Фото: «kopejsk.ru»/Қовун пашшаси.
2019 йилнинг бошидан 19 февралгача (бир ярим ойдан кўпроқ) Ўзбекистондан Қозоғистон Республикасига 700 тоннадан зиёд анор маҳсулоти экспорт қилинган. Натижада айнан анор экспортидан 1 миллион АҚШ долларига яқин даромад олинган. Аслида, бу рақамдаги ноллар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин эди. Бироқ бунга — анордан «Pseudococcus comstocki» ёки ўзимизнинг тилда айтганда «Комсток қурти» топилгани халал берди.
Кейинги воқеалардан, яъни қўшни давлат Ўзбекистондан анор олиб киришга тақиқ кўринишидаги вақтинчалик карантин фитосанитар чекловлари жорий этгани ҳамда томонлар ўртасидаги музокаралардан сўнг — 14 мартдан тақиқ олиб ташланганидан хабарингиз бор, албатта. Афсуски, бу ягона ҳолат эмас. Дейлик, 2016 йилда ўзбек қовунлари таркибида қовун пашшаси аниқлангани туфайли Корея Республикаси ҳам айни чорани қўллаган эди...
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, мамлакатни миллионлардан маҳрум этаётган зараркунандаларга қарши қандай курашилаяпти? Ўсимликларни «Комсток қурти» ёки «Қовун пашшаси»га ўхшаш кушандалардан қандай ҳимоя қилиш мумкин?
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларнинг 50 фоизи зарарли организмлар таъсирида нобуд бўлмоқда. 1939 йилда Япониядан келтирилган тут кўчати орқали Ўзбекистонда ҳам тарқалган комсток қурти ана шундай ўта хавфли зараркунандалардан ҳисобланади. Ушбу ҳашарот тут дарахтидан ташқари, шафтоли, анор шунингдек маккажўхори, картошка, сабзи, лавлаги, карам, помидор, қовоқ, қовун, тарвуз каби 300га яқин ўсимликлар учун офатнинг ўзгинаси. Улар дарахт танаси, шохлари ва баргларида колония бўлиб жойлашади ва дарахт ширасини сўриб, ўсишини заифлаштиради ҳамда қуритади.
Комсток қуртининг биологик хусусиятлари, ҳар қандай дарахтда учраши, панада ҳаёт кечириши туфайли унга қарши курашиш жуда қийин. Аммо бу — зараркунанданинг «хотиржам» ҳаёт кечириши учун ҳамма шароит яратилган, дегани эмас. Бу борада Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан ташкилий-хўжалик, агротехник, биологик ва кимёвий усулларни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, ушбу зараркунандани аниқлаш бўйича 6544 гектардан зиёд майдонда мониторинг ўтказилди.
Бундан ташқари, иқтисодий зарари жиҳатидан комсток қуртидан қолишмайдиган бошқа ҳашаротлар, жумладан шу кунларда деҳқон ва фермерларнинг энг катта «душмани»га айланган қовун пашшасига қарши кураш ҳам соҳа мутахассислари олдида турган энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, қовун пашшаси полиз экинлари вегетацияси даврида қовуннинг 90-100 фоизи, тарвузнинг 20-25 фоизи, қовоқнинг эса 5-10 фоизини исроф қилади.
«Myopardalis pardalina», яъни қовун пашшаси юртимизга 2002 йилда Кавказ ва Кавказолди ҳудудларидан Туркманистон орқали кириб келган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кенг тарқалган. Ҳашарот қиш мавсумида бир неча сантиметр тупроқ остида сохта ғумбак ҳолида яшайди. Май ойи охири ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, яъни қовун палакларининг гуллаши ва мева тугиши даврида учиб чиқади. У билан зарарланган меваларнинг эт қисми ниҳоятда аччиқ бўлади ва ҳатто чорва моллари истеъмоли учун ҳам яроқсиз ҳисобланади.
2012 ва 2016 йиллар мобайнида юртимизда ушбу зараркунанданинг ўчоқлари кенгайиши оқибатида катта майдондаги қовунзорларга зарар етган ва Корея Республикаси томонидан қовун экспортига чеклов ўрнатилишига сабаб бўлган эди.
Яхши маълумки, мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, унинг экспорт салоҳияти билан белгиланади. Шундан бўлса керак, миллий маҳсулотлар учун хориждан янги бозорларга йўл очиш — давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Сўнгги йилларда бу борада сезиларли муваффақиятларга ҳам эришилди. Масалан, ҳозирги кунда биргина қовун экспорти бўйича Япония, Ҳиндистон, Марокаш, БАА, Малайзия, Сингапур каби давлатлар билан келишувга эришилган бўлса, жорий йилда яна Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Вьетнам, Таиланд, Индонезия, Иордания сингари мамлакатлар карантин хизматларидан экспорт учун рухсат олиниши кутилмоқда.
Қанча кўп маҳсулот четга чиқса, бу — тараққиётга, одамларнинг яхши яшашига, хорижда Ўзбекистон бренди шаклланиши, имижининг ошишига хизмат қилади. Мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг янада юксалиши учун карантин тадбирларини ўз вақтида қўллаш, зараркунандаларга қарши курашнинг тизимли ва комплекс дастурларини татбиқ этиш талаб этилади.
Инспекция ташаббуси билан ўсимликларни турли зарарли организмлардан ҳимоя қилишда муайян ҳашарот ёки зараркунандага қарши курашнинг долзарб 15 кунлигини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилгани, (жорий йилнинг 20 июнидан 5 июлигача қовун пашшасига қарши курашнинг долзарб 15 кунлиги эълон қилинган), Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида 200 дан зиёд «Ўсимликлар клиникаси» ташкил этилиши бу борадаги вазифаларни бажаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бироқ, фақат мутасадди ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Бунинг учун энг аввало самарали жамоатчилик назорати ўрнатиш, одамларда фитосанитар маданиятни шакллантириб бориш зарур. Шундан келиб чиқиб, барча юртдошларимизни, фермер ва деҳқонларни масъулиятни чуқур ҳис этишга, машаққат билан етиштирган маҳсулотларини зараркунанлардан асрашда инспекция мутахассислари ва «ўсимликлар клиникаси» билан доимий ҳамкорлик қилишга чорлаб қоламиз.
«Ўздавкарантин» ахборот хизмати
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди