Ғиждувон кулолчилик буюмлари географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинди

Ғиждувон кулолчилик буюмлари географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинди

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига хос бўлган “Ғиждувон кулолчилик буюмлари” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ғиждувон кулолчилик мактаби асрлар давомида шаклланган ноёб анъаналари, табиий хомашёлардан фойдаланишга асосланган ишлаб чиқариш технологияси ҳамда ўзига хос нақш ва безак услублари билан ажралиб туради. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Мазкур кулолчилик йўналишида 60 га яқин маҳсулот турлари ҳамда 300 дан ортиқ барқарор нақш композициялари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Кулолчилик буюмларини тайёрлашда маҳаллий соф тупроқ, рангли гиллар, табиий бўёқлар ва ишқор сири каби табиий хомашёлардан фойдаланилади.

Буюмларнинг оч яшил, жигарранг ва кўк ранг уйғунлиги, шунингдек, «Меҳроби», «Паррагул», «Мадоҳил», «Лўндагул», “Гули бодом” ва «Лолагул» каби анъанавий нақшлари ушбу мактабнинг ўзига хослигини намоён этади. Шунингдек, Ғиждувон кулолчилик анъаналарини уч асрлик тарихга эга Нарзуллаевлар сулоласи вакиллари бугунги кунгача давом эттириб келмоқда.

Географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши мазкур маҳсулот номи, унинг тарихий анъаналари ва тайёрлаш технологиясининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди. Бу жараён миллий ҳунармандчилик брендини халқаро миқёсда тарғиб қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Tumaris
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.