date

Netflix'нинг янги сериали томошабинларни ҳайратлантирмади

Netflix'нинг янги сериали томошабинларни ҳайратлантирмади
2025-йилнинг 5-декабр куни Netflix платформасида "Тарк этилганлар" (The Abandons) деб номланган тарихий вестерн жанридаги сериал премьераси бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа "Анархия ўғиллари" сериалининг муаллифи Курт Саттер томонидан яратилган.

Сериалда бош ролларни Лина Хиди ("Тахтлар ўйини"), Жиллиан Андерсон ("Махфий материаллар"), Ник Робинсон ва Диана Силверс ижро этган. Биринчи мавсумнинг барча қисмлари платформада тўлиқ мавжуд.

Воқеалар 1850-йилларнинг Орегон штатида содир бўлади. Қаттиқ ирода эгаси Фиона Ноланс (Лина Хиди) ўз атрофида жамиятдан четлатилганлар гуруҳини тўплаб, Ван Несс оиласи каби очкўз бойлардан ерларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Унинг асосий рақиби эса қудратли Констанс Ван Несс (Жиллиан Андерсон) бўлиб, унинг фитналари омон қолиш учун курашни қонли ва шафқатсиз жанга айлантиради. Бу ерда қонун кучсиз, адолатни эса фақат қурол белгилайди.

Курт Саттер сериал суратга олиш жараёни тугашига уч ҳафта қолганида лойиҳа устида ишлашни тарк этди. Бунга сабаб биринчи қисмнинг кутилмаганда тўлиқ метражли фильм даражасига чўзилиб кетиши ва Netflix билан келишмовчилик юзага келганидир.

Натижада сериални якунлаш режиссёр Отто Батхерстга топширилди. Томошабинлар Ник Робинсон ижро этган қаҳрамоннинг фамилияси "Теллер" эканлигини дарҳол пайқаб қолишди.

Бу исм "Анархия ўғиллари" сериалидаги бош қаҳрамон Жекс Теллерга тегишли. Расмий равишда икки сериал орасида боғлиқлик тасдиқланмаган бўлса-да, мухлислар буни муаллифнинг яширин ишораси деб ҳисоблашмоқда.

Сериал Курт Саттернинг ўзига хос услубини давом эттиради: жамиятдан четлатилганларнинг тизимга қарши кураши, ахлоқий муаммолар ва оилавий зиддиятлар. Бироқ бу сафар Калифорния ва мотоцикличилар ўрнига фронтир, чанг-тўзон ва 1850-йиллар воқеалари тасвирланган.

IMDb маълумотларига кўра, сериал 6,3 балл (400 га яқин баҳо) тўплаган. Лойиҳа актёрлар таркиби ва визуал услуби туфайли фаол муҳокамаларга сабаб бўлса-да, унинг қоронғу оҳанги ва ишлаб чиқариш жараёнидаги қийинчиликлар томошабинларни иккига бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Netflix'нинг янги сериали томошабинларни ҳайратлантирмади