“Яндекс.Такси” ҳайдовчилари картадан тўлов қабул қилишни хоҳламаслиги, буюртмани бекор қилишни сўраши, бу хизмат монополияга қарши тартибга солинмаётгани, умуман “мамлакатдаги энг машҳур такси агрегатори солиқ тўлайдими ёки йўқми?”, деган савол ўзбек жамоатчилиги муҳокамаларига сабаб бўлганди.
Солиқ қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда “Яндекс.Такси” орқали хизматлар кўрсатишдан тушган даромаднинг 84 фоизи ҳайдовчилар ихтиёрида қолади.
“Яндекс.Такси”нинг Ўзбекистондаги фаолияти қандай тартибга солинади?
“Яндекс.Такси” иловаси орқали хизматларни тақдим этувчи "Ridetech International B.V." (2020 йил 30 июнгача у "Yandex.Taxi BV" деб номланган) Нидерландия резиденти ҳисобланади.
Солиқ кодексига мувофиқ, компания хизматларини реализация қилганлик учун ҚҚС ва Ўзбекистондаги манбалардан олинган норезидент даромадларидан олинадиган солиқ тўлаши шарт.
Солиқ кодексининг 255-моддасига кўра, агар чет эл компаниялари сотиладиган жойи республика ҳудуди бўлган Ўзбекистон юридик шахсларига электрон хизматлар кўрсатса, ушбу хизматларнинг харидорлари солиқ агенти деб эътироф этилади.
Бугунги кунда республикада “Яндекс.Такси” хизмати кўрсатишни ташкил этувчи 135 та йўловчи ташиш агрегатори мавжуд.
Даромадлар қандай тақсимланади?
2021−2022 йилларда Ўзбекистонда 135 та йўловчи ташувчи агрегаторнинг “Яндекс.Такси” платформаси орқали хизматлар кўрсатишдан тушган умумий даромади 1 трлн 59,1 млрд сўмни ташкил этиб, қуйидагича тақсимланган:
- 84 фоизи ёки 889,6 млрд сўми жисмоний шахсларга — ҳайдовчиларга;
- 5 фоизи ёки 53 млрд сўм ташувчи компанияларга;
- 11 фоиз ёки 116,5 млрд сўм —"Ridetech International B.V.''га.
Қанча солиқ тўланган?
2021−2022 йилларда —"Ridetech International B.V.'' компанияси томонидан кўрсатилган хизматлар учун солиқ агентлари томонидан (116,5 млрд сўм миқдорида) бюджетга 17,5 млрд сўм ҚҚС тўланган.
"Ridetech International B.V.''нинг “Яндекс.Такси” иловасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришдан олган даромади норезидент даромад солиғига тортилиши керак. Бу Солиқ кодексининг 351-моддасида белгилаб қўйилган.
Солиқ қўмитасининг ушбу ҳолатга изоҳ беришича, 2001 йил 18 январда Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида тузилган даромадларга икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, роялти тарзидаги даромадга солиқ ставкаси 0 фоизгача пасайтирилган. Шу сабабли "Ridetech International B.V.''нинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадлари солиққа тортилмайди.
Хусусан, 2021-2022 йилларда "Ridetech International B.V.'' компаниясига жами 1059,1 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилиши натижасида 135 та агрегатор 5 фоиз ёки 53 млрд сўм даромад олган.
Ушбу корхоналар томонидан 2021-2022 йиллар давомида олинган даромадлардан жами 15,2 млрд сўм солиқ, жумладан, 9,7 млрд сўм ҚҚС, 1,6 млрд сўм фойда солиғи ва 3,9 млрд сўм ЖШОДС тўланган.
Солиқ қўмитасига кўра, Ўзбекистонда 81 мингдан ортиқ ҳайдовчилар “Яндекс.Такси” хизматига уланган. Шартномага кўра, умумий даромаднинг 84 фоизи ушбу фуқароларда қолмоқда. Хусусан, 2021−2022 йилларда мазкур шахслар 889,6 млрд сўм даромад олган маблағ мавжуд бўлган.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2020 йил 8 июнда қабул қилинган ПҚ-4742-сон Қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар 78 та фаолият тури билан шуғулланиши мумкин. Хусусан, ушбу рўйхатга ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари тўрттадан ортиқ ўриндиқ мавжуд бўлмаган енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолияти ҳам киритилган.
Солиқ кодексининг 369-моддаси 9-бандига ва юқоридаги қарорнинг 1-бандига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахснинг умумий даромадига киритилмайди.
Шу муносабат билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи фуқароларнинг даромадлари тўлиқ уларнинг ихтиёрида қолмоқда”, дейилади Солиқ қўмитаси изоҳида.
Яқин келажакда нима кутилмоқда?
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, “Яндекс.Такси” платформасини солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграциялаш, хусусан, фискал белгили чекларни автоматик шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Нега монопол мавқега эга компания Ўзбекистонда солиқ тўламаслиги керак?”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг “Яндекс.Такси” Ўзбекистон юрисдикциясида солиқ тўламаётгани бўйича Солиқ қўмитасининг изоҳини “оқлов баёноти” сифатида талқин этди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг“Нега “Яндекс.Такси” хизматлари бўйича агрегатор сифатида Ўзбекистонга кирганида, оғайни, даромадлар бўйича солиқни Ўзбекистонда тўлайсан, бунинг учун аввал Ўзбекистонда юрисдикциясидан ўтасан, бизнинг талабимиз шу, дейиш мумкин эмас эди? Буям майли, нега ҳозир шу талабни қўйиш мумкин эмас? Парламент керак бўлса, уч соатда 30 млрд долларлик бюджетни тасдиқлаб беряпти? Нега агрегаторлик бўйича Ўзбекистонда солиқ юрисдикцияси бўлиш талабини киритиш мумкин эмас?
“Яндекс.Такси” билан боғлиқ кейсда масала фақат Ўзбекистонда тўланмаётган солиқларда ҳам эмас, масала яна приоритети бўйича “Яндекс” рақобатчилари Ўзбекистонга онгли равишда киритилмаётгани, “Яндекс” ва унинг ҳамкорлари кўрсатган хизмати учун фискал чек бермаслиги, пластик орқали ва онлайн тўловдан воз кечишга, нақд пул талаб қилиш ҳолатлари ҳам борки, булар бўйича бир идора масъулиятни иккинчисига ағдаришдан ва айрим вазирликлар ўзининг “Яндекс” олдида ожизлигини очиқчасига кўрсатишдан тўхтаётгани йўқ”, дея таъкидлаган Отабек Бакиров.