АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашиш ёки учрашув излаш нияти йўқлигини қатъий таъкидлади. The Hill нашрининг ёзишича, Трамп бу мавзу атрофида тарқалган хабарларни "фейк" деб атади ва ижтимоий тармоқда ўз позициясини очиқ билдирди.
Унинг таъкидлашича, айрим манбалар уни Си Жинпинг билан учрашув учун имконият излаяпти деб ёзган, аммо президент бундай мақсад йўқлигини очиқ билдирди. "Мен ҳеч қандай учрашув қидирмаяпман", — деб ёзди у Truth Social платформасида. Бироқ Трамп эҳтимолий ташриф бўлиши мумкинлигини ҳам яширмади — фақат бу таклиф Си Жинпингдан чиқса, ўйлаб кўришини қўшимча қилди.
Шу ҳафта АҚШ молия вазири Скотт Бессент иштирокида Стокҳолмда АҚШ ва Хитой ўртасида муҳим савдо музокаралари ўтказилмоқда, деб хабар берди The Hill. Бу музокаралар тарифлар масаласида яқин вақтда икки давлат ўртасида қандай келишув бўлиши мумкинлиги борасидаги саволларни янада кучайтирган.
Айни пайтда, Си Жинпинг сентябрда Доналд Трамп ва Владимир Путин иштирокида катта тадбир ташкил қилишни кўзлаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. The Times маълумотига кўра, у АҚШ президентни Иккинчи жаҳон уруши тугаганига бағишланган расмий маросимга таклиф қилишни режалаштирган. Путин ҳам ушбу тадбирда иштирок этиши кутилмоқда.
Трамп эса, 22 июлда журналистларга берган интервьюсида, Хитойга расмий таклифнома олганини ва келгуси вақтда ташриф масаласини кўриб чиқишларини маълум қилди. "Бизни Хитойга таклиф қилишди, катта эҳтимол билан у ерга борамиз. Бу ҳали яқин эмас, лекин узоқ муддатга ҳам тортилмайди. Турли етакчилардан кўплаб таклифлар олганмиз, яқин орада аниқ қарор қабул қиламиз", — деди у.
Мутахассислар ва сиёсий кузатувчилар эса, Трампнинг кейинги дипломатик қадамлари ва АҚШ-Хитой муносабатларида қандай ўзгаришлар бўлишини катта қизиқиш билан кутишмоқда. Сиёсий саҳнада ушбу сафар ва учрашувлар қандай натижа бериши ҳозирча ноаниқ бўлиб турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!