Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги муҳим қарор қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳукуматлари ўртасидаги ҳаво қатновига оид келишув расман тасдиқланди.
Мазкур халқаро битим 2024 йил 22 октябрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида имзоланган бўлиб, у икки мамлакат ўртасидаги авиация соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Келишув ҳаво қатнови соҳасида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, рейслар географиясини кенгайтириш ва йўловчи ҳамда юк ташиш имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Президент қарорига мувофиқ, мазкур шартномани амалга ошириш учун масъул ваколатли идора сифатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги белгилаб берилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари шартнома кучга кирганидан сўнг унинг барча шарт ва талабларининг амалий ижросини таъминлаш юзасидан қатъий назоратни таъминлаш вазифаси юклатилди.
Бу каби халқаро келишувлар Ўзбекистоннинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш билан бирга, мамлакатнинг халқаро майдондаги позициясини янада мустаҳкамлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!