date

“Реал”да етакчи алмашди: янги сардор номи маълум қилинди

“Реал”да етакчи алмашди: янги сардор номи маълум қилинди
“Реал”да янги давр бошланди: Дани Карвахал энди жамоанинг расмий сардори

Мадрид клубининг икки тажрибали юлдузи – Лука Модрич ва Лукас Васкес жамоани тарк этганидан сўнг, жамоада етакчилик вазифасини ким ўз зиммасига олиши мавзусида кўплаб саволлар туғилган эди, деб хабар берди as.com.

Узоқ йиллар давомида “Реал” сафида меҳнат қилган ва ўз профессионаллиги ҳамда фидоийлиги билан бошқаларга намуна бўлган Дани Карвахалга энди сардорлик боғичи ишониб топширилди. Унинг жамоага ва мухлисларга бўлган садоқати уни бу ўринга муносиб қилиб кўрсатди.

Карвахал – “Реал” тарбияланувчиси. Унинг бутун фаолияти деярли фақат ушбу клубга бағишланган. У клубда нафақат профессионал футболчи, балки ички муҳитдаги мувозанатни сақлайдиган шахс сифатида ҳам қадрланади.

Аввалги сардор Лука Модрич жамоанинг ҳақиқий руҳий етакчиси сифатида танилган эди. Унинг кетиши клуб мухлислари учун оғриқли бўлди. Лекин энди Карвахал ана шу ўринни муносиб равишда эгаллаши кутилмоқда.

Шу билан бирга, клуб ички тузилмасида ҳам янги ислоҳотлар амалга оширилди. Энди Карвахалнинг биринчи ўринбосари сифатида Федерико Вальверде белгиланди. Жисмоний ҳолати, тинимсиз ҳаракати ва турли позицияларда самарали ўйнаши билан у сўнги йилларда жамоанинг энг барқарор аъзоларидан бирига айланди.

Бундан ташқари, иккинчи ўринбосар сифатида Тибо Куртуа ва Винисиус Жуниор каби юлдузлар ҳам ҳисобга олинган. Куртуа — жамоанинг калит нуқтаси бўлган посбон. Унинг тажрибаси ва тинчлантирувчи табиати ўйинда кўп марта муҳим аҳамият касб этган.

Винисиус эса ёш бўлишига қарамай, жамоанинг сўнгги йиллардаги юзига айланган. Унинг тўп билан ҳаракатлари, мухлислар билан муносабати ва доимо кучли рақибларга қарши ҳужумкор ўйини уни нафақат маркетинг жиҳатдан, балки сардорлик учун ҳам муносиб номзодга айлантирмоқда.

Жамоа раҳбарияти ушбу қарор орқали ички муҳитни барқарор сақлашни, ўйинчилар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Бу эса янги мавсумда “Реал” учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мухлислар эса энди Карвахал етакчилигидаги жамоадан юқори натижалар кутмоқда. Чунки сардор нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам жамоанинг юраги бўлиши керак.

Янги сардор – янги тарих. “Реал” бу қарор билан келажакка дадил қадам қўймоқда. Қолганини эса вақт ва натижалар кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Реал”да етакчи алмашди: янги сардор номи маълум қилинди