date

Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади

Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади

Қуролли Кучлар олий бош қўмондони, президент Шавкат Мирзиёев 29 июл куни ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотдаги таклифга кўра, Қуролли Кучлар академияси ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари – 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази институт мақомида мазкур университет таркибига ўтказилади.

Таъкидланишича, бу марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Сержантлар тайёрлаш олий мактабида армиянинг асосий таянчи бўлган сержантларни ўқитиш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантириш, замонавий қуроллар ва янги тактик усуллар бўйича кўникмаларини оширишнинг янги тизими жорий этилади.

Янгиликлардан яна бири – тор доирадаги ихтисосликлар бўйича «2+2» тартиби йўлга қўйилишидир. Яъни, психолог, алоқачи, таъминотчи, омборчи каби 18 хил ёндош соҳа мутахассислари бошқа олий таълим муассасаларининг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинади.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги ўқув йилидан бошлаб, битирувчи босқич курсантлари учун танлов асосида «Олий Бош Қўмондон» давлат стипендияси жорий этилади. Мазкур стипендия соҳиби бакалавриатни тамомлаганидан сўнг, 5 йил мобайнида олий ҳарбий таълим муассасаларининг магистратурасига имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Энди олий ҳарбий таълим муассасаларининг 36 та таълим йўналиши битирувчилари бирйўла иккита диплом – фуқаролик ва ҳарбий касбга мўлжалланган мутахассислик эгаси бўлади. Ушбу ислоҳотларга яраша ҳарбий педагогларни саралаш ва танлашга ҳам талаб кучаяди. Жумладан, ҳарбий педагогларни етакчи хорижий давлатларда ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Тақдимотда ушбу таклифлар маъқулланди ва уларни амалиётга самарали татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади