Президент назари тушган қишлоқ (видео)

  • Жамият
  • 27-03-2018, 09:39
  • 1 609
  • Президент назари тушган қишлоқ (видео)
    Президент Шавкат Мирзиёев Хина қишлоғида.
    Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

    Президент назари тушган қишлоққа бордик. Иштихон тумани Ҳумо қишлоқ фуқаролари йиғинига қарашли Хина қишлоғидаги уч ҳожидан бири, қўлидан давлат раҳбари чой ичган инсон — Тошқувват ҳожи Ражабов билан суҳбатлашдик. Шавкат Мирзиёев ўтирган сўрида ўтириб, Ҳожи бува билан қишлоқ тарихи, бугуни, эртаси ҳақида гурунг қилдик.

    — Ҳожи бува, қишлоқнинг номи нега Хина?
    — Қишлоғимиз одамлари қадимдан савдо-сотиқ билан ҳам шуғулланиб келишган. Мана шу ёнимиздаги дарёга тушиб, қайиқ билан Бухорогача боришаркан одамларимиз. Бухоро бозоридаги бор хинани бизнинг қишлоқ савдогарлари етказиб беришаркан. Бунинг устига қишлоқдаги чавандозлар ҳам отлари бошқаларникидан ажралиб турсин, деб отларининг думига хина суртиб қўйишаркан. «Хинали отлар», «Хинафурушларнинг қишлоғи», «Хина билан савдо қиладиганлар қишлоғи» каби сўзлар боис бора-бора қишлоғимиз Хина қишлоқ деб юритилиб кетган экан.

    — Ҳожи бува, аммо бугун қишлоғингиз деҳқонлиги билан, айниқса, сиз президентимизга томорқа ҳақида сўзлаб берганингиздан кейин томорқаларидаги деҳқончиликлари билан машҳур бўлиб кетишди.
    — Ўзи бу ишларни бошлаган мен эмас, яна муҳтарам президентимизнинг ўзлари. Агар президентимиз томорқага алоҳида эътибор қаратмасалар, бир пол беда, бир пол маккайи, яна озроқ болгар қалампири экиб қўйиб, томорқага экин экдик, деб юраверган эканмиз. Президентимизнинг доно маслаҳатларига амал қилиб, бугун томорқамизнинг бир қарич ерини ҳам исроф қилмай, сердаромад экинлар экишни бошладик. Рўзғор учун керакли бўладиган картошка, сабзи, пиёздан ташқари, томорқанинг бир томонини иссиқхона учун ҳам ажратиб, унга тезпишар помидор, бодрингларни ҳам экдик. Улар анча ўсиб ҳам қолишди.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошқувват ҳожи Ражабов хонадонида.
    Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

    — Ҳожи бува, президентимиз билан нималар ҳақида сўзлашдингиз?
    — Мен аввало, қишлоқдошларимнинг топшириғини бажардим. Қишлоғимиз президентимиз ташаббуси билан бошланган «Обод қишлоқ» дастурига киритилгани боис марказий кўча асфальтлангани, таъмирталаб барча уйлар таъмирлангани, ичимлик суви барча хонадонларга етказилгани, газ таъминотида узилиш йўқлиги, айниқса, президентимиз ташрифи шарофати билан қишлоғимизга ёғилган файз, барака учун, қишлоғимизга кириб келган маданият, барча ижобий ўзгаришлар учун қишлоғимиз аҳли номидан миннатдорчилик билдирдим. Бундан хурсанд бўлиб кетган муҳтарам президентимиз «Ундай бўлса, бундан менинг ҳам хурсандлигимни халқингизга етказинг ва яна бир гапимни ҳар бир хонадонга, каттаю-кичикка етказингки, менинг ҳали қишлоғингиз аҳлидан қарзим кўп. Қўшимча маблағ ажратдик, қишлоғингизда сиз, нуронийлар учун битта чойхона, маҳалла гузари, болалар учун энг замонавий бир боғча ҳам қуриб берамиз. Ҳали қишлоғингизга яна келаман», дедилар.

    — Бу гапларни хиналиклар қандай қабул қилишди?
    — Ҳамманинг кайфияти кўтарилиб, ғайратига ғайрат қўшилиб, янги куч, янги шижоат билан ҳамма бунёдкорлик ишларига киришиб кетди. Бугун ҳамма ўз томорқасини бошқатдан кўриб чиқаяпти. Бошқатдан текислаб, бир қисмини иссиқхона қилиб, қолганига ҳам пул бўладиган нарса экишаяпти. Бу ишларга бугун туман ҳокими Шуҳрат Неъматовнинг шахсан ўзлари бош-қош. «Томорқа хизмати» деган ташкилот очган. Ҳамма ишларимизда ана шу ташкилот кўмакчи.

    «Томорқа хизмати» МЧЖ раиси Зокир Ўроқовни ҳам Хинада учратдик.
    — «Хизмат»имиз эл хизматига бел боғлаган, — дейди Зокир ака. – Қишлоқ аҳлининг хоҳиш-истагига қараб, уларнинг томорқаларини текислаб, ерларини ҳайдаб, экин экишларига тайёр қилиб бераяпмиз. Бу ишларимиз фақат ерни экишга тайёрлаб бериш билан чегараланиб қолмайди. Кейинчалик экинларига ишлов беришда ҳам техникаларимиз билан ёрдам берамиз, керакли минерал ўғитлар, дориларни ҳам етказиб берамиз. Ниҳоят, ҳосил йиғиштирилганида яна халқимизга кўмакчи бўламиз, улар етиштирган маҳсулотни бозордаги нархдан 20 фоиз арзонга олиб, ўзимиз бозорга олиб чиқиб, сотиб ҳам берамиз. Четга чиқариш мумкин бўлган маҳсулотларни эса четга чиқаришни ҳам йўлга қўямиз.

    Хуллас, Хинада ишлар хинали, ҳамма ёқ гўзал, ранг-баранг. Энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг кайфияти баланд. Тилларидан президентимиз, эл-юртимиз ҳақига қилинаётган дуо тушмайди, қўллари эса ишда — яратувчанлик, бунёдкорлик ишида. Ҳамма ўзини, ҳовлисини, қишлоғини, юртини ўзгартириш, яшнатиш ишқи билан банд.

    — Юртимиз обод бўлаверсин! — дуо қилди Тошқувват ҳожи бува. — Мана шундай хайрли ишларга бош бўлиб турган муҳтарам президентимизни Аллоҳ қўлласин!
    Каримберди Тўрамурод


    Манба: Xabar.uz


    » » Президент назари тушган қишлоқ (видео)
    Яндекс.Метрика