Ўзбекистонда совуқ ҳаво қанчагача давом этиши маълум қилинди

Ўзбекистонда ҳафтанинг ўрталаридан бошлаб совуқ ҳаво оқими аста-секин ортга чекинади. Бу ҳақда “Ўзгидромет” тақдим этган прогнозда маълум қилинган.
11 март, чоршанба куни ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик кузатилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 1-3 даража совуққача, айрим жойларда эса 0-5 даража совуққача тушади. Кундуз куни эса 0-5 даража илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда. Республика шимолида ҳарорат кечаси 7-10 даража совуқ, кундузи эса 0-5 даража илиқ бўлади. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучаяди, Фарғона водийси вилоятларида эса баъзан 22-25 метр/секундгача етиши мумкин.
10—11 март кунлари республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли бор. Тоғли жойларда эса қор кўчиши хавфи сақланиб турибди.
12 март, пайшанба куни кечаси совуқ ҳали сақланиб туради. Бироқ кундуздан бошлаб совуқ ҳаво массаси республика ҳудудидан чекина бошлайди. Ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, иш ҳафтасининг сўнгги кунларига бориб кундузи 10-15 даража илиққача етади. Шу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб айрим жойларда туман тушиши ҳам мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!