5 303
Чо Чоль Чён: “Мақсадим – ҳар йили Ўзбекистон Президенти фаолиятига бағишланган асар ёзиш”
Аввал хабар берганимиздек, Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб 50 минг нусхада чоп этилганди. “Халқ сўзи” газетаси сайтида мазкур китоб муаллифи Чо Чоль Чённинг мақоласи чоп этилди.
“Бу галги давлат ташрифи таассуротларга бой бўлди. Ташриф якунида Жанубий Корея Миллий музейида икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин қучоқлашиб, бир-бирига “brother” (ака) деб мурожаат қилишди. Бундай қадрдонликни кузатган корейс халқи Ўзбекистон ва Жанубий Корея “оға-ини” давлатлар эканига амин бўлди.
Оға-иниларнинг ҳар иккиси ҳам фаровон ҳаёт кечириши керак. Кореяда қадимдан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бир ривоят бор. Унда ака-ука биргаликда экин экиб, меҳнат қилиб, ҳосил йиғиш мавсуми келганда укаси “акажон, сиз ҳосилдан кўпроқ олинг” деса, акаси “йўқ, ука, сен кўпроқ олишинг керак”, деб ғамхўрлик кўрсатгани ҳақида ҳикоя қилинади. Худди шу каби оға-инидай бўлиб қолган икки мамлакат ҳам бир-бирига ғамхўр бўлиб, тотувликда яхши яшаши керак, дегувчилар кўпчиликни ташкил этмоқда. Мен ҳам худди шу фикрдаман. Жанубий Корея иқтисодиёти ҳозирги куч-қудратга тўлган пайтда ҳукуматимизнинг ҳам, хусусий компанияларнинг ҳам Ўзбекистонга янада кўпроқ рағбат кўрсатишига тилакдошман.
Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари ҳақидаги асар муаллифи эканимдан жуда фахрланаман. Жаноб Президент ва у кишининг рафиқаси ҳақида бутун корейс халқи ижобий фикрда экани боис каминага ҳам ҳар томондан мақтовлар ёғилмоқда. АҚШда яшайдиган бир дўстим китобни кўриб, Америкадаги ватандошларимиз ҳам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларини самимий сўзлар билан тилга олишини айтди. Ўзбекистон раҳбарининг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи ҳамда Жанубий Кореяга давлат ташрифидан сўнг у кишига бўлган ҳурмат ва эътибор янада ошди, дейди танишим.
Бу каби ижобий фикрларни Хитойнинг Шанхай шаҳрида таълим олаётган ўғлимдан ҳам кўп эшитдим. Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари сабаб нафақат ўзбекистонлик талабалар, балки бутун Марказий Осиёдан келиб ўқиётган ёшлар билан ҳам яқин дўст бўлиб қолдик, дейди у. Германиялик профессор ҳубе (корейс тилида ўзидан кичикка шундай мурожаат қилинади) дўстим дунё сиёсат майдонига кириб келган буюк етакчи ҳақида китоб ёзган сонбе (корейс тилида ўзидан каттага шундай мурожаат қилинади) дўстим билан фахрланиб кетяпман, деганида асар муаллифи сифатида қувончим ичимга сиғмади.
Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларим
Китобимнинг кириш қисмида шундай сўзлар бор: “Ислом Каримов мачити ёнидаги автобус бекатидан ҳаракатланадиган 93-автобус Тошкент темир йўл вокзалигача қатнайди. 22-автобус эса Жанубий кореяликларнинг Ўзбекистондаги уюшмаси олдидан айланиб Тошкент темир йўл вокзалига боради. 93-автобус катта автомобиль йўлидан ҳаракатланса, 22-автобусни биздаги маил автобуси (Кореянинг аҳоли зич жойлашган ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланадиган кичик ҳажмли автобуслар) деб тушунса бўлади.
Тошкентда яшаган кезларим тез-тез шаҳар автобусларида қатнадим. Биринчидан, ўзим яшаётган заминнинг одами бўлишни хоҳлардим. Иккинчидан, маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш мен учун жуда қизиқарли эди. Ва ниҳоят, учинчи сабаб – автобусда менга жой бўшатиб беришганда ғоят мамнун бўлиб кетардим.
40 ёшимда сочим оқарган. Шунинг «шарофати» биланми, ҳақиқий ёшимдан ўн-ўн икки ёшга улуғроқ кўринаман. Жой бўшатиб беришганда эътирозсиз қабул қилганим менинг томонимдан бироз андишасизлик, албатта. Аммо завқи бошқача эди-да. Қачонлардир йўқотиб қўйган бир бўлагим шу ерда эди. Буни билган одамгина тушунади. Ёшлик йилларида сайрда тушган суратингизга анча вақт ўтгандан кейин қараганингизда туядиган, қалбингизнинг ич-ичигача етиб борадиган шодлик.
Катталарга ҳурмат бу халқнинг қон-қонига сингиб кетган. Болажонлиги ҳам шундай. Чақалоғини қўлига кўтариб автобусга чиққан аёлга ёши саксонга бориб қолган чол ҳам жой беради. Қўлингизда харид халталари бўлса, ўтирган одамларнинг бири қўлингиздан олади. Ҳатто ўқувчи қизалоқларнинг кичкина китоб сумкалари ҳам эътибордан четда қолмайди.
Автобус ойнасидан эрта куз қуёши кўзни қамаштирмоқда. Қуёш нурлари остида зангорланиб сердарахт кўчалар кўринади. Дарахтлар атрофида кўчани супуриб-сидираётган одамлар. Шу пайт бир ватандошимизнинг Ўзбекистонга саёҳати ҳақида ўз интернет саҳифасида қолдирган саёз бир гапи эсимга тушиб, кайфиятим бузилади: «У ерда энг кўп учратган икки гуруҳ одамларимдан бири кўчаларни саришталаётган одамлар бўлса, иккинчиси милиция ходимлари эди».
Озодалик ва тозалик бу инсонларнинг ҳаёт тарзига айланган. Бўш вақти бўлди дегунча уйининг атрофини, кўчани супуради, озода қилади. Кўзга тушадиган бирор-бир ғубор йўқ».
Китобни ёзишда яқиндан ёрдам кўрсатган Ўзбекистон аҳли
“Мен кореялик ёзувчиман, Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари ноябрь ойида ватанимизга давлат ташрифи билан бориши режалаштирилган, бу инсон ҳақида китоб ёзмоқчиман”, деганимда жуда кўп инсонар менга яқиндан ёрдам берди. Улар билан қилган суҳбатларимнинг аксарияти китобга кирган. Улар Президент жанобларининг мамлакатни ислоҳ қилиш сиёсатини самимий баҳолаб, Ўзбекистон тез орада жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторига киришига ишонадиган, ифтихор билан тўлиб-тошаётган инсонлар эди.
Яна бир миннатдорлигимни билдирмоқчи бўлган инсон “Uz Kor Economy» газетасининг Тошкентдаги ходими Нодира Азизовадир. Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда корейс филологиясини ўрганиб, мазкур олий ўқув юртининг иқтисодиёт йўналишида таҳсил олган Нодира ТОПИК (Корейс тили даражасини аниқловчи халқаро имтиҳон) имтиҳонида энг юқори 6-даражага эга мутахассисдир. У интервью олишга, кўплаб материалларни ўзбек ва рус тилларидан таржима қилишга катта ёрдам берди.
Келгуси режаларим
Олдимга қўйган иккита катта мақсадим бор. Шундан бири ҳар йили Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятига бағишланган асар нашр этиб бориш. Бу инсоннинг серқирра фаолиятини қанча таҳлил қилсанг кам. Китобимнинг Қирғизистон билан чегара муаммосининг ҳал этилишига бағишланган қисмида 2017 йил жаҳондаги тинчликка ҳисса қўшгани учун Нобель мукофотининг ҳақиқий совриндорлари сифатида Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларини тушунишимни алоҳида таъкидлаб ўтганман. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон билан чегара муаммосини ҳал этиш баробарида Тошкент ва Душанбе шаҳарларини боғлайдиган ҳаво йўлини қайта йўлга қўйган, Туркманистон билан ҳамкорликни янги босқичга кўтарган инсондир.
Менинг фикримча, айнан шундай инсон халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофи ва жаҳондаги тинчликка қўшган ҳиссаси учун Нобель мукофоти совриндори бўлишга муносиб. Шу боис, Президент жанобларининг фаолиятига бағишланган таҳлилий асарларни ҳар йили нашр этиб, эришилаётган ютуқларни халқаро ҳамжамиятга кенг ёйишдек улкан мақсадим бор. Айниқса, давлат ташрифидан сўнг Европа давлатлари, АҚШ ва Хитойдан бу инсон ҳақида ижобий фикрларни эшитишга муваффақ бўлиб, мақсадим янада қатъийлашди.
Яна бир мақсадим – икки мамлакат маданий алмашинувига ҳисса қўшишдир. Мен ҳам ёзувчи, ҳам журналист, ҳам ноширман. 2005-2016 йилларда кўплаб халқаро китоб кўргазмаларида мухбир сифатида иштирок этиб, Корея ярим ороли иккига бўлиниб кетгандан буён биринчи марта 2005 йили Пхеньянда бўлиб ўтган Жанубий ва Шимолий Корея ёзувчилари кўрик-танловида мухбирлик қилиш билан бирга, Осиё ва Африка ёзувчиларининг кенг миқёсдаги тадбирларида ҳам қатнашдим. Шунингдек, сўнгги 4 йил давомида дунёдаги китоб ва нашрларга бағишланган биринчи 24 соатлик кабель телевидениеси раҳбари сифатида ишладим. Бу фаолиятим орқали Жанубий Корея ва жаҳоннинг бир неча мамлакати ўртасида нашриёт соҳасида тажриба алмашинувига яқиндан ёрдам кўрсатиб, янги-янги нашриёт маҳсулотларини ёритиб, Жанубий Кореядаги китобхонлик маданиятини жонлантиришга ўз ҳиссамни қўшдим. Бунинг натижаси ўлароқ, 2014 йилда нашриёт соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматларим учун Корея Республикаси Бош вазири томонидан мукофот билан тақдирландим.
Китобда айтиб ўтганимдек, Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришганидан бир ой ўтиб, 2017 йил 12 январь куни “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Шунингдек, Президент жаноблари мамлакат вилоятларига ҳар ташрифи давомида кутубхона қурилиши режалаштирилган жойларга ҳам шахсан боради, “китобни яхши кўрган халқ Ватанни ҳам қадрлайди”, деб таъкидлайди. Шулар қаторида ўзбек халқининг машҳур шоири Абдулла Орипов ёдгорлик мажмуасини барпо этиш тўғрисида берган кўрсатмаларидан ҳам бу инсоннинг маънавий дунёси нақадар бойлигига амин бўлдим. Нафақат иқтисодий, балки маданий-маърифий жиҳатдан ҳам қудратли давлат барпо этиш йўлида кўплаб ишларни амалга ошираётган Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига бўлган ҳурматим китобни қадрлайдиган давлат раҳбари сифатидаги жиҳатларида янада ортиб бормоқда.
Чо Чоль ЧЁН, Жанубий Кореяда корейс тилида нашр этилган
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев» номли китоб муаллифи,
«Uz Kor media group» компанияси муҳаррири.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев» номли китоб муаллифи,
«Uz Kor media group» компанияси муҳаррири.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Олимпиада ғолибларини тайёрлаган тошкентлик ўқитувчи 1 миллиард сўм мукофот пули олди
Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?