
“Новая Газета Европа” нашри маълумотларига кўра, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтиши режалаштирилган Давлат кенгаши йиғилишида шахсан иштирок этишни мақсад қилган. Шу боис у 24 декабрь куни Москва шаҳрига етиб келган.
Бироқ 24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси Қодировнинг саломатлиги кескин ёмонлашган. Манбаларга кўра, у шошилинч тарзда реанимобил орқали Президент администрациясига қарашли Марказий клиник шифохонага олиб борилган.
Маълум бўлишича, Давлат кенгаши йиғилишида Чеченистон вакилининг қатнашиши учун ҳеч қандай захира вариант кўзда тутилмаган. Шу сабабли мазкур йиғилиш республика раҳбарисиз ўтган.
Қодировга яқин манбанинг таъкидлашича, Москвада шифокорлар унинг аҳволини зўрға барқарорлаштиришга эришган. Шундан сўнг у уйига қайтган, аммо ўшандан бери жамоатчилик олдида деярли кўринмаган.
Аввалроқ ҳам “Новая Газета Европа” манбаларига таяниб, Чеченистон раҳбарининг соғлиғи кун сайин оғирлашиб бораётгани ҳақида хабар қилинган эди. Нашрнинг яна бир манбаси эса вазият юзасидан “ижобий якун бўлишига деярли умид қолмади”, дея фикр билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.