Адлия вазирлиги пахта ва ғаллага давлат буюртмаси бекор бўлиши, бунинг мамлакат иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тутган ўрнини таҳлил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатида давлатимиз ривожи учун ўта муҳим ғоялар ва ислоҳотлар илгари сурилди. Барчаси тегишли соҳаларнинг олдинга қараб дадил қадам қўйишига замин яратади, уларнинг комплекс тарзда ҳаётга татбиқ этилиши эса давлатимизни узоқ муддатли барқарор ривожланишга сабаб бўлиши шубҳасиз.
Шулар ичида Ўзбекистоннинг охирги асрлардаги иқтисодий-ижтимоий воқеалиги, керак бўлса, халқининг тақдирига катта таъсир қилиб келган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инқилобий янгилик халққа эълон қилиндики, бу мурожаатда тилга олинган энг эътиборли ва қадрли мавзулардан эканлигини эътироф этиш зарур. Яъни пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини бекор қилиш қарори кульминацион ва стратегик аҳамиятга эга янгиликдир.
Бу нега муҳим?
Нима учун бу шунчалик муҳим деган савол туғилиши табиий.
Қисқача айтганда, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор бўлиши фермерлар фаолиятида тубдан ўзгариш келтириб чиқаради, уларнинг ўз ерларида фаолият юритиш эркинлигига туртки беради, рақобат ўсади, яъни манфаат кучаяди, бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалигида унумдорликнинг ошишига олиб келади.
Президентимиз ҳам пахта ва ғалла халқимизнинг косаси оқаришига олиб келмаганини кўп маротаба таъкидлаб келмоқдалар: “Афсуски пахта бизни боқмади” дейилди давлат раҳбари нутқида. Шу боис сўнгги пайтларда мазкур соҳадаги либерал ислоҳотлар дадил амалга оширилмоқда, шу сабабли ушбу қарорни мурожаатдаги энг муҳим янгилик, десак муболаға бўлмайди.
Қишлоқ хўжалиги, хоҳлаймизми-йўқми, бошқа барча соҳаларнинг фаолиятига, керак бўлса, ушбу соҳаларнинг ривожланиш истиқболларига, ҳаттоки, тақдирига таъсир қилиб келмоқда. Жумладан, аграр соҳадаги мавжуд муносабатлар давлатдаги қонун устуворлигини таъминлашга, шартномавий муносабатларнинг ривожланишига, моддий ресурсларнинг тақсимланиш принципларига, давлатдаги нарх сиёсати юритилишига, маъмурий ислоҳотларга (яъни қайси орган аслида қайси функцияларни бажариши керак), корпоратив бошқарув тизимига ёки банк-молия соҳасининг ишлаш принципларига, умуман, бозор иқтисодиётининг қарор топишига, қишлоқ ҳудудларининг ривожланишига таъсир қилади.
Чунки бу соҳанинг реал ишлашини таъминлаш учун сафарбар этиладиган кучлар юқоридаги соҳалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва ўз-ўзидан уларни ўз таъсири остига олади.
Шуни эътиборга олиб, қишлоқ хўжалигидаги енгилликлар бошқа соҳалардаги мавжуд қоидалар, принциплар, муносабатларнинг ҳам ривожланишига олиб келади, дейиш мумкин. Пахта ва ғаллага давлат буюртмасининг бекор бўлиши эса буюртмачининг бу соҳага аралашувини камайтиради. Бу борада сафарбар этиб келинган ресурслар мақсадга мувофиқ тақсимланади: хусусан, ҳокимликларга бошқа муҳим стратегик вазифалари, айниқса, бугунги кунда энг долзарб бўлган ижтимоий соҳа билан шуғулланиш имконияти яратилади.
Ривожланиш омиллари
Кун тартибида қишлоқ хўжалигига янги технологиялар, инновациялар киритиш жуда долзарб масала сифатида кўндаланг қўйиляпти, инвестициялар, рақобатбардош маҳсулотлар, меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича чоралар кўриляпти.
Бу улкан трансформация жараёнини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигида қандай шароит ва муҳит бўлиши лозим, деган ҳақли савол туғилади, албатта.
Умуман олганда, ҳар қандай соҳада бўлгани каби, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига катта туртки бўлувчи омиллар мавжуд бўлиб, улар ичида энг муҳим ва фундаменталларидан бири – бу мулкка, мулкий ҳуқуқларга бўлган муносабат ва шароитдир.
Тарихга назар солиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларга эришган ёки хатоларга йўл қўйган мамлакатлар тажрибасини ўргансак, ушбу энг базавий қоида, яъни ерга бўлган ҳуқуқларнинг ҳимояланганлиги даражаси қайта-қайта марказий омил сифатида гавдаланаверади.
Бу ерда гап ерга нисбатан хусусий мулкчилик муносабати тўғрисида кетмаяпти, балки ҳар қандай ҳуқуқнинг кафолати, яъни шу ҳуқуқни берувчи томонидан "ўйин қоидалари"га риоя этилиши, қоидаларнинг тез-тез ўзгаришига йўл қўйилмаслиги, яъни барқарорлиги, энг хавфлиси эса, ушбу ҳуқуқлардан жудо этмаслик истиқболларидир. Бу борада объектив нуқтаи назардан хавф-хатар қанча баланд бўлса, жозибадорлик шунча кам бўлаверади.
Бу албатта янгилик эмас, барча соҳада худди шу базавий тамойиллар ҳукмрон. Лекин айнан юқоридаги каби барқарор муносабатнинг мавжуд бўлиши ерга, демакки, қишлоқ хўжалигига инвестиция объекти сифатида қаралишига олиб келади.
Яъни инвестор/фермер/тадбиркор ўз истиқболини олдиндан режалаштириб, манфаатини ҳисоб-китоб қилиб, мулкий объектларидан энг мақбул тарзда фойдаланиш йўлларини излайди, ер ҳақида қайғуради, тупроқ унумдорлигини ўйлайди. Қўшимча рақобат муҳитининг мавжуд бўлиши эса, уларни ўз ҳаракатларини кўп маротаба амалга оширишга мажбур қилади.
Ер ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш институтлари учун муҳим омил сифатида, биринчи навбатда, хавфсизлик туради. Айнан шу туйғу, яъни хавфсизлик даражаси мулкдор ёки ер фойдаланувчисининг ерга нисбатан қандай қарорлар қабул қилишига бевосита таъсир қилади: инвестиция киритадими ёки йўқ, уни асраб авайлайдими ёки йўқми? Шунинг учун ҳам, ерга бўлган ҳуқуқлар давлатлар томонидан расмий рўйхатдан ўтувчи ҳуқуқлар ичида шакллана бошлаган ва тегишлича ҳимояланган. Айрим давлатларда эса, масалан Германияда анъанавий равишда судлар томонидан ерга бўлган ҳуқуқлар рўйхатга олиб келинган (ҳозир ҳам шундай). Ерга нисбатан ҳуқуқ энг кўп қадрга-қийматга эга ҳуқуқ бўлгани учун ҳам, судлар унинг ҳимоясига отланган.
Ёки аксинча, ҳар томонлама объектив фаолият юритувчи, ер ҳуқуқлари ҳимоясини қатъий равишда таъминлай оладиган тизимнинг, яъни давлат институтларининг мавжуд бўлмаслиги ер муносабатларида тартибсизликка олиб келиши мумкин. Бу масалада қонунларда кафолатлар белгиланган бўлиб, улар амалиётда татбиқ этилмаса ҳам худди шундай салбий оқибатлар юз беради (Уганда, Мексика).
Давлатлар ҳар хил, миллатлар, урф-одатлар ва дунёқараш турлича бўлиши мумкин. Лекин фундаментал қоидалар барча жабҳаларда бир хил натижа беради. Хусусан, қишлоқ хўжалигидаги асосий ривожланиш омилларининг негизида самарали ва шаффоф, тенгликни таъминловчи институтларнинг ишлаши, мулкий ҳуқуқларнинг ҳимояланиши, эртанги кунни режалаштира олиш имконияти, асоссиз ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлиш хатарларининг йўқлиги ётади. Агар биронтаси ишламаса, бутун бир механизм, яъни тизим ёки соҳа ишламайди. Ердан фойдаланувчида рағбат ва манфаат бўлмаса, биронта формула самара бермайди.
Шундай экан, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор бўлиши ҳам айнан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ўз ерларидан ўзлари хоҳлаганича фойдалана олиши, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб экинларни жойлаштириши ва нархларни шакллантиришини тақозо этади. Ерларга бўлган ҳуқуқлар ҳимоясининг янада кучайтирилиши эса қишлоқ хўжалигидаги унумдорлик ва ривожланишни жуда юқори даражага кўтариши аниқ. Ушбу қадам қишлоқ хўжалигида Ўзбекистон тарихида янги давр бошланганидан далолат беради.
Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4575-сон қарори мурожаатда белгиланган вазифаларнинг ижросига жиддий киришилганлигини англатади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик стратегиясини 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирларини кўзда тутувчи мазкур қарорда бу борада аниқ механизмлар кўзда тутилган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади