Ўзбекистонда аҳоли томонидан амалга оширилаётган валюта операциялари ҳажми кескин ўсди. Марказий банкнинг янги ҳисоботига кўра, жорий йилнинг январ–сентябрь ойларида жисмоний шахслар тижорат банкларига 15,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида валюта сотган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,3 баравар кўп.
Марказий банк таҳлилларида таъкидланишича, аҳолининг хорижий валюта сотиб олиш фаоллиги ҳам ўсган. Яъни, ўтган тўққиз ойда фуқаролар банклар орқали 8,5 миллиард долларлик хорижий пул харид қилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 23 фоизга юқори ҳисобланади.
Талаб ва таклиф ўртасидаги фарқ, яъни аҳоли сотган ва сотиб олган валюталар ўртасидаги тафовут 6,7 миллиард долларни ташкил этган. Бу рақам ўтган йилдагидан 1,4 баравар кўп.
Банк маълумотларига кўра, бу ўсишнинг асосий сабаби хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши билан боғлиқ. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга 13,9 миллиард доллар миқдорида маблағ кириб келган — бу 2024 йилга нисбатан 24 фоизга кўпдир.
Экспертлар фикрича, чет элдан юборилаётган пуллар аҳолининг банк орқали валюта сотиш фаоллигида асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ҳолат ички валюта бозорида доллар таклифининг кўпайишига ва сўм барқарорлигининг ошишига ҳисса қўшган.
Шунингдек, Марказий банкнинг таҳлил натижаларига кўра, 2025 йил бошидан бери долларнинг сўмга нисбатан алмашув курси 6,4 фоизга мустаҳкамланган. Бироқ айни пайтда курс тебранувчанлиги ҳам икки баробарга ошгани қайд этилган.
Молия соҳаси мутахассислари бу ҳолатни бир нечта омиллар билан изоҳламоқда. Улар қаторида экспорт ҳажмининг ўсиши, хорижий инвестициялар оқимининг кўпайиши, халқаро кредитлар ва пул ўтказмалари орқали кириб келаётган валюталар ҳажмининг кенгайиши, шунингдек, импорт ҳажмининг мувозанатда сақланиши каби жиҳатлар бор.
Иқтисодчилар таъкидлашича, ички валюта бозоридаги бу ижобий тенденциялар миллий валюта барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этади. Молия институтлари фикрича, валюта таклифининг ортиши инфляция босимини пасайтиришга ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Марказий банк эса келгусида ҳам валюта бозорини барқарорлаштириш, молиявий оқимлар шаффофлигини таъминлаш ва жисмоний шахслар фаолияти учун қулай шарт-шароит яратишни устувор йўналиш сифатида белгилаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!