date

Аканжи “Сити”дан кетади, “Галатасарой” Ҳусанов учун асосий таркибга йўл очмоқда...

Аканжи “Сити”дан кетади, “Галатасарой” Ҳусанов учун асосий таркибга йўл очмоқда...
“Манчестер Сити” жорий мавсумда қатнашадиган барча мусобақаларда бош мукофот учун кураш олиб боришни мақсад қилган. Жумладан, Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоа учун Англия Премьер-лигасида чемпионликни “Ливерпуль”дан қайтариб олиш ҳамда Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучиш бош вазифалардан бири саналади.

Испаниялик мураббий ушбу мақсадларга эришиш мақсадида жамоа сафини янгилашда давом этмоқда. Қишда Абдуқодир Ҳусанов билан бошланган янги трансфер сиёсати ҳали ҳам давом этмоқда. Бу вақтгача “шаҳарликлар” ўзбек ҳимоячисидан ташқари Нико Гонсалес, Умар Мармуш, Витор Рейс, Жума Ба, Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури ва Райан Шерки каби футболчиларни ўз сафига қўшиб олди.

Шу билан бирга, Хосеп Гвардиола клуб раҳбариятини жамоани ихчам шаклда сақлаш ниятида эканини олдиндан билдирган. Бу эса “Сити” айрим футболчилар билан хайрлашиши мумкинлигидан дарак беради.

Англия футболи ҳақида мунтазам ёритувчи – esteemedkompany.com сайти маълум қилишича, Туркиянинг “Галатасарой” клуби марказий ҳимоячи Мануэль Аканжи трансфери борасида иш бошлаган. Бу ҳолат “Сити”даги вазиятни янада яққолроқ кўрсатмоқда.

- “Манчестер Сити”да ҳимоя чизиғининг марказида ортиқча футболчилар йиғилиб қолган. Гвардиоланинг жамоасида юқори даражали бир нечта марказий ҳимоячи мавжуд. Шу боисдан, жамоа сафини қисқартириш мақсадида улардан баъзиларини сотиб юбориш режалаштирилмоқда.

Агар бу ёзда ҳимоя чизиғини тарк этувчи футболчилар рўйхатини кўриб чиқсак, биринчи навбатда Мануэль Аканжи номзод сифатида тилга олинади. “Галатасарой” эса швейцариялик футболчини қўлга киритиш учун ҳаракатларни бошлаб юборган.

Туркиялик журналист Яғиз Сабунжуўғлининг маълум қилишича, “Галатасарой” Аканжининг трансфери бўйича шароитларни ўрганмоқда ва агар футболчи маошини қисқартиришга рози бўлса, “Сити”га расмий таклиф юборилади.

Ҳозирги пайтда “Манчестер Сити” таркибида Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Жон Стоунз, Натан Аке, Мануэль Аканжи, Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс каби кучли марказий ҳимоячилар бор. Улар орасида Диаш, Гвардиол ёки Ҳусановнинг жамоани яқин вақтда тарк этиши эҳтимоли деярли йўқ.

Стоунз ва Аке жамоа учун стратегик фигуралар саналади. Витор Рейс эса янги мавсумни ижарада ўтказиши мумкин. Шу сабабли, Мануэль Аканжи сотувга қўйилиши мумкин бўлган асосий номзодга айланмоқда. Унга “Сити”нинг яқин режаларида ўрни қолмаётганга ўхшайди.

Агар Аканжи жамоада қоладиган бўлса, унга кучли рақобат юкланиши аниқ. Чунки Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда муҳим ўринни эгаллаш учун кураш олиб бориши кутиляпти. Клуб эса ўзбек ҳимоячисига етарли майдонда ўйнаш имконини бериш учун Аканжи билан хайрлашиш йўлини танлаши мумкин.

Мануэль Аканжининг келажаги кўпроқ унинг шахсий қароридан келиб чиқади. Унинг жорий шартномаси 2027 йилнинг ёзигача амал қилади. Агар у “Галатасарой” вариантини маъқул кўрса, ушбу трансфер ҳар икки жамоа учун ҳам мураккабликсиз амалга оширилиши мумкин, – дея ёзади esteemedkompany.com таҳлилчиси Адам Марретт.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аканжи “Сити”дан кетади, “Галатасарой” Ҳусанов учун асосий таркибга йўл очмоқда...