
БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) томонидан ўтказилган янги тадқиқотга кўра, 1995-2019 йиллар оралиғида Ўзбекистонда ташқи савдонинг ўсиши қашшоқлик даражасининг пасайиши билан бирга кечмаган.
«Ривожланаётган мамлакатларда савдо ва қашшоқлик ўртасидаги боғлиқликни қайта кўриб чиқиш» номли ишчи ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон учун савдо очиқлиги ва қашшоқлик ўртасидаги корреляция коэффициентлари ижобий бўлиб, бу ташқи савдонинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ошган сари, қашшоқлик чегарасидан пастда яшовчи аҳолининг улуши ҳам юқори бўлиб қолаётганини англатади.
Ҳисобот муаллифлари савдо қашшоқликни камайтиришда зарур, аммо етарли шарт эмаслигини таъкидлайдилар. Потенциал таъсир кўрсатиш кўпроқ институтларнинг сифати, таълим даражаси, урбанизация даражаси ва давлат бошқаруви самарадорлигига боғлиқ.
Умуман олганда, ривожланаётган мамлакатларда иқтисодиётни савдога қарам қилиш даражаси юқори бўлса, қашшоқлик пастроқ бўлиши кузатилган. Аммо Ўзбекистон каби айрим давлатларда бу таъсир ҳали кўзга ташланмаган, бунга структурал чекловлар ва савдодан келадиган фойданинг тенг тақсимланмаслиги сабаб бўлган.