date

Эроннинг Исроилга етказган зарари очиқланди

Эроннинг Исроилга етказган зарари очиқланди
Яқин Шарқдаги эскалация тобора жиддийлашиб борар экан, Исроил ва Эрон ўртасидаги сўнгги қуролли тўқнашув иқтисодий нуқтаи назардан ҳам кескин оқибатларга олиб келди. Исроил Молия вазирлиги ва Солиқ хизмати маълумотларига кўра, фақат моддий зарарнинг ўзи 10 миллиард шекел (тахминан 3 миллиард АҚШ доллари)га етган. Бу ҳақда нуфузли "Bloomberg" агентлиги хабар берди.

Келтирилган ҳисоб-китоблар асосан ракеталар билан вайрон қилинган биноларни тиклаш, маҳаллий тадбиркорларга товон тўлаш ва инфратузилмани қайта қуриш харажатларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, жанг вақтида ишлатилган ҳарбий техника ва ҳаво мудофаа тизимларини янгилаш харажатлари ҳозирча инобатга олинмаган.

Исроил Солиқ бошқармаси раҳбари Шай Ааронович ушбу зарарни мамлакат тарихидаги энг йирик иқтисодий талафот сифатида таърифлади. Молия вазири эса умумий уруш харажатлари 12 миллиард долларгача етиши мумкинлигини маълум қилган. Аммо Исроил Марказий банки раҳбари Амир Ярон бу рақамни нисбатан пастроқ — тахминан 6 миллиард доллар деб баҳолаган.

Сўнгги воқеалар Исроил иқтисодиётидаги ўсиш суръатларига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Илгари 2025 йил учун ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 3,5 фоизга ўсади, деб прогноз қилинган эди. Аммо бу кўрсаткич қайта кўриб чиқилиши эҳтимолдан холи эмас. Уруш шароитида савдо, хизматлар, инвестициялар ва туристик фаолият сўнги пайтда кескин пасайди.

Аналитиклар таъкидлашича, бу сафарги уруш аввалгиларга қараганда анча қимматга тушди. Бунинг асосий сабаби — Эрон томонидан йўлланган ракета зарбалари марказий Исроилдаги аҳоли зич жойлашган шаҳарларга, хусусан, Тел-Авив агломерациясига қаратилгани билан боғлиқ. Бу ҳудудда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи истиқомат қилади ва иқтисодий фаолиятнинг катта қисми шу ерда жойлашган.

Бундан ташқари, Эрон ишлатган ракеталар юқори разряддаги жанговар каллакларга эга бўлиб, уларнинг ҳар бири камида 500 килограмм оғирликдаги парчаланувчи ўқ-дориларни ўз ичига олган. Исроил разведкаси маълумотларига кўра, уруш бошланишидан олдин Эронда шундай 2000–2500 та ракета бор бўлган, уларнинг тахминан ярми ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эроннинг Исроилга етказган зарари очиқланди