13:17 / 22.12.2023
579

Солиқ маслаҳатчиси 227-1-модда ҳақида: “Бу тадбиркорлар учун ўлим жазоси”

Солиқ маслаҳатчиси 227-1-модда ҳақида: “Бу тадбиркорлар учун ўлим жазоси”

Солиқ кодексининг 227-1-моддаси ва унда белгиланган жариманинг юқорилиги тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўляпти. Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га берган интервюсида муаммо нимадан иборатлиги ва қандай ечим таклиф этилаётганини тушунтириб берди.

— Бу ерда муаммо нимада? Солиқ қўмитаси ва тадбиркорлар ўртасида нимага низоли вазият пайдо бўлди?

— Бу муаммо нимадан келиб чиқди, дейдиган бўлсак. 2019 йилдаги қарорда мазкур қонунчилик нормаси бор эди, аммо жавобгарлик меъёрлари белгиланмаганди. 2023 йил март ойида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиб, 227-1-моддаси қўшилди. Унга кўра, маркировка қоидаларини бузса, махсус ҳисоблаш дастурларини солиқ органи базасига интеграция қилмаса, бир чоракдаги (3 ой) соф тушуми миқдорида жарима белгиланади. Асосий муаммо шундан, яъни жарима миқдори катталигидан келиб чиқяпти.

Бу шу даражада катта жаримаки, молиявий жазо деб кўриб бўлмайди, балки қўштирноқ ичидаги “ўлим жазоси” дейиш мумкин. Бизнесни шунчаки ўлдиради. Жариманинг ўрнига банкрот деб эълон қиламиз, деган билан бир хил бўлиб қолди. Бу жарима қўлланган тадбиркорлик субъектлари ҳам банкрот бўлиб қолганини айтяпти, бунақа ишлагандан, ишламаган яхши, дейишяпти. Бу орқали иқтисодий сиёсатга салбий муносабат уйғонишни бошлади.

Президент ҳузуридаги Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кенгаши бу масалани кўтариб, Савдо-саноат палатаси орқали олиб чиқдик. Бу норма жуда қатъий бўлиб қолган, енгиллаштириш керак, деган масалани қўйдик. Кўпчиликни қийнаб турган муаммо бўлгани учун катта овоза бўлиб кетди. Бу ўринда айтиш керакки, тадбиркорларнинг Солиқ қўмитаси билан низоси эмасми бу, балки солиқ қонунчилигидаги меъёрларга нисбатан муносабати кескинлашуви, деса бўлади. Солиқ қўмитаси билан муносабат жойида.

— Солиқ қўмитасининг мазкур ҳолатга муносабати қандай? Нималарни таклиф қиляпти? Солиқ қўмитаси сўраётган нарсанинг техник жиҳатдан имкони борми?

— Қисман қилса бўлади. Солиқ қўмитаси бу қоида фақат маркировкаланиши шарт бўлган товарларга (тамаки маҳсулотлари, маиший техника, алкогол ва дори маҳсулотлари) нисбатан қўлланиши, яъни шу товарларни сотиш бўйича дастурий тизимлар солиқ органи базасига интеграция қилиниши керак, деган позицияда. Қонунда ҳам шундай. Лекин қонунчиликда маркировкаланиши зарур бўлган товарлар учун ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ўзи учун ҳисоб дастури яратадиган бўлса, ўша жараённинг автоматлаштириш тизимини солиқ органига интеграция қилиш ҳам белгиланган. Қонун икки томонни ҳам назарда тутади, аммо солиқ органидаги муносабат асосан бир томонга бўляпти. Йиғилишдаги мавзунинг ҳам 90 фоизи маркировкаланадиган товарларга оид бўлди. Асл мақсад жарима миқдори юқорилиги эди, аммо масала бошқа томонга қараб кетиб қолди.

Дейлик, бир емакхонада ҳисоблаш дастури яратилди, агар уни солиқ органига интеграция қилмаса, 3 ойлик фойда миқдорида жарима тўлайди. Лекин бу маҳсулотни оддий касса аппаратидан ўтказмасдан сотиш даражасидаги ҳуқуқбузарлик. Ривожланиш йўлидаги кичик бир хато учун шунча катта жарима.

— Бундан ташқари, тадбиркорлар бошқарувга оид дастурларнинг ҳам Солиқ қўмитаси билан интеграцияланиши кераклигига эътироз билдиришди. Бу тўғрими?

— Бошқарувга оид эмас, айнан бизнесни автоматлаштиришга оид дастурлар назарда тутилган. Солиқ органига бошқарув дастурлари керак эмас. Бизнесни автоматлаштириш бу бизнесдаги ҳар бир жараён – товарнинг сотиб олинганидан бошлаб сотилгунигача бўлган жараённи ўз ичига олади. Дастурнинг якуни ҳисоб-китоб қилгани учун ҳам интеграция қилиш керак деган норма кирган, тадбиркорлар буни бошқарувга оид дастурларимизни ҳам интеграция қилишимиз керак деб тушунишяпти.

Кеча йиғилишда бир нарсага ачиндим. Солиқ қўмитаси раиси, Савдо-саноат палатаси раиси келиб, таклифларни, муаммоларни сўрашди. Лекин аксарият тадбиркорлар ўзининг ўша солиқ тизими билан бўлаётган муаммосини айтолди холос. Яъни ҳукумат вакиллари билан музокара қиладиган даражада адекватлик йўқлиги кўриниб қолди. Ечим сўралганда буни таклиф эта олишмади.

Айтганимдек, Солиқ қўмитаси фақат маркировкаланадиган товарларга шундай бўлиши керак, деган позицияда, бошқалари учун унчалик муҳиммас, дегандек бўляпти. Яъни бу модданинг таъсир доираси бекатдаги оддий озиқ-овқат дўконидан кийим-кечак магазинигача таъсир қилади.

— 227-1-моддада кўзда тутилган жарима миқдори камайтирилиши мумкинми?

— Кечаги йиғилишда ҳам жарима миқдорини қайта кўриб чиқиш масаласи кўрилди. Давлат солиқ қўмитаси 3 ойлик фойданинг 100 фоизини эмас, 20 фоизини қўллаймиз, деган тушунчада турибди. Лекин 20 фоиз ҳам барибир кўп.

Яна бир нарса бор бу ерда. Ҳуқуқбузарлик учун солиналиган жарима қонуний даромадга нисбатан олиниши жуда нотўғри деб биламан. Йиғилишда бу бўйича ҳам муносабат билдирилди, яъни нимага мен ҳозир қилган ҳуқуқбузарлигим учун ўтган чоракда қонуний ишлаб топган пулимдан келиб чиқиб жарима тўлашим керак, деган саволни қўйишди. Бу ўринли савол, албатта. Бизнесни автоматлаштирмаган тадбиркорлик субъектлари эса бу жаримага тушмайди ҳам, лекин ривожланаман деб ҳаракат қилиб, хатога йўл кўйган тадбиркорга бу жазо.

Кеча битта корхона муҳокама қилинди. Маркировкасиз товар сотгани учун акт қилишган. Лекин ҳолат бошқача бўлган, яъни кафеда спиртли ичимликни маълум миқдорда мижозга қуйиб берган. Шуни маркировкасиз деб акт қилишган, лекин қуйиб берилган ичимликда маркировка бўлган. Кафе-емакхоналарда бўлиб-бўлиб сотиладиган маҳсулотлар учун алоҳида тартиб йўқ. Кечаги йиғилишда ҳам Солиқ қўмитаси раиси бундай ҳолат учун тартиб жорий қилинмагунча янги қонун қўлланмайди, деган гапни айтди.

Ўша 50-100 грамм қуйган нарсаси учун корхонанинг 3 ойлик даромади олиб қўйилса. Бу муҳокама қилинган ҳолатда 139 млрд сўм жарима қилиниши айтилган. Яна бир қизиқ томони шундаки, ўша ичимлик қуйилган бардан ташқари бўлган бизнесларнинг ҳам даромади ҳисобланиб, жарима ичига кириб кетган. Жарима 20 фоизга камайтирилганда ҳам, 28 млрд сўм бўлади. Мантиққа тўғри келмайди бу.

Ўзи солиқ бўйича оддий бир мантиқ қоидаси бор: солиқ тадбиркор тўлай оладиган миқдорда бўлиши керак. Бизнесини ўлдирадиган даражада бўлиши керак эмас. 20 фоизга туширилган ҳолатда ҳам бизнесни ўлдиришга етарли бўлади. Иккинчидан, тадбиркор максимал даромадини кўрсатмасликка уринади, яъни яширин иқтисодиётни кучайтириши мумкин. Учинчидан эса коррупцияга йўл очади. Тўртинчидан эса бир одам бизнесларини бўлиб ташлашига тўғри келади, бўлмаса юқорида айтилган ҳолатдагидек барча бизнесларига таъсир қилади. Ажратиб ташлаш эса бизнес учун ноқулай муҳит, ривожланишни тўсади. Бизнесда бир соҳа ривожланиб, шу асосида бошқаси юзага келади. Агар ажратиб ташланса, ноқулай бўлиб қолади. Ўзи бу нарса корхоналарнинг тушумига қаратилгани яширишга, бўлиб ташлашга олиб келаверади, агар 1 фоиз жарима бўлса ҳам.

Ҳамма учун бир хил жавобгарлик бўлиши керак. Худди йўлда оддий “Жигули” ва “Мерседес” қоида бузганда икки хил жарима тўлашидай бўлиб қолади. Ҳозирги норма бўйича ҳамма ўзини кам даромадли қилиб кўрсатишга уриниб қолади. Яъни қайси корхона кўпроқ даромадини яширса, ўша корхона жаримага тўғри келганда ютадиган ҳолат юзага келади. Солиқлар аслида рағбатлантирувчи характерга эга бўлиши керак.

Шунинг учун таъсир чораси сифатида БҲМга кўра жарима белгилансин. Майли, 100 баробар қилсин. Шунда тадбиркорлар ўйлаб кўради, маркировкасиз товар сотмасликка ҳаракат қилади. Умуман, бизнесга кираётган одам фойда олишни кўзлайди.

227-модда маркировкалаш қоидаларини бузиш ва автоматлаштирилган ҳисоблаш дастурларини солиқ органига интеграция қилмаганлик учун қўлланади. Ўзи маркировкани ким қилиш керак, деган савол бор. Маркировкалашни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи корхона қилади, сотувчи эмас. Қонунда айнан маркировкалаш қоидасини бузиш назарда тутиляпти, бунда сотувчи сотгани учун жавобгарликка тортилмаслиги керак. Лекин амалда сотганларга нисбатан қўлланяпти.

Иккинчи ҳолат бўйича эса автоматлаштирилган ҳисоблаш дастурларини уламаганлар жавобгарликка тортилади. Аммо улар ривожланиш йўлидан бориб хатога йўл қўйган. Ваҳоланки, умуман автоматлаштирилган ҳисоблаш дастурларини ўрнатмай бизнес юритиб юрганлар ҳам бор.

Бу борадаги таклифимиз шуки, маркировкаланмайдиган товар сотадиганлар ҳисоблаш дастурларини солиқ органига интеграция қилмаган бўлса, касса аппаратидан ўтказмасдан сотиш даражасидаги жавобгарлик бўлиши керак.

Маркировкалаш бўйича қўлланаётган жазо 3 турга бўлиниши керак, деган таклиф берган бўлардик. Биринчиси – махсус ҳисоблаш дастурларини ишлатиш мажбурий бўлмаган корхоналар интеграциясиз ишлатганда алоҳида жавобгарлик; иккинчиси – маркировкаланадиган товарларни маркировкасиз сотганлик учун алоҳида жавобгарлик ва учинчиси – ишлаб чиқарувчи ёки импортёр корхона маркировкасиз товар чиқаргани учун алоҳида жавобгарлик. Шунда ўринли бўлади деб ўйлайман. Бўлмаса, ҳаммасини битта қозонга солиб, ўт ёқиб юборгандек бўлади. Бу нарса эса бизнес учун жуда хавфли. Жаримани тушумга боғлаб бўлмайди.

Достон Аҳроров суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Солиқ маслаҳатчиси 227-1-модда ҳақида: “Бу тадбиркорлар учун ўлим жазоси”