
Август ойи Хоразмнинг қадимий шаҳри Хива яна бир бор қувонч, шодлик ва миллий анъаналарга тўлади. 8–10 август кунлари «Ичан қалъа» ва «Арда Хива» мажмуалари ҳудудида анъанавий ва кенг қамровли «Қовун сайли» фестивали ўтказилади. Мазкур фестиваль мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намоён этиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни Хоразмга жалб қилиш, шунингдек, халқ анъаналари ва миллий меросни кенг тарғиб қилиш мақсадида уюштирилмоқда.
Фестиваль доирасида Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан келтирилган турли навдаги ширин ва ҳидли қовунлар намойиш этилади. Ҳар бир ҳудуд ўз павильонини ҳунармандчилик, миллий таомлар ва маданий безаклар билан тўлдирган ҳолда тақдим этади. Бу эса нафақат қовунларни, балки Хоразмнинг маданий ранг-баранглигини ҳам намоён этади.
Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларни қўғирчоқ театри, театрлаштирилган саҳна ва миллий либослар намойиши, бадиий жамоалар ва фольклор ансамблларининг жонли ижролари, маҳорат дарслари ва санъат асарлари кўргазмалари кутмоқда. Хусусан, меҳнаткаш ҳунармандлар томонидан тайёрланган ноёб буюмлар ҳам сайл меҳмонларига тақдим этилади.
Фаол иштирокчилар турли номинациялар бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Бу эса маҳаллий усталар ва тадбиркорлар учун катта рағбат бўлиб хизмат қилади.
Фестивальнинг энг шиддатли ва кутилган қисмларидан бири — маҳаллий ва халқаро эстрада юлдузлари иштирокидаги гала концертлар бўлади. Улар 8–9 август кунлари «Ичан қалъа», 10 август куни эса «Арда Хива»да бўлиб ўтади.
«Қовун сайли» — бу нафақат ширин қовунлар байрами, балки миллий руҳ, маданий мерос ва замонавий сайёҳликнинг уйғунлашган тадбири ҳисобланади. Хоразмга саёҳат қилишни режалаштираётганлар учун ушбу кунлар алоҳида байрамона кайфият бағишлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар