
Жаҳон биржаларида қимматбаҳо металлар бозорида навбатдаги муҳим воқеа қайд этилди. Биржа маълумотларига кўра, кумуш нархи ўз тарихида илк бор янги энг юқори чўққига чиқди. 17 декабрь, чоршанба куни Comex биржасида март ойи учун мўлжалланган кумуш фьючерслари 4,65 фоизга қимматлаб, бир унция учун 66,27 долларгача етди.
Шу тариқа, кумуш қиймати биринчи марта 66 долларлик психологик чегарадан юқори кўтарилди. Мутахассислар бу ўсишни бир вақтнинг ўзида олтин нархининг ошиши ҳамда АҚШ иқтисодиётидан келаётган заиф макроиқтисодий сигналлар билан боғламоқда.
Хусусан, АҚШ меҳнат бозорига оид сўнгги маълумотлар инвесторларни хавотирга солди. Қишлоқ хўжалигидан ташқари соҳаларда бандлик бўйича ҳисоботга кўра, ноябр ойида ишсизлик даражаси 4,6 фоизгача кўтарилди. Бу эса 2021 йил сентябридан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шу билан бирга, АҚШ иқтисодиётида 64 мингта янги иш ўрни яратилгани маълум қилинди. Бу рақам таҳлилчилар кутган 50 минглик прогноздан юқори бўлса-да, октябр ойи натижалари қайта ҳисобланиб, ўша ойда аслида 105 мингта иш ўрни қисқаргани ойдинлашди.
Иқтисодчилар фикрича, айнан шу ноаниқликлар инвесторларни хавфсиз активлар — олтин ва кумушга мурожаат қилишга ундамоқда. Натижада кумуш бозорида талаб кескин ошиб, нархлар тарихий рекордни янгилашда давом этмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.