
Хабаровск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг вафоти билан боғлиқ ҳолат Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги назоратига олингани маълум қилинди. ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Россиядаги дипломатик ваколатхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур кўмак кўрсатмоқда.
Шунингдек, марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш ишлари ташкил этилмоқда. ТИВ баёнотида ҳозирча ўлим сабабларига доир расмий тасдиқланган маълумот мавжуд эмаслиги, ваколатли идоралардан аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши қайд этилди.
Бош консулхона ушбу ҳолатни текшириш бўйича Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда Россия ТИВига сўровлар юборган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ОМОН ходимлари икки нафар ўзбекистонликни калтаклагани, улар комага тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Идора иккинчи фуқаро бўйича тарқалган маълумот тасдиқланмаганини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.