date

Москвада 40 киши қатнашган оммавий муштлашув содир бўлди

Москвада 40 киши қатнашган оммавий муштлашув содир бўлди

Москва шаҳридаги «Прокшино» турар-жой мажмуасида кеча кечқурун катта можаро юз берди — гувоҳларнинг айтишича, ўнлаб одамлар қатнашган оммавий муштлашувда белкурак, таёқ ва ҳатто йўл белгилари ишлатилган. Ҳодиса видеоларда ҳам акс этган ва тез орада ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волкнинг маълум қилишича, воқеа жойига полиция кучлари етиб келди ва вазиятни назорат остига олди. Ҳозирги вақтда 40 нафарга яқин киши ички ишлар бўлимига олиб келинган. Улардан ким муштлашувда бевосита иштирок этганини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, можаро оқибатида камида тўрт киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Шунингдек, жанжал вақтида бир неча тўхтаб турган автомобиллар ҳам шикастланган.

ТАСС агентлиги хабар беришича, можарога нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Илк тахминларга кўра, келишмовчилик маиший ҳолат ёки қурилиш соҳасидаги ишчи гуруҳлар ўртасидаги баҳсдан келиб чиққан бўлиши мумкин.

ИИВ расмий вакили Ирина Волк таъкидлашича, ҳозирча қамоқ жазоси тайинланмаган чет эл фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилади. Уларга кейинчалик Россия ҳудудига кириш тақиқланади.

«Озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаган фуқаролар белгиланган тартибда Россиядан депортация қилинади. Бу келгусида уларнинг қайта киришига ҳам тўсиқ бўлади», — деди Волк расмий баёнотида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар можаро бўйича Россия Жиноят кодексининг «Безорилик» моддаси асосида жиноят ишини қўзғатган. Ушбу модда бўйича энг катта жазо етти йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Москва полицияси ҳозирча барча иштирокчиларнинг шахсини аниқлаш, воқеанинг сабабларини ва ташаббускорларини белгилаш билан шуғулланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада 40 киши қатнашган оммавий муштлашув содир бўлди