АҚШнинг йирик компанияларида бош директорлар (CEO) алмашинуви сўнгги йигирма йил ичидаги энг юқори даражага чиқди. 2025-йилда ҳозиргача S&P 500 индексига кирувчи 41 компания раҳбари алмашган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилги 49 та ҳолатга яқинлашмоқда.
Бу ўзгаришларга асосий сабаблар сифатида акциядорлар фаоллигининг ошиши, бошқарув кенгашларининг мустақиллиги, молиявий натижаларнинг кучли босим остида бўлиши ва раҳбарларнинг хулқ-атворига бўлган талабчанлик сабаб бўлмоқда.
Яқинда Procter & Gamble компанияси раҳбари Жон Моэллер ўрнини Шайлеш Жежурикар эгаллаши эълон қилинди. Tylenol дорисини ишлаб чиқарувчи Kenvue эса раҳбарни компания акциялари 16,5%га тушиб кетганидан кейин алмаштирди.
Ўзгараётган бошқарув кенгашлари
Охирги йилларда кўплаб компания бошқарув кенгашлари таркиби янгиланиб, турли миллат, жинс ва тажриба вакиллари қўшилди. Бу эса уларнинг мустақиллигини оширди ва раҳбарларга нисбатан талабчанликни кучайтирди. Энди раҳбарлар фақат натижа учун эмас, балки компания маданияти ва ижтимоий қадриятларга мослиги учун ҳам жавобгар.