Қашқадарёда Nexia ва юк машинаси иштирокида йирик ЙТҲ юз берди

Қашқадарёда Nexia ва юк машинаси иштирокида йирик ЙТҲ юз берди

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида икки Nexia ва “КамАЗ” юк автомобили иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати маълумотига кўра, воқеа 24 май куни соат 14:20 атрофида Қарши–Еттитом йўналишидаги D-150 автомобиль йўлида юз берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда икки Nexia автомобили жиддий шикастлангани, “КамАЗ” юк машинаси эса ағдарилиб кетганини кўриш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, мазкур ЙТҲ оқибатида Nexia-2 автомашинасининг бир йўловчиси тан жароҳати олиб, шифохонага жойлаштирилган. Қолган ҳайдовчи ва йўловчиларга жиддий зарар етмагани айтилди.

Дастлабки суриштирув ишлари давомида Nexia автомашинаси ҳайдовчиси транспорт воситаларини нотўғри қувиб ўтиши натижасида ушбу ҳодиса содир бўлгани аниқланган. Ҳозирда ҳолат Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан қонуний тартибда расмийлаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари сони 17,7 фоизга камайган. Бироқ содир бўлган ЙТҲларнинг 31,4 фоизи инсон ўлими билан якунланган. Асосий сабаблар орасида тезликни ошириш 32,9 фоиз билан етакчилик қилмоқда. Шунингдек, светофор талабларига амал қилмаслик, пиёдаларга йўл бермаслик ва ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ҳам асосий омиллар сифатида қайд этилган.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.