08:58 / 03.03.2020
3 852

«Ўйин қоидалари ўзгариши керак» – Юлий Юсупов ислоҳотлар йўлидаги энг катта муаммо ҳақида

«Ўйин қоидалари ўзгариши керак» – Юлий Юсупов ислоҳотлар йўлидаги энг катта муаммо ҳақида
Фото: Халқаро пресс-клуб
Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган «C7 – Жаҳон иқтисодиёти ва бизнес» халқаро анжуманида «Ўтмишдан қандай қилиб келажакка ўтиш мумкин?» мавзусида маъруза қилди.

Халқаро анжуманни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.
«Иқтисодиётнинг ривожланганлик даражаси қандай ўлчанади? Аҳоли жон бошига ЯИМ деган тушунча бор. Идеал кўрсаткич эмас, лекин бироқ бундан яхшироғи ҳали ўйлаб топилмаган.

Аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Ўзбекистон 40та энг камбағал давлатлар қаторига киради. Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 1 минг 532 долларни ташкил қилади (2018 й). Камбағал мамлакатлар категориясига сўнгги 20-25 йил ичида тушиб қолдик.

Мана бу жадвал энг камбағал 40та мамлакат қаторига қандай қилиб тушиб қолганимизни кўрсатади:

Биринчи устун – мамлакатлар, собиқ СССР мамлакатлари, айримлари қўшниларимиз. Иккинчи устун – 1995 йилда аҳоли жон бошига тўғри келган ЯИМ. Учинчи устун – 2018 йилда аҳоли жон бошига тўғри келган ЯИМ. Тўртинчи устунда эса неча баробар ўсиш кузатилгани кўрсатилган. Бу – доллардаги номинал ўсиш. Шуни тушуниш керакки, бу реал ўсиш эмас. Лекин мамлакатларни бир-бири билан таққослаш мумкин.

Бу жадвалга қараб, Ўзбекистон мана шу йиллар давомида мазкур мамлакатларга нисбатан энг ёмон ривожланганини кўришимиз мумкин. Иқтисодий ривожланиш суръати энг паст бўлган.

Биз бир жойда турмаганмиз, ривожланганмиз. Бироқ мамлакатларнинг кўпчилиги тезроқ ривожланган, натижада биз аста-секин 40та энг камбағал мамлакат қаторига тушиб қолдик.

Келинг, буни факт сифатида қабул қиламиз. Асосий вазифамиз – нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, балки турмуш даражасини ҳам ошириш.

Биринчи савол, бу нималарга боғлиқ?
Адам Смит давридан бошлаб, иқтисодчилар айрим саволларга жавоб топишга ҳаракат қилишади: нима учун айрим мамлакатлар бой, айримлари эса камбағал?

Институтлар ва иқтисодчилар бу саволга умумий жавоблар беришади. Гап одамлар хилма-хил эканида эмас, одамлар ҳамма ерда бир хил. Ҳеч ким бир-бирига ўхшамайди ҳам. Гап одамларнинг турлича эканида эмас, уларнинг хулқ-атворида. Одамларнинг хулқ-атвори ўйин қоидалари ва жамоат ташкилотларини белгилайди. Биз мана шу ўйин қоидаларига асосан яшаймиз.

Ўйин қоидалари бу – расмий институтлар, қонунлар, бошқа норматив ҳужжатлар. Норасмий институтлар бу – стереотиплар, хулқ-атвор, анъаналаримиз.

Қайси мамлакатда қандай ўйин қоидалари мавжудлигига қараб, одамлар бир хил вазиятда ўзларини турлича тутадилар.

Бой ва камбағал мамлакат бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?
Айнан ўйин қоидаларининг фарқланиши билан.
Камбағал мамлакатда ўйин қоидалари ёмон. Улар одамларни пул ишлаб топиш, пулни жағариш ва инвестиция қилиш, инновацияларни татбиқ этишга рағбатлантирмайди.

Бой мамлакатларда эса бари аксинча. Улардаги ўйин қоидалари одамларни юқоридагиларни амалга оширишга мажбурлайди. Натижада эса улар бой.
Агар биз юқори даромадли, ривожланган иқтисодиётни қуришни истасак, ўйин қоидаларини ўзгартиришимиз керак. Биз яшаган ўйин қоидалари жуда ёмон эканини тан олишимиз керак. Бекорга энг камбағал 40та мамлакат қаторидан жой олмадик.

Ўйин қоидалари қачон пайдо бўлди?
Улар яқинда пайдо бўлган. Тўғри, кўпчилигининг илдизи ўтмишга бориб тақалади. Бироқ қоидаларнинг асосий қисми 1996 йилдан кейин, иқтисодиёт қонунларини унутиб, иқтисодий ривожланишнинг шахсий (ўзбек – таҳр.) моделини қуришга қарор қилганимизда пайдо бўлди.

Биз кўпроқ жаҳон бозорларига ёпиқ бўлган, асосий ролни давлат амалдорлари ўйнайдиган, (ресурсларни улар тақсимлайди, нархларга ва алмашинув курсига таъсир кўрсатади), рақобат муҳити кучсиз бўлган иқтисодиётни қурдик. Биз ана шундай моделни қурдик.

Биз ана шундай паст турмуш даражаси ва иқтисодий ривожланишга маҳкуммизми?
Йўқ, маҳкум эмасмиз. Нима учун? Қатор мамлакатлар, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари бор. Нисбатан қисқа вақт – бир неча 10 йиллар эмас, бир неча йил ичида камбағал, коррупция юқори, ёмон институтларга эга мамлакатдан, бой мамлакатлар разрядига ўтишган. Бундай мамлакатлар бир неча дона. Лекин улар бор.

Бойроқ мамлакатга айланишга бизда ўзига хос шарт-шароит бор.
Бизда меҳнатсевар, тадбиркор аҳоли бор. Бой табиий ресурсларга эгамиз. Географик жойлашувимиз қулай, чунки Евроосиё марказида жойлашганмиз. Биз Евроосиёнинг савдо, логистика ҳабига айланишимиз мумкин.

Бунинг учун нима қилиш керак? Камбағал мамлакатни қандай қилиб бой мамлакатга айлантириш мумкин?
Ўйин қоидаларини ўзгартириш. Институтларни ўзгартириш. Ўйин қоидалари, институтларни ўзгартириш – ислоҳот деб аталади. Бизда самарали ўйин қоидалари, ишлайдиган бозор иқтисодиётини яратиш имконини берадиган ислоҳотларни ўтказиш керак.

Ўйин қоидаларини ўзгартиришдан осон нарса йўқдек: янги ўйин қоидаларини ёзиб, эскиларини янгисига алмаштирилса, бари ишлаб кетадигандек.

Аслида инсоният тарихида сўнгги бир неча 100 йил ичида ўтказилган тубдан, радикал ислоҳотларга қарайдиган бўлсак, 100та уринишдан 5-10таси муваффақиятли. Фақатгина 1таси жуда муваффақиятли. Қолганлари муваффақиятсизликка учраган.

Нима учун?
Чунки тизимли даражадаги қоидаларни тубдан ўзгартириш айниқса жуда мураккаб. Бу қоидалар бир-бири билан узвий боғлиқ. Улар қаршилик кўрсатади. Ана шу институтга боғлиқ бўлган, қўшимча даромад оладиган одамлар бу ўзгаришларга қаршилик кўрсатади.

Бу – ислоҳотларни амалга оширишдаги асосий муаммо. Биз оқимга тушиб қоламиз. «Оқим эффекти» [path dependence].
Кўпчилик ҳолларда ислоҳотлар ана шу муаммога дуч келади.

Ана шу оқимдан чиқиш учун сўнгги йилларда Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилди?
Биз жуда муҳим ислоҳотларни амалга оширдик.

Биринчидан, валюта бозори либерализациясини амалга оширдик. Бу жуда муҳим ва мураккаб. Бу нима учун муҳим? Чунки эски иқтисодий тизим, институтлар эски валюта бозори билан боғлиқ эди. Уни ўзгартирмас эканмиз, бошқа ислоҳотларни ўтказа олмасдик. Буни 2017 йилда амалга оширдик.

Иккинчидан, чегараларни очиш, ташқи-иқтисодий фаолиятни модернизация қилиш борасида кўп ишларни амалга оширдик. Экспорт олдидаги тўсиқлар, солиқ тўловларини қисқартирдик. Қўшниларимиз билан чегараларни очдик. Қўшни мамлакатлар билан чегаралардан одамлар, товарларнинг ўтишини чеклаш – бу биз яратган ҳақиқий «Берлин девори» эди. Чегаралар ҳеч қачон бўлмаган, бу миллионлаб одамларнинг фожиаси эди.

Учинчидан, биз банк секторида пул айланмаси тизимида ислоҳот ўтказдик.

Банк тизими даҳшатли бўлган, мижозларга йўналтирилмаган эди. Банклар ҳар бир чек учун комиссион йиғим олиш билан шуғулланишарди. Тизимдаги пуллар даҳшатли ҳолатда эди: бозорга келганингизда нарх турлича бўларди – нақд пул, доллар, карточка, корпоратив карточка, пул ўтказиш учун турлича нархлар айтиларди. Нархлар ўртасида тафовут бўларди. Бу – ҳар бир валютачи ўз валютасини босиб чиқарадиган феодал тизим эди. Марказий банк ўз валютасини босиб чиқарарди. Бозорга борганингизда бир рюкзак пул билан бориш керак эди, чунки энг оддий нарсаларни сотиб олиш учун ҳам ана шу минг сўмлик купюраларни олиб юриш керак бўларди. Биз ҳамён нима эканини унутгандик. Бу ерда ҳам кўп ишлар амалга оширилди. Банклар ихтисослашди.

Катта ютуқларга эришилган тўртинчи йўналиш – солиқ ислоҳотлари.
Эски солиқ тизими ҳар сонияда иқтисодиётимизни ўлдираётганди. У иқтисодий ривожланиш учун ҳеч қандай имконият қолдирмаётганди. Тадбиркорлар ўз фаолиятига асос солиш учун қандай ҳаракат қилмасин, эски солиқ тизимида тақиқ, чекловлар топиларди.

Кенгайишни истайсизми? Кенг ҳажмдаги иқтисодиётдан фойдаланишни хоҳлайсизми, умумий режимга ўтасиз, солиқ юки бир неча мартага ортади.
Кўпроқ ишчиларни ишга оласизми? Солиқлар шундай қилинардики, одамларга маош тўлаш имкони бўлмасди. Эски солиқ тизими тадбиркорларга ҳеч қандай имконият қолдирмасди.

Ўтган йили солиқ ислоҳотини ўтказдик. Айрим амалдорларда уни «оқимда» қолдириш истаги бўлди. Биз уни [эски солиқ тизимини] қолдирмадик. Биз уни катта хатолар, пробеллар билан амалга оширдик, азият чекканлар кўп. Лекин амалдаги солиқ тизими бир неча йиллар олдингига қараганда яхшироқ.

Сўнгги йилларда амалга оширилган муҳим ислоҳотлардан бири – бизнесни юртишдаги маъмурий тўсиқларнинг қисқартирилиши.

Кўплаб тўсиқлар бартараф этилди. Бизнес эркинроқ бўлиши керак, тадбиркор бозор иқтисодиётида шуғулланиши керак бўлган ишлар билан машғул бўлиши мумкин. Бунга қадар вақтнинг 80 фоизи функциялар, операциялар, ҳукумат билан алоқаси учун сарфланарди. Бошқа мамлакатларнинг хаёлига ҳам келмайдиган операциялар учун вақт кетарди, лекин тадбиркорларимиз улар билан шуғулланарди.

Бу – фақат бошланиши. Аслида ҳали жуда катта ислоҳотлар амалга оширилиши керак. Иқтисодиётимизнинг бошқа соҳа, секторларида ўйин қоидаларини ўзгартириш керак.

Менинг назаримда амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотлар қайсилар?
Ҳозирда биринчи рақамли муаммо – мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Ҳамма ерда мулк ҳуқуқини ҳимоя қилувчи шаффоф тизимни яратмас эканмиз, бозор иқтисодиёти ривожланмайди, инвесторлар бу ерга келмайди. Бунинг учун «тешиклари», қарама-қаршиликлари, ортиқча тақиқлари кўп бўлган қонунчиликни қайта кўриб чиқиш керак.

Суд тизимини ислоҳ қилиш керак. Суд тизими ҳозирда ўзининг асосий функциясини етарли даражада бажармаяпти: одамларнинг ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилмаяпти.

Иккинчи йўналиш – рақобатбардош муҳитни яратиш. Корхоналарга яратилган шароитлар тенг эмас. Рақобат – бозор иқтисодиётининг двигатели. Ривожланган рақобат муҳитини яратмас эканмиз, олдинга ҳаракатлана олмаймиз. Бунинг устида кўп иш олиб бориш керак.

Учинчиси – административ ислоҳотлар. Бу энг мураккаби. Бу – давлатнинг ўзини ислоҳ қилиш. Бизда давлат бошқарувининг эскирган, самарасиз тизими амал қилмоқда. Капитал ислоҳотлар зарур.

Давлат сектори ва қишлоқ монополияси секторидаги ислоҳотлар. Энг йирик корхоналарнинг кўпчилиги, йирик банкларнинг барчаси давлатга тегишли. Банк активларининг 80 фоизидан кўпроғи давлатга тегишли. Монополиянинг барча секторлари давлатга тегишли. Бу жуда самарасиз тизим, уни ислоҳ қилиш керак ва бу йўналишда қиладиган ишлар жуда кўп.

Рақобатни ривожлантириш керак, жумладан, бизда табиий монополия саналадиган соҳаларда ҳам. Аслида кўпчилиги табиий эмас, сунъий равишда яратилган. Бу соҳаларда ҳам бемалол рақобатни ривожлантириш мумкин.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш. Ҳали ҳам иқтисодиётимизнинг энг кўп бошқариладиган сектори. Ўтган йили қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Жорий йилда президент давлат буюртмаси бекор қилинишини айтди. Пахта ва ғалла учун давлат буюртмаси социализм эмас, феодализм сарқити эди. Биз ва ниҳоят буни амалга оширишни бошладик. Яқин келажакда яна ислоҳотлар амалга оширилиши керак.

Ижтимоий соҳа – таълим, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш. Қандайдир олдинга силжишлар бор, лекин аслида жуда жиддий ва катта ислоҳотлар амалга оширилиши керак.

Бу энг, энг, энг базавий ислоҳотлар. Аслида жуда кўп ислоҳотлар ўтказилиши керак.
Ислоҳотлар ўтказсак, юзага келган ана шу «оқимдан» чиқиб кетсак, иқтисодий ривожланиш, бой иқтисодиётни яратиш учун имконият пайдо бўлади», – дейди Юлий Юсупов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » «Ўйин қоидалари ўзгариши керак» – Юлий Юсупов ислоҳотлар йўлидаги энг катта муаммо ҳақида