Қурбон Ҳайити арафасида 15 ёшли қизга бепул операция қилинди

Қурбон Ҳайити муносабати билан Ўзбекистонда инсонпарварлик ва хайрия тадбирлари кенг миқёсда давом этмоқда. Президентнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Сурхондарё вилоятида ҳам бир қатор эзгу ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Вилоят онкология диспансерида даволанаётган 15 ёшли Муниса Шодиқулова ана шундай ёрдамга муҳтож беморлардан бири бўлди. Унга остеосаркома — суяк саратони ташхиси қўйилган бўлиб, бир неча ойдан буён шифокорлар назоратида даволаниб келмоқда.
Моддий имкониятлар етарли бўлмагани сабабли зарур жарроҳлик амалиёти бир муддат ортга сурилган эди. Бироқ Қурбон Ҳайити арафасида унга бепул операция ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди ва амалиёт муваффақиятли амалга оширилди.













