12:12 / 21.10.2019
2 335

Нега тадбиркор ва фуқароларимиз пул керак бўлганда кўпроқ банкка ёки “кўча”га, бўш маблағ бўлганда эса “кўрпача” ёки яна банкка мурожаат қилишади?

Нега тадбиркор ва фуқароларимиз пул керак бўлганда кўпроқ банкка ёки “кўча”га, бўш маблағ бўлганда эса “кўрпача” ёки яна банкка мурожаат қилишади?
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш доирасида капитал бозорини ривожлантириш муаммолари ҳам ўрганилмоқда. Мақола шу ўрганиш натижалари бўйича тайёрланди.

Сарлавҳадаги икки ҳолат бир-биридан фарқ қилса-да, уларнинг илдизи ва сабаблари бир хил омилларга бориб тақалади. Яъни, ҳар икки ҳолатда ҳам тадбиркорлар ва фуқаролар ўзлари учун осон, қулай, фойдали ва хавфсизроқ йўлни танлашади.
Мамлакатимиз қарийб ўттиз йил мобайнида режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиёти томон босқичма-босқич ўтиш жараёнида, бозор иқтисодиётининг энг муҳим институтларидан бири бўлган капитал бозори ҳали ҳам шаклланиш босқичида.

Ўзбекистон бугунги кунда капитал бозорининг ривожланганлик даражасини белгиловчи халқаро рейтинглар (MSCI, FTSE Russell, Standard and Poor’s) бўйича энг пастки поғонада (pre-frontier market, frontier market, emerging market, developed market) турибди. Соҳа мутахассисларининг фикрича изчил ва самарали ислоҳотлар бўлганда дастлабки босқичдан ривожланган босқичгача ўртача 20-25 йил талаб этилади.

Ривожланган капитал бозори мавжуд давлатларда тадбиркорлар пул керак бўлганда банклардан ташқари фонд бозори орқали пул жалб қилиш, фуқаролар эса бўш пул маблағларини фақат банкка депозитга қўймасдан, қимматли қоғозларга йўналтирадилар. Бу тадбиркор ва фуқароларга қўшимча имконият бериши билан бир қаторда мамлакатда банк ва капитал бозори ўртасида соғлом рақобатни таъминлайди.

Сўнгги қирқ йилликда жаҳонда фонд биржалари сонининг элликтадан бир юз олтмиштагача кескин ўсиши, капитал бозорининг иқтисодиёт ривожида муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Бизда эса ҳалигача банклар молиявий ресурсларни тўплаш ва қайта тақсимлаш бўйича асосий институтлигича қолмоқда.

Натижада, компаниялар ва инвесторлар бизнесни молиялаштиришнинг алтернатив ва рақобатбардош манбаларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиб, асосий улуши давлатга тегишли бўлган монополлашган банк тизимига мурожаат қилишдан ўзга чораси йўқ. Банк кредитлари бизнесни молиялаштиришнинг асосий манбаи, банк депозитлари эса бўш пул маблағларини йўналтиришнинг асосий усули бўлиб қолган.
Ушбу ҳолнинг вужудга келишида сабаб бўлаётган омилларни шартли равишда иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий омилларга бўлиш мумкин. Иқтисодий омилларга қуйидагиларни мисол келтирамиз:

Концентрациялашган бозор, маҳсулот танқислиги. Бошқа ривожланаётган давлатлар сингари, Ўзбекистонда капитал бозорининг ўзига хос хусусиятларидан бири, унинг юқори концентрациялашганлиги бўлиб ҳисобланади: Яъни фонд бозорининг 85 фоиз капиталлашуви асосан давлат банклари ва саноат гигантлари вакили бўлган ўнта йирик компаниялар улушига тўғри келади. Республикадаги мавжуд акциядорлик жамиятларнинг ўттиз фоиздан камроғи фонд биржаларининг расмий листингига киритилган. Листингдаги акциядорлик жамиятларнинг атиги беш фоиз акциялари фонд бозорида иштирок этмоқда. Бозордаги маҳсулотларнинг бир гуруҳ иштирокчилар қўлида тўпланганлиги ва эркин савдодаги молиявий воситаларнинг тақчиллиги сарлавҳада кўрсатилган ҳолатларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Банк омонати акцияга қараганда фойдалироқ. Иқтисодий жиҳатдан олиб қараганда бугун банкка омонат қўйиш акциядан даромад олишга қараганда фойдалироқ. Чунки, бугун банклар омонат учун йиллик ўртача 18-20 фоиз фойда таклиф этишаяпди. Капитал бозори ривожланмаган шароитда акциялардан бундай стабил даромад олиш амри маҳол. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда берилаётган энг юқори дивидендлар ўртача 10-15 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари банкка қўйилган омонатлардан олинадиган фойда солиқдан озод этилган, аксинча акциялардан олинган дивидендлар бўйича резидентларга беш, норезидентларга эса ўн фоиз миқдорида солиқ белгиланган. Буларнинг барчаси банк омонатини акцияга нисбатан фойдали бўлишига сабаб бўлмоқда.

Банклар капитал бозорига нисбатан ривожланган инфратузилмага эга. Юртимизда банк тизими бир неча ўн йилликлар давомида фаолият юритиб келмоқда, капитал бозорининг вужудга келиши эса мустақиллик давлидан бошланади. Тегишинча, банклар нисбатан яхши инфратузилмага эга бўлиб, бу хизматлар даражаси, сифати ва ҳажмига таъсир кўрсатади. Қолаверса, халқаро меъёрларга амал қилиш борасида ҳам капитал бозоридаги иштирокчилар банклар билан рақобатлаша олмайди. Бунда айниқса корпоратив бошқарув тамойиларини жорий этиш, акциядорларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, дивидендлар тўлаш каби масалаларда банклар кўпчилиги хусусийлаштириш жараёнида ташкил этилган акциядорлик жамиятларини ортда қолдиради.

Қуйидагилар эса ҳуқуқий омилларга мисол бўлади:
Банк омонати акцияга қараганда ҳуқуқий жиҳатдан яхшироқ ҳимояланган. Банкларда қўйилган омонатларнинг кафолатлари бўйича тўлақонли ҳуқуқий механизм яратилган. Масалан, 2002 йилда “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги махсус қонун қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ташкил этилган. Акциялар ва уларнинг ҳуқуқий ҳимояси борасида бундай рақобатбардош ва рағбатлантирувчи қонунчилик базаси мавжуд эмас. Қолаверса, акциядорлаштириш ва унда йўл қўйилган айрим камчиликлар натижасида бугун фуқаролар акцияга ва ундан олинадиган даромаднинг реаллигига унча ишонишмайди. Аксинча, аҳолини банк омонатларига бўлган ҳуқуқларининг таъминланиши, бу борада кўплаб чоралар амалга оширилаётганлиги сабабли фуқароларнинг банкка нисбатан ишончи анча мустаҳкамланиб бормоқда.

Кредит олиш акция чиқариб пул олишдан кўра осонроқ. Компаниялар учун бугун капитал бозоридан пул жалб қилиш банкдан кредит олишга нисбатан анча мураккаб, кўпроқ вақт ва ресурс талаб этади. Бунга қонунчиликда акция чиқариш ва у орқали маблағ жалб этишга қўйилган юқори талаблар, соҳадаги қонун ҳужжатларининг кўплиги ва ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ бошқа муаммолар сабаб бўлмоқда. Масалан, бугунги кунда Ўзбекистонда фақат акциядорлик жамиятлари қимматли қоғозлар чиқариши ва фонд бозоридан молиявий ресурсларни жалб қилиши мумкин.

Бироқ, мамлакатдаги акциядорлик жамиятларининг сони, у ердаги мавжуд бўлган барча компанияларнинг бир фоизини ҳам ташкил этмайди, компанияларнинг аксарияти МЧЖ сифатида ишлайди. Бундай ҳолатда, МЧЖ ва бошқа компанияларни капитал бозорига жалб этадиган ва ўз фаолиятларини мазкур бозор орқали молиялаштириш имконини берадиган ислоҳотларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бошқача айтганда, компаниянинг ташкилий ҳуқуқий шакли ва капитали мезонлари асосида фонд бозорига рухсат бериш амалиётини бекор қилиш керак. Бунинг ўрнига, бозорга киришнинг асосий тамойили компаниянинг ишончлилиги, шаффофлиги ва самарадорлиги бўлиши мумкин. Дунёда бундай компанияларга фонд бозорида иштирок этишга имкон берадиган кўплаб ҳолатлар мавжуд.

Масалан, 2016 йил охирига келиб, дунёнинг қирқдан ортиқ фонд биржаларида етти мингдан ортиқ кичик ва ўрта компаниялар рўйхатга олинган. Ўзбекистонда МЧЖ ва бошқа "янги субъектлар" учун махсус савдо майдончаларининг ташкил етилиши фонд бозори кўлами ортишига яхши туртки бўлади. Бу нафақат йирик корхоналар, балки кичик ва ўрта бизнес учун ҳам фонд бозори инфратузилмасининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда молиявий ресурсларни жалб қилиш ва инвестициялашга имкон беради.

Хуфёна иқтисодиёт ва “кўча”дан қарз олишнинг етарли даражада ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги. Ўзбекистон каби ўтиш даври мамлакатларида молиявий хизматлар бозорида бевосита акс этадиган хуфёна иқтисодиётнинг улуши катта. Расмий статитикага кўра Ўзбекистонда ҳам хуфёна иқтисодиёт ЯММнинг эллик фоизидан юқори. Бу ҳолат иқтисодиётнинг бошқа соҳалари сингари молия бозорида ҳам яққол кўринади. Хусусан, банк кредитлари ва фонд бозори билан бир қаторда "кўчадан қарз олиш" деб номланган яна бир манба мавжуд. Бу жисмоний шахслардан, одатда фонд бозорига, ҳаттоки банк фоизларига нисбатан юқори ставкаларда, чет эл валютасида қарз олишдан иборат. Ташқи томондан, бу оддий қарз муносабатлари каби кўринади, аммо унинг кўлами ва моҳияти одатий истеъмол кредити таркибига кирмайди.

Aфсуски, бу борада расмий маълумотлар ёки статистик маълумотлар йўқ, аммо аксарият тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан норасмий, яширинча бухгалтерия ҳисобини юритиш тизимининг мавжудлиги молиявий хизматлар соҳасида бундай “квази-ҳуқуқий” кредитлар мавжудлигини тасдиқлайди. Капитал бозорини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар шундай “квази-ҳуқуқий” амалиётни қонунийлаштириш, уларни банк ва фонд бозори фаолиятига йўналтиришга қаратилган бўлса, бу ҳам давлат учун, ҳам бизнес учун фойдали бўлади. Яъни бундай фаолият қонунийлаштирилиши орқали давлат инвесторларнинг молия тизимига бўлган ишончи ва солиқ тушумлари ошишига эришиши мумкин. Молиялаштиришнинг хуфёна механизмларини легаллаштириш бизнесга ҳуқуқий кафолатлар, нисбатан арзон маблағга эга бўлиш имконини беради.

Ижтимоий омиллар сирасига аҳолининг хабардорлик даражаси, капитал бозорига бўлган ижтимоий ишончнинг пастлиги ва соҳада малакали мутахассисларнинг етишмаслиги кабилар киради. Жамиятнинг хабардорлиги ва ишончи кенг қамровли ва тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган муҳим масаладир. Ўзбекистонда фонд бозори институтлари қарийб ўттиз йил давомида мавжудлигига қарамай, аҳоли фонд бозори имкониятларидан фойдаланишни истамаяпти.

Бунга капитал бозори дастлаб ташкил этилган вақтдаги камчиликлар, кўпчилик аҳолининг маданий хусусиятларига мос бўлган исломий молиявий воситаларнинг йўқлиги, қонунчиликда жамоатчиликнинг хабардорлиги ва аҳолининг ишончини оширишга қаратилган етарли чора-тадбирлар амалга оширилмаётганлиги асосий сабаблардан бўлмоқда. Натижада акциялар оддий сармоядорлар учун жозибадорлигини йўқотмоқда ва сарлавҳада кўрсатилган ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Фикримизча, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлар ва фуқаролар учун молия бозорида қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Жорий йилнинг охирига қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилган Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш стратегиясида юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилиши мақсадга мувофиқ саналади.

1. Капитал бозоридаги таклифни, яъни молиявий воситалар ва эмитентлар сонини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар. Бу асосан самарали ишлаётган акционерлик жамиятларидаги давлат улушини капитал бозори орқали хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш; МЧЖ ва ўрта бизнес вакиллари учун махсус турдаги қимматли қоғозларни ва аҳолининг маданий хусусиятларини инобатга олган ҳолда исломий молия воситаларини жорий этиш, акцияларга банк кредити ва банк омонатига тенг ҳуқуқий мақом ва имтиёзлар бериш. Шунингдек, қонунчиликда қимматли қоғозлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган компаниялар доирасини кенгайтириш; фонд биржасида МЧЖ ва ўрта бизнес корхоналари қимматли қоғозлари билан савдо қилиш учун махсус платформани яратиш; қонунчиликда акциядорларнинг бошқарув ҳуқуқларини амалга оширишнинг алтернатив усуллари: масофадан туриб овоз бериш, электрон овоз бериш механизмларини жорий этиш; эмитентларнинг дивиденд тўлаш тизимини соддалаштириш; ва ишончли аудиторлик компаниялари, шу жумладан халқаро компаниялар фаолиятини ривожлантириш.

2. Капитал бозори орқали инвестицияларни кўпайтириш чоралари. Қимматли қоғозлар билан савдо қилиш учун брокер ва депозитарий билан онлайн шартнома тузиш ва ҳисобварағ очишнинг ҳуқуқий механизмини яратиш. Қолаверса, телефон орқали савдо қилиш имкониятларини кенгайтириш. Эмитент компанияларнинг ошкоралигини ва тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумот олиш тизимини такомиллаштириш; қимматли қоғозларга инвестиция қилинган хорижий маблағлар ва улардан келган фойдани олиш тартибини соддалаштириш; қимматли қоғозлар билан тузиладиган битимлардан олинадиган турли тўловларни камайтириш; маҳаллий ва хоиржий инвесторларни фонд бозори орқали сармоялашни рағбатлантиришга доир аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш; портфел инвестицияларга ҳам бошқа инвестицияларга бериладиган ҳуқуқий мақом ва имтиёзларни тадбиқ этиш.

3. Бозор воситачилари (брокерлар, дилерлар, инвестиция фондлари, маркет-мейкерлар, рейтинг агентликлари ва бошқалар) фаолиятини ривожлантириш. Фонд бозорида тадбиркорлик фаолиятига солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар бериш орқали бозор воситачиларининг фаолиятини рағбатлантириш; Ўзбекистон фонд бозорига халқаро воситачиларнинг киришини осонлаштириш; Ўзбекистон фонд биржаси иштирокчилари уюшмасини ташкил этиш ва уларнинг ўзини ўзи бошқариш ваколатларини кенгайтириш.

4. Aҳолининг хабардорлиги ва ахборот таъминотини яхшилаш. Фонд биржаси янгиликлари ва ахборотига ихтисослашган оммавий ахборот воситаларини (телевидение, радио, газета, веб-сайт ва бошқалар) яратиш; рейтинг агентликлари, шу жумладан халқаро агентликларнинг фаолиятини рағбатлантириш, ва улар томонидан кенг қамровли сармоядорларга эмитент компаниялар фаолияти тўғрисида ишончли таҳлиллар берилишининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; аҳолининг фонд бозорига сармоя киритиши тўғрисида хабардорлигини ошириш бўйича тизимли равишда махсус курслар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш; бизнес бошқаруви, лойиҳаларни бошқариш, инвестиция стратегиялари ва бошқа соҳаларга ихтисослашган хусусий ўқув юртлари, шу жумладан хорижий университетларнинг ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш.

Бу таклифларни амалга ошириш учун, албатта, энг аввало тегишли ҳуқуқий база шакллантирилиши ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи қонунчилик такомиллаштирилиши лозим.

Ўйлаймизки мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ислоҳотлар бизнесни молиялаштиришни яхшилаш ҳамда миллий, минтақавий ва глобал компаниялар ва инвесторларнинг инвестиция имкониятларини кенгайтириш учун янада қулай замин яратади. Бизнесни молиялаштиришдаги рақобат муҳитининг кучайиши капитал бозори институтлари томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар сифати ва турларининг кенгайиши, аҳолининг инвестицион фаоллигининг ошиши, ҳамда уларнинг бўш пул маблағлари капитал бозорига жалб этилиш даражасининг ортишига хизмат қилади.
Отабек Нарзиев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими,
Ҳуқуқ йўналиши доктори

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Нега тадбиркор ва фуқароларимиз пул керак бўлганда кўпроқ банкка ёки “кўча”га, бўш маблағ бўлганда эса “кўрпача” ёки яна банкка мурожаат қилишади?