The New York Times нашри Ҳусанов ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди...

The New York Times нашри Ҳусанов ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди...

АҚШнинг жаҳон миқёсида машҳур саналган The New York Times нашри Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.

— Абдуқодир оддий “янги юлдуз” эмас, балки аллақачон миллий рамзга айланиб улгурган шахс. Ҳусанов бугун Ўзбекистон учун кенг танилган фигура бўлиб, мамлакатнинг жаҳон чемпионатига оид умидлари кўп жиҳатдан айнан у билан боғлиқ. Бошқа терма жамоалар йирик мусобақалар олдидан юлдуз ҳужумчилар ёки ижодкор плеймейкерларга таянаётган бир пайтда, Ўзбекистон ўз орзуларини марказий ҳимоячи билан боғламоқда. Бу эса мутлақо муболаға эмас.

Ўзбек футболи учун Ҳусанов энди шунчаки ҳимоячи эмас. У мамлакатнинг асосий ўйинчиси, унинг юзи ва эҳтимол, замонавий даврнинг энг йирик футбол умидидир.

Гап шундаки, Ҳусанов анъанавий марказий ҳимоячи образидан анча четга чиққан. Уни фақат тезлиги, жисмоний қудрати ва ўйин эпизодларини мукаммал ўқиши учун эмас, балки ҳужумларни бошлаб бериш маҳорати туфайли ҳам қадрлашади — аниқ ва узоқ паслари билан у дарҳол рақиб чизиқларини ёриб ўтади.

Габон терма жамоаси бош мураббийи Анисе Яла очиқ тан олганки, Ҳусанов жуда юқори даражадаги футболчи: ёш, кучли, иқтидорли ва аллақачон дунёнинг энг йирик клубларидан бири — “Манчестер Сити” сафида ўйнамоқда.

Криштиану Роналдуни бошқа ҳар қандай футболчидан кўра кўпроқ қадрлайдиган мамлакатда айнан Ҳусанов португалиялик суперюлдузнинг ўзбекча версияси сифатида кўрилмоқда. Бу ерда гап ўйин услуби ҳақида эмас, балки таъсир доираси ҳақида кетмоқда. Аслида, Абдуқодир Ҳусанов аллақачон — ёки жуда яқин — мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳақиқий глобал даражада танилган футболчига айланган. 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин мамлакатда кучли ва ҳурматли ўйинчилар бўлган. Масалан, Одил Ахмедов терма жамоада 100 дан ортиқ ўйин ўтказган ва “Анжи”да Самуэл Это’О ҳамда Роберто Карлос билан бирга майдонга чиққан. Элдор Шомуродов эса терма жамоанинг энг яхши тўпурарига айланиб, А Сериягача етиб борган. Бироқ уларнинг ҳеч бири Ҳусанов каби шиддатли йўлни босиб ўтмаган.

Атиги уч йил ичида у яқингача Ўзбекистон футболчиси учун деярли имконсиздек туюлган нарсани амалга оширди. Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубидан Франциянинг “Ланс” жамоасига, у ердан эса дунёнинг энг йирик клубларидан бири — “Манчестер Сити”га йўл олди. Бундан ташқари, Ҳусанов Англияда фақат номигагина эмас — у Премьер-лига ва Чемпионлар лигаси ўйинларида мунтазам майдонга тушмоқда, ҳатто Англия Лига кубогини ҳам қўлга киритган. Ва бу барчаси — 22 ёшида.

Ўзбекистон учун бу оддий трансфер муваффақияти эмас. Бу миллий даражадаги катта “портлаш”дир. Тошкентда уни деярли барча танийди — нафақат мухлислар, балки футболдан узоқ одамлар ҳам. Бу ажабланарли эмас: Ҳусанов бугун ҳақиқий машҳур шахс. Унинг сурати турли товарлар рекламасидаги билбордларда, шунингдек Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги илк иштирокини эслатувчи реклама лавҳаларида ҳам жойлаштирилган.

Ҳусановнинг оммавий таъсири спорт чегарасидан анча ташқарига чиққан. Ўтган йили унинг тўйи миллий миқёсда катта воқеа бўлган бўлса, ўтган ойда биринчи фарзанди дунёга келиши маҳаллий ОАВда кенг табриклар тўлқинини келтириб чиқарди. Бу ҳолат Ҳусановнинг жамият онгига қанчалик чуқур кириб борганини кўрсатади. У шунчаки муваффақиятли спортчи эмас — у Ўзбекистоннинг янги футбол даври рамзи.

Унинг образи нега ватанида шунчалик ёрқин эканининг сабабларидан бири — бу йўл ҳали ҳам ўзбек футболчилари учун ноёб ҳисобланади. Айниқса бундай ёшда. Ҳусанов 18 ёшида Тошкентнинг “Бунёдкор” клубидан Беларусга йўл олган.

Ўзбекистон терма жамоасининг кўпчилик ўйинчилари ҳали ҳам маҳаллий Суперлига ёки қўшни чемпионатларда, айримлари Эрон, Ироқ, БААда ўйнамоқда. Шу жиҳатдан Ҳусанов тарихи деярли инқилобий.

Бироқ энг муҳими — барча медиа шов-шув ортида ҳақиқий футбол сифати ётибди. Ҳусанов трибунадан кузатган Габонга қарши ўйинда Ўзбекистон 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, ҳимояда унчалик ишончли кўринмади ва бир неча хавфли вазиятларга йўл қўйди. Журналистлар деярли якдил равишда бу ҳолатни Ҳусанов йўқлиги билан боғлашди. Яъни у бўлганда манзара бошқача бўлар эди. Ва уч кундан сўнг Венесуэлага қарши ўйин бу фикрни амалда исботлади. Ҳусанов одатий уч марказий ҳимоячи схемасига қайтди — ва ҳаммаси ўз жойига тушди.

Ўйин 0:0 билан якунланди, аммо кечанинг асосий қаҳрамони айнан Ҳусанов бўлди. 29 минг томошабин олдида у ҳимояда устунлик қилди. У Венесуэла ва “Лос-Анжелес” ҳужумчиси Давид Мартинесни осонликча тўпдан ажратиб, трибунани ҳайратга солди. Кейин эса 50 метр атрофидаги аниқ пас билан Остон Ўруновни ишга солди ва стадионни гувиллатди. Қўшимча вақтда у Карлос Соса зарбасини тўсиб, жамоани аниқ голдан қутқарди — ва яна олқишларга сазовор бўлди.

Венесуэлаликлар қайта-қайта орқа чизиққа узатмалар ташлаб, тезликка таянишди, аммо деярли ҳар сафар бир хил натижа: Ҳусанов биринчи бўлиб етиб келди, тўпни олди, рақибни тўхтатди. Кўп ҳолларда ҳужумчи майдонда қолиб кетар, трибуналар эса навбатдаги эпизодни қўшиқдек қарши оларди.

Айрим вазиятларда Ҳусанов марказий ҳимоячидан кутилмайдиган ҳаракат қилди: у хотиржамлик билан рақиб устидан пас бериб, дарҳол ҳужумни бошлади. Бу унинг нооддий футболчи эканини яна бир бор кўрсатади. У шунчаки яхши ҳимоячи эмас — у жамоа темпи, ритми ва ишончини белгилай оладиган даражадаги ўйинчи. Бошқа терма жамоаларда ҳимоя пойдевор бўлса, Ўзбекистонда Ҳусанов — пойдевор ҳам, рамз ҳам, юз ҳам.

Ўйиндан сўнг Ўзбекистон пенальтилар сериясида Венесуэлани мағлуб этиб, FIFA Series совринини қўлга киритди. Ҳусанов учун бу “Манчестер Сити” билан Лига кубогидан кейин бир ҳафта ичидаги иккинчи трофей бўлди. У Габонга қарши ўйинни ўтказиб юборганига қарамай, турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу унинг ҳозирги мақомини тўлиқ акс эттиради. Ўзбекистонда унинг кучини аллақачон билишарди. Энди эса “Манчестер Сити” мухлислари ҳам унинг даражасини англай бошлади.

Олдинда эса энг катта синов турибди.

Бу ёзда Абдуқодир Ҳусанов бутун бир мамлакат умидларини елкасида кўтариб, жаҳон чемпионатида майдонга тушади. Ўзбекистон учун бу тарихий илк иштирок бўлади ва барча диққат айнан унга қаратилган. Охирги ўйинлар, унинг ишончи, етуклиги ва таъсирига қараганда, Ҳусанов бунга тайёр. Ва эҳтимол, жаҳон чемпионати шундай турнир бўладики, унда дунё Ўзбекистонда аллақачон маълум ҳақиқатни англаб етади: Абдуқодир Ҳусанов — бу шунчаки мамлакатнинг энг яхши футболчиси эмас. Бу аллақачон тарихий ҳодиса, — деб ёзди The New York Times нашри.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.