
Япониянинг жанубидаги Токара оролларида икки ҳафта ичида 900 дан ортиқ ер силкиниши кузатилди. Бу геологик фаоллик оролларда яшовчи кам сонли аҳолининг жиддий хавотирга тушишига сабаб бўлмоқда. Расмийлар сўнгги кунларда 5,5 магнитудали зилзилани қайд этиб, аҳолини эвакуацияга тайёр туришга чақирди.
Токара архипелагининг 12 оролининг еттитасида тахминан 700 киши яшайди. Улар орасида Акусекижима оролида жойлашган кичик қишлоқлар аҳолиси ҳам бор. Ҳудудда шифохоналар мавжуд эмас, энг яқин тиббий марказ Кагошима шаҳрида бўлиб, у ерга бориш камида олти соатлик паром сафарини талаб қилади.
“Уйқуга кетиш жуда қўрқинчли бўлиб қолган, ҳар доим зилзила бошланадигандек туюлади,” — дейди бир маҳаллий аҳоли вакили минтақавий МБC телеканалига берган интервюсида.
Маҳаллий етакчилар ва аҳоли вакиллари зилзилаларнинг бошланиши олдидан денгиздан чиққан “ғалати ғувиллаган овоз”ни эшитишганини айтишмоқда. Бу ҳолат айниқса тунлари оролликларда ваҳима уйғотмоқда.
“Ер тебранишидан олдин пастдан кескин зарба бўлади, кейин уй тебранади — бу жуда безовта қилади,” — дейди Акусекижима оролидаги фуқаролар йиғини раҳбари Исаму Сакамото.
Оролнинг меҳмон уйлари ҳозирча сайёҳларни қабул қилишни тўхтатган. Тошима қишлоғи расмий сайти бу жойлар эҳтимолий бошпана сифатида маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлиши мумкинлигини билдирган.
Тошима ҳокимияти журналистлардан аҳолини ортиқча интервю ва сўровларга тутмасликни сўраб, расмий эълон чиқарди: “Илтимос, ортиқча мурожаатлар ва интервюлардан тийилинг.”
Токара оролларидаги сейсмик фаоллик бутун Японияда катта зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни янада кучайтирди. Бу қўрқувни машҳур япон манга рассоми Рё Татсукининг 1999-йилда чоп этилган ва 2021-йилда янгиланган комикси ҳам кучайтирган. Унга кўра, 2025-йил 5-июл куни “катта зилзила” юз бериши тахмин қилинган.
Шу сабабли баъзи сайёҳлар сафарларини бекор қилган, мамлакат бўйлаб эса хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича ҳукумат муҳокамалари авж олган.
Япония ҳукумати бу ҳафтада жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун янги чораларни, жумладан, тўғонлар ва эвакуация бинолари қурилишини бошлашни буюрди. Шунга қарамай, мутасаддилар бу етарли эмаслигини, “аср зилзиласи” содир бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтишмоқда.
Японияда йилига ўртача 1,500 га яқин зилзила содир бўлади. Токара оролларидаги сўнгги сейсмик фаоллик эса бу статистика доирасидан чиққан ҳолда, орол аҳолиси учун жиддий психологик ва ижтимоий муаммо туғдирмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар