10:43 / 26.07.2020
2 749

Бўғилган Нил: Эфиопия Мисрни сувсиз қолдиришга қодир мегатўғонни қуриб битказди

Бўғилган Нил: Эфиопия Мисрни сувсиз қолдиришга қодир мегатўғонни қуриб битказди
Кўк Нилдаги Ҳидасе сув электр станцияси: wikipedia.org
Қоҳира бомбалаш билан таҳдид ҳам қилиб кўрди, тинчгина келишишни ҳам таклиф қилди, бироқ букилмас Аддис-Абебанинг парвойи фалак, деб ёзади журналист Александр Артамонов.

2020 йилнинг ёзига келиб, Эфиопия (Ҳабашистон) энергетиклари Кўк Нил дарёсида «Ҳидасе» гидроэлектр станцияси қурилишининг асосий босқичини якунлашди. У Африка қитъасидаги энг каттаси, жаҳонда еттинчи ўриндаги бўлади, бу ГЭС Эфиопияни иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиши мумкин. Бироқ, мамлакатнинг кутилаётган гуркираши, дарёнинг қуйи оқимида яшовчи 160 миллион киши учун улкан муаммолар яратиши ҳам мумкин.

Гап Миср ҳақида бормоқда. Эфиопиядаги янги ГЭС Нилдаги сув миқдорини камайтиради, бу эса Африканинг буюк дарёсига неча асрлардан буён боғлиқ бўлиб келаётган фиръавнлар юрти учун кони зарар бўлиши тайин. Қурилишнинг бошланиш онларидан буён муаммони ҳал қилиш борасида музокаралар ўтказиб келинмоқда, бироқ уларнинг барчаси натижасиз якунланган.

Бировнинг ҳисобига равнақ топиш
«Ҳидасе» ГЭС қурилиши 2011 йилда бошланган. Баландлиги 560 метр, кенглиги 1700 метр бўлган тўғон Эфиопиянинг энг ғарбий қисмида Судан чегарасига 7 км етмасдан Кўк Нилнинг сувини тўсган. Тўғондан 800 км қуйи қисмида Кўк Нил Оқ Нил билан қўшилади ва ерда Судан пойтахти Хартум жойлашган.

Ҳидасе сув омбори тўғони қурилиши. Фото: Tiksa Negeri / REUTERS
«Ҳидасе» амҳар тилида «янгиланиш» маъносини беради. Станциянинг иккинчи номи ҳам бор «Тайҳигэ» — «Эфиопиянинг буюк қайта туғилиши тўғони» расмий номининг аббревиатураси. ГЭС чинданам мамлакат иқтисодиёти ривожланишини жадаллаштириши мумкин.

Унинг қуввати 6450 МВт бўлиб, Эфиопиянинг айни дамдаги жами электр станциялари қувватидан бир ярим баравар кўпроқ.

«Ҳидасе» шарофати билан мамлакат электр энергияси тақчиллигидан бутунлай халос бўлиши кўзланган — айни пайтда 100 миллион нуфусга эга Эфиопиянинг 65 фоиз аҳолиси кечаси чироқсиз ўтирибди. Ёмғирлар мавсумида ГЭС ортиқча электр энергияси ишлаб чиқаради ва уни Эфиопия қўшни давлатларга экспорт қилмоқчи.

Тўғон 74 ⁠км³ ҳажмли сув омборини ҳосил қилади, у ерда 7 минг тоннагача балиқ етиштириш мумкин, далалар учун сув танқислигини эса энди унутаверса бўлади.

Бундан ташқари, эфиопиялик мулозимлар «Ҳидасе» миллий бирлик тимсолига айланиши ва кўплаб этник ва диний қарама-қаршиликларга чек қўйилишига ҳам ишонишмоқда.

Тўғон Эфиопияга 5 миллиард АҚШ долларга тушган, уларнинг катта қисмини ҳукуматдан мақсадли қарз облигацияларини харид қилган оддий эфиопияликлар тўлашган (Тожикистондаги «Роғун» ГЭСи саҳмиялари каби — таҳр.).

Қуриётган Миср
Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий «Ҳидасе»ни бутун мамлакат учун «узоқ муддатли таҳдид» деб атаган. Албатта, тўғон Миср ҳудудига етиб бораётган сувнинг миқдорини камайтирмай қолмайди. Мамлакат ўзи ишлатадиган сувнинг 90 фоизини Нилдан олади — ўзи шундоқ ҳам дам-бадам рўй бериб турган қурғоқчиликлар ва сув таъминотидаги узилишлар мисрликларнинг қишлоқ хўжалиги ва кундалик ҳаётига зиён етказиб турибди.

Мисрда сувсизликдан қақлай бошлаган фермер даласи.
Миср иқтисодиётига етказиладиган зиён тўғон ортидаги сув омбори қанча муддатда тўлишига боғлиқ. Унинг ҳажми Кўк Нилнинг шу нуқтадан бир ярим йилда оқиб ўтадиган сув ҳажмига қарийб тенг.

«Ал-Жазийра» телеканали экспертларининг фикрича, агар сув омбори 10 йилда тўлса Мисрнинг Нилдан олиши мумкин бўлган сув ҳажми 14 фоизга қисқаради ва мамлакат ўз унумдор ерларининг 18 фоизидан фойдалана олмай қолади. Агар сув омбори 7 йилда тўлса, Миср далаларининг учдан бир қисмидан айрилади. Назарий жиҳатдан, Эфиопия бу вазифани уч йилда ҳам бажариши мумкин. Эфиопия ҳукумати шу йил охиригача сув омбори 10 фоизга, 2021 йилнинг сўнгига бориб эса 23 фоизга тўлишини ваъда қилмоқда.

Вазиятни ечилмайдиган, деб атаб бўлмайди. Мисрда Асуан тўғони бўлиб, ундан ҳосил бўлган Носир кўли (Асуан сув омбори) «Ҳидасе»дан икки баробар катта. Унинг ёрдамида Миср бир неча йил мобайнида сувнинг ўткир танқислигини ҳам осонгина қоплай олади. Лекин бу ҳолда мамлакат мамлакат электр энергиясининг 15 фоизини ишлаб чиқараётган Асуан ГЭСининг қувватларини қурбон қилиши керак бўлади. Агар Ҳабашистон Мисрнинг харажатларини минималлаштириб, ортиқча электр энергиясини текин ёки арзон нархда берганида бу ўзини оқлаган қурбонлик бўлар эди.

Мисрдаги Носир кўли — Асуан сув омбори. Фото: Florentina Georgescu / Getty Images
Яна бир муаммо — Миср аҳолиси сони шиддат билан кўпайиб бораётганидир. Ҳозир Мисрда 98 миллион киши яшайди ва йилига 2 миллиондан кўпаймоқда. Баъзи баҳолашларга кўра, 2025 йилга бориб мамлакатда сув танқислиги ҳеч бир тўғонсиз ҳам ўткирлашади.

Жанговар Нил дипломатияси
Африканинг шимолий-шарқида яшаётган давлатлар Нилнинг сувини қандай тақсимлаши кераклиги ҳақидаги масала улар мустақилликка эришганидан буён мураккаб дипломатик баҳсларнинг бош мавзуси бўлиб келмоқда. 1929 йилда де-юре мустақил Мисрга ҳомийлик қилишда давом этаётган британияликлар Миср қироли билан шартнома тузишади ва унга кўра Қоҳиранинг бутун Нил сувига «табиий ва тарихий ҳақи» қайд этилади, мамлакат ҳукуматига эса оқим юқорисидаги лойиҳаларнинг барчасига вето қўйишга эксклюзив имконият берилади.

1959 йилда Миср бу ҳуқуқини Судан билан бўлишади, бироқ вето ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади ҳамда Нил бўйидаги бошқа давлатларнинг манфаатларига кўз юмади. Эфиопия доимо Мисрнинг Нилга бўлган эксклюзив ҳуқуқини савол остига олиб келган, бироқ натижасиз. 1978 йилда Эфиопия раҳбари Менгисту Ҳайле Марям Кўк Нилда тўғон қуришга ҳаракат қилган, лекин Миср президенти Анвар ас-Садат томонидан тўхтатилган — у «мисрликлар ўз заминида сувга ташналикдан ўлгандан кўра, Эфиопия тупроғида қаҳрамонларча ўлишга тайёрлиги»ни айтган.

Мисрнинг 1970-1981 йиллар оралиғидаги президенти Анвар ас-Садат
Миср ҳукумати халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан тўғон қуриш мумкин эмаслиги ҳақида гапирар экан, айнан ўша 1959 йилги битимга таянишади.

Эфиопия ҳукумати мисрликларнинг важини инкор этишар экан, келишув адолатсиз бўлганини таъкидлашади — тўғон бўйича дипломатик жараёнларда иштирок этаётган Эфиопия ТИВ ходими Зериҳун Абибе уни «мустамлакачилик сарқити», Мисрнинг Кўк Нил сувига эксклюзив ҳуқуқини эса «мустамлакачилик имтиёзи» деб атайди. Далиллар жуда адолатли — Кўк Нилнинг Нил дарёсининг 80 фоиз сувини етказади, ўзи эса Эфиопиядаги кичик дарё ва кўллардан ҳосил бўлади; мисрликлар чиндан ҳам Эфиопиянинг сувидан ичишади ва далаларини суғоришади.

Қоҳира ва Хартумнинг эътирозлари ҳам асослидек кўринади. Суданда сувсиз чўллар мамлакат ҳудудининг 50 фоизини, Мисрда эса 94 фоизини ташкил этади, Эфиопия эса кичик ва катта дарёлар бассейнига эга, шу сабабли тоза чучук сув билан ажойиб таъминланган, айрим шарқий ҳудудлари ҳисобга олинмаса.

Миср ва Судан етакчилари халқаро муҳокамадан ўтмаган лойиҳани найза билан кутиб олишди. 2010 йилда — Эфиопия тўғон қуришга энди киришган чоғда Судан президенти Умар ал-Башир мисрликларга мамлакат ҳудудида кичикроқ авиабаза қуришга рухсат берди. Мисрликлар у ердан учоқ учириб, тўғонга бомба ёғдириши ва Эфиопияга қўпорувчилар жўнатиши мумкин эди. Бироқ орадан бир йил ўтиб Мисрда машҳур инқилоб бошланиб қолди ва мамлакат хаос ичида қолиб, уч йил дипломатик ўйинлардан маҳрум бўлди. Пайтдан фойдаланиб, Эфиопия тўғонни ҳеч қандай тўсиқларсиз кўтара бошлади.

2014 йилда Мисрга ҳокимият бошига дунёвий ҳарбий диктатор Абдулфаттоҳ ас-Сисий келди. У мўътадил позиция танлади — Эфиопиянинг тўғон қуришга бўлган ҳуқуқини тан олди, бироқ Аддис-Абебадан Мисрда қурғоқчилик рўй берадиган бўлса Кўк Нилдан сув олишни бас қилиб туриш учун юридик кафолатлар беришни талаб қилди. Бундай муроса позицияси Эфиопия раҳбарларини қониқтирмади — улар гоҳ талабларни суверенитет бузилиши, дея рад этишади, гоҳ Қоҳирага мужмал ваъдалар беришади.

Судан раҳбарияти ҳам тўғонга тўлиқ қарши туриш ғоясидан воз кечиб қўя қолди — мамлакат Кўк Нил сувга Мисрчалик зор эмас, шу сабабли «Ҳидасе»дан фойда кўзламоқда — у мамлакатни кутилмаган сув тошқинларидан ҳимоя қилибгина қолмасдан, арзон электр энергияси билан ҳам таъминлаши мумкин.

Судан суверен кенгаши раиси, генерал лейтенеат Абдулфаттоҳ ал-Бурҳон ва Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад. 2019 йил. Фото: AFP
2015 йилда уч мамлакат вакиллари «Нил сувидан тенг ва ўзаро фойдаланиш ҳақида» декларация имзолашди. Бироқ ҳужжатда ҳеч қандай техник деталлар тилга олинмаган, стратегик истиқболда у навбатдаги дипломатик хуржун бўлди-қолди. Орадан бир неча йил ўтгач, Эфиопия декларацияда қайд этилган инфратузилма лойиҳаларининг мустақил экологик экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги келишувлардан бош тортиб қўяқолади.

2018 йилда вазиятнинг янгича кескинлашуви рўй берди — Эфиопия мисрлик ҳарбийларни мамлакатда вазиятни издан чиқариш ҳамда қурилишга халақит беришни мақсад қилган эритреялик исёнчиларга ҳарбий ёрдам беришда айблаб чиқди. Ўша йили «Ҳидасе»нинг бош муҳандиси Симгенев Бикеле жуда сирли ҳолатда ўлдирилди, буни ҳам Миср гапга кўнмайдиган Аддис-Абебадан қасд олди, деб тушунтирганлар бўлди.

2019 йилда мамлакатлар АҚШ ва Жаҳон банки воситачилигида музокараларнинг янги босқичини бошлашди.

Миср музокарачилари АҚШ молия вазирлиги қўлловида ишлаб чиққан келишувга кўра, «Ҳидасе»нинг уч мамлакат учун ҳам зиён минималлашадиган қилиб тўлдирилиши ва ундан фойдаланиш қоидалари аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Мсирнинг бош талаби — мамлакат ҳудудида қурғоқчилик рўй берса етарли миқдорда сув олиш кафолати бўлди.

Битимни Судан вакиллари ҳам имзолашди, бироқ Эфиопия бош вазири, 2019 йилда Эфиопия ва Эритрея ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилгани учун Нобель мукофоти олган Абий Аҳмед Қоҳиранинг таклифларини қабул қилишни истамади ва музокаралардан чиқди.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ва Эфиопия бош вазири Абий Аҳмед. Фото: EPA
Жорий йилнинг апрелида Абий Аҳмед сув омбори тўлдирилиши қўшниларнинг розилигисиз июль ойида бошланишини эълон қилди. Бу Мисрга БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиш учун сабаб яратди, улар Аддис-Абебани халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид яратаётганликда айблашди. Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч саммитида Миср ТИВ раҳбари Шукрий агар халқаро ҳамжамият қўшилмаса вазият ҳарбий можаро билан тугашига яна шама қилди.

7 июль куни Абий мамлакат парламентида агар Эфиопия сув омборини ҳозир тўлдиришни бошламас экан, бу унинг бузиб ташланиши билан тенг бўлишини айтиб ўтди. Шундан бир ҳафта ўтар-ўтмас Судан ва Миср гидрологлари Нил сатҳи пасайганини қайд этишди. Эфиопия сув омбор тўлдирилаётганини тан олди, бироқ буни узоқ вақтдан буён ёғаётган ёмғирлар билан тушунтирди.

Бу орада уч мамлакат вакиллари яна музокаралар столига ўтиришда — бу сафар Африка иттифоқи ва ЖАР президенти Сирил Рамафоса кўмагида. Ас-Сисий ва Абий «умумий муросага келингани» ҳақида умид уйғотувчи, лекин ниҳоятда мужмал баёнотлар билан чиқиш қилишди, бироқ техник икир-чикирларни ошкор этишмади. Демак, музокаралар яна ҳеч вақо билан тугаши эҳтимоли сақланиб турибди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бўғилган Нил: Эфиопия Мисрни сувсиз қолдиришга қодир мегатўғонни қуриб битказди