Каталониянинг машҳур "Барселона" клуби ўз марказий ҳимоячиси Рональд Араухо келажаги борасида аниқ қарорга келди, деб ёзади transfernewslive.com. Журналист Санти Овальега тарқатган маълумотларга кўра, клуб раҳбарияти ушбу ёзда уругвайлик футболчини сотиш ниятида эмас ва уни жамоада сақлаб қолишни устувор вазифа деб билишмоқда.
Маълумотларга кўра, Араухо "Барса"нинг асосий таянч фигураларидан бири сифатида кўрилади ва клубнинг кейинги мавсумдаги муваффақияти учун муҳим аҳамиятга эга. 2031 йил ёзигача амал қиладиган шартнома ҳам футболчининг клубдаги келажаги мустаҳкам эканини тасдиқлайди.
Айни пайтда, Араухо "Барселона" сафида 175 та расмий учрашувда иштирок этган, 10 та гол ва 7 та голли узатма билан жамоа мухлисларини қувонтирган. ОАВда уни Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" клуби билан боғлашган эди, аммо бу трансфер амалга ошмайдиган бўлиб турибди.
Раҳбарият ёзги трансферлар жараёнида жамоа ҳимоя чизиғини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Араухо эса айнан шу мақсадда асосий таянч футболчи сифатида қаралаётгани, унинг жамоада қолиши энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди.
"Барселона" мухлислари эса ҳимоядаги барқарорлик ва Араухо каби тажрибали футболчининг жамоада қолишини катта ишонч ва қониқиш билан кутиб оляпти. Янги мавсумда бу қарор жамоага қандай натижа олиб келиши барчани қизиқтирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!