29 июль куни Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер мамлакат тарихида муҳим сиёсий баёнот билан чиқди. Агар Исроил фаластинликларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган аниқ чораларни кўрмаса, Лондон сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини расман тан олишга тайёр эканини билдирди, деб хабар берди Reuters. Бу қарор амалга ошса, Буюк Британия Франциядан кейин БМТ Хавфсизлик Кенгашида Фаластинни расман тан олган иккинчи Ғарб давлатига айланади.
Стармернинг таъкидлашича, Британия Фаластинни тан олишдан олдин Исроилдан бир қатор аниқ ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилади:
-
Ғазога инсонпарварлик ёрдамларини киритилишини таъминлаш,
-
Ғарбий соҳилни аннексия қилмаслик бўйича қатъий кафолат бериш,
-
Узоқ муддатли тинчлик жараёнига содиқлигини ва Фаластин давлатчилигини тан олишини эълон қилиш.
"Фаластин халқи оғир азоб-уқубатларга дуч келди. Ҳозир эса Ғазода ёрдам етишмаслиги туфайли чақалоқлар очликдан азият чекмоқда. Бу тасвирлар умримиз давомида ёдимиздан чиқмайди. Бу азобларнинг тугаши шарт," деди Стармер журналистларга мурожаатида.
Сентябрь ойида Британия ҳукумати Исроил ва Фаластин томонларининг ушбу шартларни қандай бажарганини батафсил баҳолайди. Стармер қайд этганидек, бу қарорда ҳеч бир давлат вето қила олмайди ва Британия ўз мустақил сиёсий позициясига амал қилади.
Reuters таъкидлашича, бу қарор Лондон расмийлари ва Европа иттифоқи етакчилари иштирокида янги тинчлик режаси ва Ғазода 2,2 миллион одамга ёрдам етказиш масалалари муҳокама қилинган тезкор мажлисдан сўнг қабул қилинди. Илгариги британия ҳукуматлари Фаластинни “тегишли вақт келганда” тан олиш ҳақида гапирган, лекин ҳеч қачон аниқ шарт ёки муддат белгиламаган эди.
Бу сафар, Ғазода очлик хавфи авж олгани ва халқаро инсонпарварлик ташкилотлари огоҳлантируви туфайли, Лейбористлар партияси депутатлари ҳам бош вазирни Фаластин давлатини тан олишга ундамоқда. Улар бу орқали Исроилга халқаро босимни кучайтиришни мақсад қилмоқда.
Айниқса, Франция президенти Эммануэл Макрон Фаластинни 1967 йилги урушда босиб олинган ҳудудлар доирасида давлат сифатида тан олиш ниятини билдиргач, Британия сиёсий муҳитида ҳам масала янада долзарблашди.
Қайд этиш жоиз, Ғазода ҳарбий ҳаракатлар бошланганида Кеир Стармер мухолифат етакчиси сифатида Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаган эди. Аммо бош вазир лавозимига келгач, унинг Исроилга нисбатан сиёсати анча қатъий ва принципиал тус олди. Масалан, Британия Халқаро жиноий суднинг Нетаняхуга нисбатан чиқарилган ҳибсга олиш ордерларига қарши олдинги ҳуқуқий курашни тўхтатди, Исроилга айрим қуроллар экспортини эса чеклади.
Шунингдек, июнь ойида Британия ҳукумати Исроилнинг икки радикал вазирига — Итамар Бен-Гвир ва Бетсалел Смотричга — санкциялар жорий қилди. Улар Фаластинликларга нисбатан зўравонликни очиқ тарғиб қилишда айбланган.
Якуний қарорга сентябрь ойида баҳо берилади ва дунё жамоатчилиги Британиянинг бу сиёсий қадами минтақавий ва халқаро муносабатларга қандай таъсир қилишини диққат билан кузатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!