
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳисоботига кўра, жорий йил бошидан буён дунё бўйича гўшт нархлари ўртача 7 фоизга ошган. Ушбу ўсишда энг юқори кўрсаткич қўй гўштида қайд этилган — 31 фоиз.
FAO маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда қўй гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ошиши кутилмоқда. Қўй гўшти жаҳон гўшт бозорида энг динамик ривожланаётган ва тақчиллик мавжуд бўлган сегмент бўлиб қолмоқда.
Ҳозирда ушбу маҳсулот нархи тарихий максимал даражага етган. Австралия ва Янги Зеландиядан келаётган таъминот жаҳон бозоридаги талабни қоплай олмаяпти.
Экспортчилар эса даромадли бўлган АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари каби премиум бозорларига йўналмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон дунёда қўй гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ошадиган кам сонли бозорлар қаторига киради.
Бу эса ем базасининг мустаҳкамланиши ва қўйчилик соҳасида модернизация ишлари олиб борилиши билан изоҳланмоқда. Дунё бўйича мол гўшти нархи 12 фоизга, чўчқа гўшти эса 7 фоизга ошган.
Истисно ҳолат сифатида товуқ гўшти кўрсатилиб, ишлаб чиқаришнинг 2,9 фоизга ошиши сабабли унинг нархи пасаймоқда. 2025 йилда жаҳон бўйича гўшт савдоси ҳажми 43 миллион тоннагача етиши кутилмоқда.
Асосий ўсиш омили АҚШдаги мол гўшти бозорига бўлган юқори талаб бўлиб, бу ерда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми талабни қоплаш учун етарли эмас. Янги тарифлар сабабли Бразилия АҚШга етказиб беришни қисқартириб, Хитой бозорига йўналмоқда.
Товуқ гўшти бозорида эса Хитой, Таиланд ва Туркия каби кичик экспортчилар фаол ўсиб, йирик етказиб берувчиларнинг бозор улушини қисқартирмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.