00:15 / 23.09.2018
5 286

Жавоҳир Зокиров ўзбек киносидаги йирик муаммолар ҳақида гапирди

Жавоҳир Зокиров ўзбек киносидаги йирик муаммолар ҳақида гапирди
Санъаткорлар оиласида тарбия топган, Зокировларнинг яна бир таниқли вакили Жавоҳир Зокиров ўзбек киноси ҳамда унинг атрофидаги муаммоларга муносабат билдирди.

46 ёшли актёрга кўра, ўзбек актёрига тўланадиган ҳақ кам, у гонорар, шу ўринда эшакнинг нархини ҳам таққослаб келтиради. «Ўзбек актёрининг ўртача нархи 160 000, эшакники эса 180 000 сўм», дейди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойланган лавҳада. Биз Зокиров билан суҳбат қилиб, бу борада унинг фикрини батафсил билишга ҳаракат қилдик.​

- Ижтимоий тармоқдаги саҳифангиз орқали ўзбек актёрларининг гонорарига муносабат билдирдингиз. Унда фильмни суратга олиш жараёнидаги ҳолатни мисол сифатида келтиргансиз. Жараён ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
- Фильм номи «Парвоз» бўлиб, режиссёри – Илҳом Ибрагимов. Суратга олиш жараёни тоғда бўлиб ўтди. Съёмкада иккита эпизод олинди.

- Маълумотларга кўра, сизга кинокартинадаги ролингиз учун 160 минг сўм тўланган. Шу ростми? Умуман олганда, актёрнинг меҳнати қанчага баҳоланади?
- Актёр меҳнати унинг иш стажи билан баҳоланиши керак. Масалан, менинг иш фаолиятим салкам 39 йилни ташкил этади. Шунга қараб гонорар белгиланиши тарафдориман. Қанча фильмларда суратга тушганлиги, уларнинг қайсилари муваффақиятли чиққанини ҳам ҳисобга олиш лозим. 35-40 йиллик тажрибага эга санъаткорни қандай баҳолаш керак? Кинокартинани суратга олаётганда декорация, ускуналарга анча маблағ сарфланади. Лекин оғриқли тарафи шундаки, асосий муваффақиятни таъминлаб берувчи актёрларга унчалик юқори ҳақ тўланмайди.

- Актёрларнинг гонорари нима сабабдан паст баҳоланяпти, деб ўйлайсиз?
- Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Нархни белгилаш тизими қайта кўриб чиқилиши керак. Биз ҳалигача ўша эски баҳолаш тизимидан воз кечолмаяпмиз.

- Гонорар миқдорини ким белгилайди?
- Фильм продюссери ижодкорларга қанча маош беришни ҳал қилади. Ҳозир ҳар бир актёрнинг ўз «нарх»и пайдо бўлган.

- Юқоридаги ҳолатлар яна давом этавериши қандай оқибатларга олиб келади?
- Албатта, салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Истеъдодли оператор, режиссёр ва актёрлар гонорарнинг камлигидан хорижга чиқиб кетишяпти. Шу сабаб ҳам ўзбек киноси ривожланмаяпти.

- Ўзбек киносидаги учта энг катта муаммо ва учта энг катта ютуқ қайсилар?
- Энг оғриқли иккита йирик ҳолатдан бошлайман. Биринчидан, бизда сценарийлар жуда саёз ёзилади. Иккинчидан, фильмга актёрларни саралаётганда қатъий талабларни қўйиш лозим. Кино синовни ташкил этишда аниқ меъёрий мезонларни ишлаб чиқиш керакдир, балки. Ютуқларга тўхталадиган бўлсак, нодавлат киностудиялар фаолияти йўлга қўйилганлигини айтиш мумкин. Улар актёрларга, нисбатан, юқори гонорар тўлашади. Яна бир қизиқ ҳолат: давлат бюджети ҳисобидан суратга олинадиган картиналарга жуда катта маблағ ажратилади, лекин унинг жуда оз қисмигина актёрларга берилади. Умид қиламизки, бу каби чигал вазиятларга аниқ ечим топилади.

- Ижодингизда қайси ролингиз сизни ўз устингизда ишлашга мажбур қилган?
- Репертуаримдаги барча ролларимга жиддий ёндашишга ҳаракат қилганман. Катта-ю кичик ролларнинг барчасига бирдай тер тўкиш керак. Бунда тарихий қаҳрамонни гавдалантириш анчайин юқори тажриба ва меҳнатни талаб этади, деб ўйлайман. Актёр жисмоний жиҳатдан алоҳида тайёргарлик (отда юриш, қиличбозлик ва бошқа) кўриши шарт.

- Кинода фақат ижобий қаҳрамонни гавдалантирадиган актёрларга муносабатингиз.
- Кимдир салбий, кимдир ижобий ролни ўйнайди. Аслида, бу ҳар бир ижодкорнинг эркин танлови. Ўзбек киносида бу актёр яхши, буниси ёмон қиёфани акс эттира олади, деган тушунча бор. Ижодкор ўзини турли образларда синаб кўриши муваффақиятни таъминлаб беради.

- Ижодий янгиликлар.
- Айни вақтда «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинаётган «Арафа» фильмига режиссёрлик қиляпман. Воқеалар айнан арафа куни содир бўлади. Кинокартина асосий қисми (85 фоизи) АҚШда суратга олинди. Тез кунларда ушбу ижод намунамиздан баҳраманд бўласиз.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жавоҳир Зокиров ўзбек киносидаги йирик муаммолар ҳақида гапирди