидан агар жаҳон уруши келиб чиқмаса, камида юз йиллик уруш бўлиши тайин, деб. «Хабардор» инсонлар бундай уруш бўлиши тайин ва унинг олдини олиб бўлмайди, дейишади, чунки ҳозир Исроил билан тинчлик имзолашга тайёр фаластинлик ҳам, Фаластин давлати билан ёнма-ён яшашни истовчи исроиллик ҳам қолмади ҳисоб.
Бир қарашда ҳамма нарса уларнинг ҳақ эканидан далолат бераётгандек: ҳар икки томонда бир-бирига нисбатан ишончсизлик, хусумат ва интиқом ҳисси шу қадар юқори. Агар биз ҳукмронлик қилаётган бемулоҳазаликка кўзларимизни кўр қилишга қўйиб бермасак, умид учун кўплаб асосларни кўра оламиз.
ҲАМАС томонидан уюштирилган хунрезликдан уч ҳафта ўтиб, исроилликларнинг ярми Ғазодаги ер усти операциясини қўлламасликларини айтишмоқда. Гарчи улар «қора шанба» кадрларини кўрган, уларнинг ҳар бири у ёки бу яқинидан айрилган оилани шахсан танийдиган бўлса ҳам. Лекин уларнинг кўпчилиги соғлом фикр юритиб, Ғазодаги кўча жанглари анклав аҳолиси ўртасида ҳам, Исроил армиясида ҳам кўплаб қурбонларни келтириб чиқариши ва энг асосийси — ҳеч қандай натижага олиб келмаслигини тушуниб туришибди.
Ғазо секторида назоратни тиклаганидан сўнг Исроил қуролли кучлари нима қилади? 2005 йилда у ерни тарк этганига қарамасдан, бошқарув ричагларини ўзларига қайтаришадими? Ё бошқарувни ҳеч қандай пул эвазига ҳам қабул қилишни хоҳламаётган Мисрга топширишадими? Ёки Ғарбий соҳилда мустаҳкам ўрнашишга ҳам пул топа олмаётган Фаластин мухториятига беришадими?
Исроил учун Ғазога қайтиш боши берак кўчага кириш эди. Можарога Ғарбий соҳил қўшилиб кетмаслиги, араб давлатлари, сўнгра Эрон ҳам аралашиб кетмаслиги учун тинчлик жараёнини қайта тиклашдан ўзга йўл йўқ.
Биз ақл бовар қилмас нарсадек туюладиган, аслида ундай бўлмаган ҳолат ҳақида ўйлашимиз керак, чунки Исроил ўз ички зиддиятлари ва яқиндаги мағлубиятининг шафқатсизлигидан жуда кучсизланган ва у чинакам урушдан четланишни истамайди; Сурия ва Ливан заифлашган; Миср ижтимоий портлаш остонасида, Ироқ йиртиқ кўрпага айланган, Эрон эса урушга қўшилай деса чўнтагида бир мири ҳам қолмаган, қолаверса, Саудия Арабистони ва Исроилнинг яқинлашувига халақит қилиб, шундоқ ҳам ғалабага эришдик, деб ўтирибди.
Битта қалтис ҳаракат бу порох почкасини портлатиб юбориш учун етарли бўлади. Лекин Исроил шу кунларда енгилмас эмаслигини англаб бўлди, минтақада уруш васвасаси йўқ, фаластинликлар эса ёпирилма бомбалашлар остида зўравонлик янгидан янги азоб-уқубатларга олиб келишини тушуниб етишди.
Бош берк кўчага ҳамма-ҳамма қамалиб қолган. Бу пат вазияти барча учун умумий ва нақадир ғалати кўринмасин, ҳозир Муҳаммад ибн Салмон сиймосида тинчлик ўрнатилиши учун жуда кам учрайдиган имконият пайдо бўлган. Бу ёш шаҳзода Саудия Арабистонини Яқин Шарқдагилар ҳам, бутун жаҳон аҳли ҳам ҳисоблашадиган барқудрат давлатга айлантирмоқчи. У шунингдек, Эрон ҲАМАС орқали унга жўнатган ҳақоратни ҳам ювмоқчи. У тарихга ўз мамлакатининг нефтдан кейинги даврга ва XXI асрга олиб чиққан Ол Сауд сифатида кирмоқчи. Кечагина у бунинг учун воситалар қидириб юрган эди. Энди эса ҳамма қарталар унинг қўлида.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг