Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашгани нима билан боғлиқ?

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашгани нима билан боғлиқ?
Нарх-навонинг кескин ошаётгани, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашуви бугун кўпчиликнинг муҳокама мавзусига айланган. Айримлар нархларнинг ошишига ойлик маошларнинг ошганини бош омил қилиб кўрсатса, бошқалар хорижий валюта курсининг ўзгариши билан боғламоқда.

Аслида-чи? Нархлар ошишига нима сабаб бўлмоқда? Ушбу саволлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ЎзА’га ўз изоҳини берди.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида мамлакатда инфляция даражаси 14,4 фоизни ташкил қилган. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари (умумий инфляция даражасининг 48,0 фоизи), ноозиқ-овқат товарлари (39,6 фоизга ошган) ҳамда хизматлар тарифларининг (12,4 фоизга ошган) ошиши инфляцияни шакллантирувчи асосий сабаблар бўлган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилиши таҳлил қилинганда нархларнинг юқори ўсишига таъсир кўрсатувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан:

Қиш-баҳор мавсумида зарурий миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган омборхоналар, музлаткичлар етарли даражада эмас.

Вилоятлар ва туманларда фаолият кўрсатувчи иссиқхоналар талаб доирасида электр-энергия, иссиқлик ва бошқа зарурий манбалар билан таъминланмаган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини зараркунандалардан ҳимоя қилиш тизими етарли даражада ташкил қилинмаган.

Маълумот учун: 2017 йилда олма ва нок нархи – 71 фоизга, узум – 79,6 фоизга, пиёз – 44,2 фоизга, сабзи – 23,6 фоизга, бодринг – 187,3 фоизга, помидор – 63,2 фоизга ва картошка – 64,2 фоизга ошган ҳамда уларнинг умумий инфляция даражасига таъсири 22,7 фоизни ташкил қилган.
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.