10:58 / 10.09.2018
5 016

Киссавур… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Киссавур… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)
Ёз. Ҳаво иссиқ. Қўқон автовокзалига одам дегани сиғмайди. Ҳар икки одамнинг бири қўлидаги читрўмол билан ўзини елпигани-елпиган. Иссиқ айниқса, автобус ҳайдовчиларини домига олган. Юравериб ўрганиб кетган бўлишса-да, барибир қўлларидаги қорайиб кетган рўмолчани бўйинларига суришларидан дим ҳаво жонларига тегиб кетганини билиб олиш қийин эмас…

Панароқда юзтача одам турганди. Бачқир автобуси кириб келганини кўришди-ю, ҳаммалари ўша ёққа чопа кетишди. Кимдир елкасига майда-чуйда тўла халтани илган, кимдир ёнидагини турта-турта олдинга интилган. Мақсад битта. Нима қилиб бўлмасин, автобусга чиқиб олиш. Қолиб кетсанг, яна соатлаб иссиқда қовриласан…

Ёши ўн еттидан ошган, бўйнига тўқилган рўмолча ташлаб, оғзидаги сақични жағининг уёғидан буёғига олифталарча айлантираётган Мамир ҳам оломон автобусга ўзини урганини кўриб жинсисининг чўнтагига қўлини солди-да, яримта писка чиқарди ва икки бармоғининг ўртасига жойлаштирди…

Писка чўнтаккесарларнинг жони-дили. Синдириб ярмини кафтингга жойлайсан-у, сумка борми, чўнтак борми, билдирмайгина кесиб кетаверасан…

Йўқ, бунинг ҳам ўз йўллари бор. Кесгандан кейин сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қили-иб кесиш керак. Чўнтак ёки сумка эгаси пайқамаслиги лозим…

Кесдингми, ичидагиниям усталик билан олиб кетишни билишинг шарт. Йўқса, кесишдан не фойда?..

Мамир эса, бунақа ишларни қийворади. Қўқонлик устаси Нор қийшиқ (кўзи ғилайлиги учун шундай лақаб орттириб олган) нинг калтакларини еявериб пишган. Ана энди ошиғи олчи. Манаман деганини кесиб, борини шилиб кетади. Сезиб бўпти!..

Ҳа, айтганча, писка яна бир нарса учун жуда асқотади. Масалан, катмон ёхуд пул эгаси пайқаб қолиб шартта билагидан олди дейлик. Ана шундай маҳалларда Мамир писка қистирилган бармоғини унга тўғрилайди-ю, бир зарб билан юзига тортиб юборади. Кўрибсизки, ўша одам қон тизиллаган юзини қўллари билан беркитиб ерга энгашган кўйи то ўзига келгунча Мамир ғойиб бўлади. Мелисагаям хабар қилишга улгурмай қолади…

Мамир бир четда оғзидаги сигаретини уёқдан-буёққа айлантирганча кузатиб турган Нор қийшиққа маъноли кўз қисиб қўйди-да, автобусга ўзини ураётган оломон орасига кирди. Аксига олгандек бу ердагиларнинг аксарияти қариялар экан. Ҳаммасининг эгнида чопон…

— Уф-ф!..

Мамир жиғибийрон бўлиб одамларни турта-турта, енгилроқ кийинганини, қўлида сумкаси борини қидира бошлади…

— Эҳ, ана!..

Унинг кўзлари тиқилинчда базўр нафас олиб инқиллай-инқиллай олдинга интилаётган ёши тахминан ўн саккизлардаги узун сочли қизни мўлжалга олди. Қиз сумкачасини қўлтиғига маҳкам қистириб олибди…

Мамир устозининг «ўгит»ларини эслади.

— «Агар кўринишидан енгилтак, олифтанамо қизларни тунамоқчи бўлсанг, — деганди Нор қийшиқ. — Аввал уларнинг баданига қўл теккизиб кўр. Ишон, енгилтак қизлар эркакнинг қўлларини баданида туйса, эриб кетишади. Сен ана шундан фойдаланиб қоласан…»

Мамир қийналиб-сиқталиб бўлса-да, қизнинг орқасидан тушди.

Ҳа, у ҳақиқатан офатижон эди. Сочлари тақимини ўпган, калтагина кўйлаги остидан туртиб чиққан сийналари оҳанрабодек ўзига тортади…

Мамир амал-тақал автобусга чиқди-да, қизнинг орқасига ўрнашиб олди.

«Ўлжа» бу тахлит тиқилинчларга кўникмаган эканми, тез-тез силкиниб қўяр, қовоғидан қор ёғиларди.

«Ҳозир сени мулойимлаштириб қўяди аканг! — хаёлидан ўтказди Мамир қизнинг майин сочларини ҳидлаб-ҳидлаб қўяркан. — Сочига юзим тегсаям индамади. Демак, буям устоз айтганидек кетаверадиган хилидан…»

Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!..

Шу тобда аксига олгандек, одамлар уёқдан-буёққа сирғалиб ўтиб Мамирнинг бемалол ҳаракатланишига халал берарди…

— Йўқ, — деди ўзига ўзи кутилмаганда муштларини тугиб. — ҳозир ҳаром иш қилиб ўтирмайман. Бекорга вақт кетказиб нима қиламан?.. Кетворган биттта бумиди?.. Катмонини олволсам, бунақаларнинг ўнтасига етади…

Яна устоз ўргатган усуллар ишга тушди. Мамир бармоқлари орасидаги писканинг тиғини сумкачага теккизиб секингина тортганди, тўртта бармоқча сиққулик тешикча пайдо бўлиб, сумкача ичидагилар унинг кафтини тўлдирди.

Бу ҳолатни қиз тугул, ёнидагилар ҳам сезмай қолишди…

Мамир кафтидагиларни маҳкам ғижимларкан, бугун кечагидан ҳам мўмайроқ пул ишлаб топганини дарров ҳис қилди…

* * *

— Болам-ей, қай гўрларда санғиб юрасан-а сен? — шом пайти уйга кириб келган ширакайф Мамирни уриша кетди онаси Мунис ая. — Эрталабдан бери йўлингга кўз тикаман.

— Ўйнаб юрганим йўқ-ку, она!.. — ғўлдиради Мамир афтини бужмайтириб. — Тирикчилик қилиб юрибман, тирикчилик!

— Оббо, қачон сўрасам, бир гапни қайтараверасан. Нима иш қилганингни айтмайсан. Ахир, мен онангман! Ичингдагини билишим керакми-йўқми?

— Билиб нима қиласиз? Сизга пул олиб келсам бўлдими?

— Э, олиб келган пулингам қуриб кетсин!.. Хавотир олганим-чи?..

— Манг, манави пулларни олиб қўйинг! — Мамир бир даста мингталик чиқариб Мунис аянинг қўлига тутди.

— Вой, мен ўлай, шунча пулни қаердан олдинг?.. Илгари бунақа катта пул олиб келмасдинг-ку!.. Айт, қилган ишинг қандай иш эканки, шунча пул тўлашса?.. (Мунис ая шу кунга қадар ўғлим бировларнинг ҳожатини чиқариб пул топяпти деб ўйларди)

— Сизга нима? — онанинг кўзларига бақрайиб тикилди Мамир. — Узумини енг-у, боғи билан ишингиз бўлмасин!..

— Йўқ, айтасан. Қаердан олганингни айтмагунингча қўймайман.

— Уф-ф!.. Хотин киши дегани ўзи… Ношукур бўларкан-да!.. Айтдим-ку, буёғини суриштирманг деб, она!.. Тергайвераркансиз-да!..

Мамир Мунис аянинг ҳай-ҳайлашига эътибор қилмай хонасига кириб кетди.

Ҳозир ёлғиз қолиб тунги режалар ҳақида бош қотириши лозим эди.

* * *

Ойдин кеча. Шаҳар кўчаларида ўткинчиларнинг ҳам деярли кети узилган. Фақат Мамиргина эгнига қора шим, қора кўйлак кийиб бошини эгганча номаълум тарафга кетиб борарди.

Чорраҳага етганда бошини янада пастроқ тушириб олди. Бу ўғриларга хос одат. Чироқлар ёруғидан ҳам хавфсирашади. Кундузи киссаси кесиб кетилган кимсаларнинг биронтаси беихтиёр учраб қолишидан қўрқишади…

Ниҳоят, у кўзлаган тор кўча кўринди. Кўча бошида келишилганидек уни Нор қийшиқ кутиб турарди.

— Намунча судралмасанг? — дўқлаган бўлди у Мамир яқин келиб улгурмай. — Лаллаявераркансан-да қачон қараса!..

— Братан, нима деяпсиз? — тиржайди Мамир. — Бугун «лой»нинг каттасини қўлга киритдим.

— Йўғ-э… Хўш, қанча?

— Уёғини суриштирманг-да! Мана, улушингиз!..

Нор қийшиқ шогирдининг қўлидан бир даста мингталикни оларкан, кўзлари чақчайиб кетди.

— Оббо сен-эй!.. Қотирибсан-ку-а?.. Қани, бир бошдан айт-чи!.. Қайси бойваччани ўмардинг?..

— Аввалига анави кўрсатган қизингизни. — мақтана кетди Мамир. — Кейин нариги автобусга чиққандим, бир олифтанамо қария ўтирган экан. Вей, қийиққа тугвопти пулларини… Секи-ин яқин бордим. Қарасам, мудраб боряпти. Пайтдан фойдаландим-у, астагина қўлидаги қийиқни суғурволиб жуфтакни ростладим. Ишонасизми, қимирлаб ҳам қўймади.

— Ёнидагилар-чи?

— Э, биттаси ола қараш қилганди, пискани шундоқ томоғимга олиб бориб уёқдан-буёққа юргазим қўйдим. Тушунди шекилли, айбдор одамдай ерга қараб олди, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..

— Бас, кулишни бас қил!.. Деворниям қулоғи бор дейишади… Айтганча, қизни қитиқлаб кўрмадингми?

— Тўғриси, братан, кўнглим тортмади.

— Кўнглингдан ўргилдим, тирранча!.. Ўзинг кимсан-у, кўнглинг нима бўларди.

— Жа ерга ураверманг!.. Биласиз-ку, унча-мунчасига қарайвермайман!.. Сизнинг таълимингизни олганман-да!..

— Бўпти, энди қулоқ сол!.. Ҳозир бир ерга борамиз. Хонадонни ўмарамиз.

— Братан, хавфли-ку!..

— Қуёнюрак бўлма! Мен ташқарида атрофни кузатиб тураман. Сен ичкарига кирасан-да, пул қидирасан. Эсингда бўлсин, буюм-суюмга эътибор қилиб ўтирма. Фақат пул қидир!..

— Ҳовлими?

— Йўқ, квартира. Жа бой одамники…

— Бўпти, кетдик унда!..

— Мен олдинроқда, сен ўн беш метр орқада борасан. Униси-буниси хитланмаслиги керак.

— Жа устасиз-да!.. — Нор қийшиқнинг елкасига уриб қўйди Мамир ва тайинлангандек ўн беш метр орқада қолиб йўлга тушди…

* * *

Афсуски, бу режа амалга ошмайдиган кўриниб қолди.

Кўчанинг нариги юзида бўйи нақ икки метр келадиган, ҳар қўли гурзидек Хомит қиморбоз ҳамтовоғи Ғани билан бирга ўтиб кетаётган экан. Нор қийшиқни кўриб бирдан тўхтади.

— Ҳой, қийшиқ! — қичқирди у кўчани бошига кўтариб. — Нима бало, кўзингни ёғ босганми?..

Нор қиморбозни таниб чуқур уф тортганча унга яқин борди.

— Э, акалар, қалай, ошиқлар олчими ишқилиб? — ҳазиллашган бўлди Нор.

— Қаёққа кетяпсанлар? — жавоб бериш ўрнига сўради Хомит.

— Ҳа, энди… Сизларнинг қаерга кетаётганингизни сўраётганимиз йўқ-ку, брат!..

— Сени жа бойиб кетди дейишяпти?.. Қачон акаларингга улуш бериб, мундоқ дуо оласан-а?..

— Ака, ўғрининг ҳеч қиморбоздан дуо олганини кўрганмисиз?..

Бу гапдан Хомит сал ранжигандай бўлдими, кутилмаганда айёрона кўз қисиб Норнинг елкасидан ушлаб четга тортди.

— Ҳозир зўр ўйин бўлади. Юр, шогирдингни олиб бир четда томоша қиласан. Вей, у ерда ўзинг биласан-ку, ҳаммаси бўкиб ичишади. Ўнг келса, биронтасини шилволармидинг…

Нор бирдан бошини ушлади.

Ҳақиқатан, қиморбоз тўғри айтяпти. Катта қиморлиги рост бўлса, унақанги ерларда илгариям бўлган. Ит эгасини танимай қолади. Бемалол кимнидир шилиб жуфтакни ростлаб юборса бўладиган… Қолаверса, ҳам пулли бўлади, ҳам кайф қилади…

— Мен рози, қани бошланг ўша қиморингизга!.. — деди Нор ёнидаги Мамирга билинар-билинмас кўз қисиб. — Бунақанги ишларни мана, Мамир қойиллатиб ташлайди.

— Лекин айтиб қўяй, — деди Хомит пичирлаб. — Бировга димингни чиқармайсанлар!..

— Албатта. Гап бўлиши мумкинмас…

* * *

Шу чоққача шаҳардаги манаман деган ўғри ҳам қиморбозни ўмармаганди.

Нор таваккал қилди.

Мамирга ишонди.

Каталакдеккина ҳовлидан ўтиб қиморхонага кириб бораркан, остона ҳатлаганданоқ ичкарида ёнбошлаганча кайф сураётган ўн чоғли катта-кичик қиморбозларга бир-бир разм солиб чиқди. Шу аснода пул беркитиб қўйилиши мумкин бўлган жойларни кўздан кечирди.

Хона бўм-бўш. Жиҳоз деганининг ўзи йўқ. Демак, булар ютган пулини ё шолча остига, ё бурчакда қалашиб ётган сумкаларга жойлашади…

— Қани, жўрабоши, қарталарни суз!.. — деди Хомит дераза токчасида турган бир пиёла ароқни симириб ичгач. — Кутишга тоқат йўқ.

Жўрабоши деганлари Мамат исмли қирқларни оралаган, оқ сочли, қошлари қалинлигидан буралиб-буралиб кетган, ориқ бир эркак эди. Эринибгина ўрнидан турди-да, қўлидаги қарталарни аралаштира-аралаштира, дастурхон устига ташлади.

— Аввал ҳамма атаганини ўртага ташласин! — Мамат бир-бир қиморбозларга кўз солди. — Нимага аммамнинг бузоғидай лаллайиб ўтирибсанлар? Ташласанг-чи ҳамманг!..

— Ўзи… Бугун қанчадан тикамиз? — сўради Хомит.

— Бошқаларни билмадим-у, лекин мен бошланишига ўн минг тикаман. — Мамат биринчи бўлиб дастурхон устига бир даста юзталик ташлади.

— Унда мен йигирма минг тикаман. — дея Хомит ҳам бир даста икки юзталикни ўртага қўйди…

Хуллас, кимдир беш минг, яна кимдир ўн мингдан пулни ташлаб бўлгандан сўнг кўнгли таскин топган Мамат қарталарни сузишга тушди.

Нор эса, ҳамон бир нарсани ўйларди. Тезроқ қайсидир қиморбоз ютиб, ютуқни «юва» бошласа-ю, Мамирни имласа. Мана шу… Дастурхоннинг нақ ярмини эгаллаб турган пулларни ими-жимида ўмариб жуфтакни ростласа…

— Булар кимлар? — кутилмаганда Хомитга юзланиб сўради Мамат Нор ва Мамирга ишора қилиб. — Булар ҳам ўйнайдими?

— Э, булар шунчаки томоша қилишга келган. Менинг укаларим.

— Сотиб қўйишмайдими ишқилиб?

— Нега сотаркан? Булар ҳам ўзимиздан. Фақат бошқа йўлминан пул топишади…

— Шунақами?.. Ҳа майли, бошладим бўлмаса!..

Қимор бошланди. Қартасининг юз томонини яшириб олган қиморбозлар аланг-жаланг эди.

Хонада пашша учса эшитилгудек сукунат.

Кимдир қартасига боқиб норози бош чайқаб қўяди. Кимдир билинар-билинмас жилмайиб қўяди.

Орадан ўн беш дақиқалар вақт ўтиб фақат Хомитнинг қўлида учта, Маматда бир донагина қарта қолди.

Қиморбозлар ҳайрон эди. Ютқазиш нималигини билмайдиган учар одам наҳотки бу кеча ўйинни бой берса?..

Хомитнинг ўзи бўлса, хотиржамгина бир муддат қарталарга тикилиб ўтирди.

— Э, бу ўйин-да, акаси! — ниҳоят ўртадаги жимликни бузди Мамат. — Бу гал ютқазган бўлсанг, кейинги гал ютарсан. Шунгаям қовоқ-тумшуқ қилиб ўтирадими одам?..

— Ким ютқазибди? — даст ўрнидан қўзғалиб тиззалаб олди Хомит. — Сен Мамат жа ҳаддингдан ошаверма!.. Қани, қартангни кўрсат-чи!.. Ҳм-м… Мана бўлмаса!..

Дастурхон устига Хомитнинг қўлидан учта туз учиб тушди.

Ўтирганлар оҳ тортиб юборишди.

— Мени ютадигани ҳали туғилмаган, Мамат! — ҳайқирди Хомит ва шоша-пиша ўртадаги пулларни сиқимлаб-сиқимлаб қора чарм сумкасига жойлади. — Мен онамнинг қорнидалигимдаёқ бошлаганман қарта ўйнашни, уқдиларингми? Қани, ароқдан қуй энди!..

Бу Нор учун кутилмаган вазият эди. У бошқа бир бегона қиморбознинг ютишини кутганди.

Энди нима бўлади? Бу ерга Хомитнинг ўзи бошлаб келди-ку!.. Энди ўзини тунаб кетадими?.. Қандай бўларкин?..

«Ўзидан кўрсин! — кўнглидан ўтказди у Мамирнинг биқинига оҳиста туртиб. — Шундай бойваччанинг квартирасини ташлаб бу ерларга келиб ўтирибман. Қуруқ кетаманми энди. Хомит пешонасидан кўраверади…»

* * *

Ҳаш-паш дегунча ичкилик бошланди. Кимдир аламидан ичарди, кимдир шунчаки вақт ўтказиш учун қадаҳ уриштирарди. Хомит эса… Бу тахлит «байрам»ларга кўниккани сабабми, одатига кўра катта пиёлага тўлдириб-тўлдириб ароқ қуяр, ҳар кўтарганда «Шарманда қилмасин!» деган сўзни албатта тилга оларди…

— Мамир, бўл, сумкани қўлга ол!..

Қиморбозларнинг аксарияти тарқаган. Хонада фақат Мамат хуррак отиб ухлар, Хомит бўлса, ташқарига шамоллаб келиш баҳонасида чиқиб кетганди.

— Тезроқ қуён бўлмасак кеч бўлади. — деди шивирлаб Нор. — Юришидан пишиб қолганди Хомит. — Қани, деразадан ошиб тушамиз…

Мамир итоаткорона сумка тўла пулларни қўлтиғига қисди-да, Норнинг ортидан дераза ошиб пастга сакради.

Афсуски, икки-уч метр нарида Хомит икки қўлини белига тираганча уларни кузатиб турарди.

— Вой ифлослар-эй!.. — асабий шивирлаб икки ўғрига яқин келди у. — Ҳали мени чув туширмоқчи бўлдиларингми, мени-я?..

— Буни пешона деб қўйибди, брат! — бўш келмади Нор ҳам. — Ютишингизни ўзингиз ҳам билмагансиз, шундаймасми?.. Ҳа-энди… Биз ҳам катта бир ишни ташлаб орқангиздан келганмиз…

— Мана сенга, қанжиқ!.. — бехосдан башарасига келиб тушган мушт Норни ерга қулатди. Унинг орқасидан худди шу тахлит Мамир ҳам ер тишлади…

— Жон ака, урманг бизларни, урманг!.. — бақувват Хомитнинг оёқлари остида чангга беланиб ётган икки ўғри бараварига ялинишарди. — Жон ака, тавба қилдик!.. Тавба қилдик!..

Хомит яна бир-икки тепки билан уларни сийлагач, шошилмасдан Мамирнинг ёнида ётган сумкани қўлига олди.

— Энди баччағарлар… Ўзингга ўзинг қип қўйдинг иккалангам!.. Эртадан бошлаб автобус бекати атрофида кўрмай сенларни! У ерда менинг жияним бўлади эртадан. Мабодо кўриб қолсам, нақ бўғизлаб ташлайман!..

— Бўпти, ака!.. Фақат… Қўйворсангиз бўлди!..

* * *

— Қиморбоз бизни боплади! — деди эртаси куни Нор Мамирга кўкарган юзларини силай-силай. — Мараз барибир бир кун оладиганини олади. Уни соғ қўймайман!..

— Келинг, бошқа гапдан гаплашайлик! — норози тўнғиллади Мамир. — Ўшандан бўлак ташвишимиз йўқми?.. Анави айтганингиз нима бўлади энди?

— Қайси? Ҳа-а, квартирами? Вей, шу ишни бир ёқли қилиш керак. Бир дунё пул бўлиши аниқ уйида. Ўзим кўрганман. Ёлғиз аёл ўғлиминан яшайди. Ёшиям анчага бориб қолган. Ўғли қачон қараса, Россияда юради. Ўша ёқларда юриб «соққа» қилади дейишарди…

— Ишқилиб, ўғли кеп қолмасмикан?

— Йўқ. Яқиндагина жўнаб кетган. Кампир жа беғам хотин экан. Пишиллаб ухлагани-ухлаган эмиш… Хуллас, ҳаммасини аниқлаганман…

— Бўпти, ака, шу бугуноқ кирамиз унда. Ҳа энди, бизам бир қароқчилик қилсак қилибмиз-да-а, нима дедингиз?..

— Сен бўшашмасанг бўлди.

— Менам анойи эмасман. Мана кўрасиз, қотириб опчиқаман борини…

Икковлари шу кунни чекка-чеккада ўтириб, пиво ичиб кеч қилишди. Мамир ҳам уйига бормади. Мунис ая қаерда муштлашиб юзлари қашқа бўлганини суриштираверишидан безор бўлган…

Хуфтон маҳалигача икки ўғри кайфини чоғлаб ҳийла дадиллашиб олди. Пиёладаги сўнгги ароқни ичгандан сўнг биринчи бўлиб Нор ўрнидан турди.

— Қани, Худо йўлимизни берсин, кетдик!..

Улар ўмаришни мўлжаллаган квартира автобус бекатидан анча нарида эди. То манзилгача пиёда боришди.

Нор зимдан кузатиб билдики, бу уй атрофида машина ҳам, одамлар ҳам сийрак. Айниқса, гоҳи-гоҳида кириб чиқаётганларнинг аксарияти ўрислар экани унга жуда маъқул тушди.

— Ҳов анави биринчи қаватдаги кўк пардали деразани кўряпсанми? — Мамирни туртди у.

— Ҳа, кўряпман.

— Бахтимизга деразани очиб қўйишибди. Худди ўша деразадан ошасан. Аввал яхшилаб кузатиб кўр. Тағин айни шу хонада кампир ўтирган бўлиб чиқмасин!

— Хотиржам бўлинг! — деди Мамир кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Бугун кўнглим сезиб турибди. Ишимиз ўнгидан келади.

— Бўпти, мен шу атрофда бўламан. Агар бирор хавфни сезсам, шу заҳоти белги бераман.

— Қанақа белги? Айтиб қўйинг-да!..

— Уч марта бақага ўхшаб вақилласам, тез орқага қайтасан.

— Яхши, мен кетдим унда!..

* * *

Мамир яна бир бор атрофга назар ташлаб, яқин орада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, кўрсатилган дераза қаршисига борди. Деразани итариб кўрса, ҳарқалай очиқ экан.

«Вой кампир-эй, — кўнглидан ўтказди у тиржайганча юқорига оёқ қўяркан. — Шунчалик ҳам беғам бўладими одам деган?!. Бир жойини кесиб кетсаям барибир шекилли…

У бир уринишда ичкари хонага тушди. Жимжитлик. Лекин хонада каравотдан бўлак ҳеч вақо кўринмади.

Оҳиста юриб нариги хонага ўтди.

— Воҳ, мана буни омад деса бўлади!..

Мамир деразадан тушиб турган ғира-шира ёруғликда рўпарадаги эшиги очиқ турган темир сандиқни кўрди-ю, ҳовлиқиб ичкари эшигини очди. Не кўз билан кўрсинки, сандиқ ичида даста-даста пуллар қалашиб ётарди…

Шоша-пиша пулларни қўйнига тиқди-да, орқага қайтмоқчи бўлди.

— Э, ҳеч ким йўққа ўхшайди. Ташқари эшикдан чиқиб кетаверсам-чи?!. — деди беихтиёр ўзига ўзи ва йўлакка қараб юрди…

Шу тобда…

Кутилмаган ҳодиса рўй бериши Мамирнинг етти ухлаб тушига кирмаганди…

Кутилмаганда йўлакдаги чироқ ёнди-ю, қаршисида бир пайтлар мактабда дарс берган муаллимаси Раҳбарой опа пайдо бўлди…

Муаллима бош эгганча тош қотиб қолган Мамирга бир муддат бош чайқай-чайқай тикилиб туриб, ниҳоят сўз қотди.

— Мамиржон, ҳалиям ўзгармабсан-да-а?.. Эсингдами, мактабдаям қачон қараса бировларнинг сумкасини ковлаб калтак еганинг еган эди. Эссиз умр, болам, эссиз умр!.. Бундан кўра, бирор ерга кириб ишласанг, ҳалол меҳнат қилиб пул топсанг бўлмайдими?.. Ҳозир менинг ўрнимда бошқаси бўлганда нима бўларди, биласанми?..

Мамир беихтиёр муаллиманинг оёқлари остига ўзини ташлади. Чунки, бу аёл ҳозир милицияга хабар бериб юборишидан чўчирди. Шунинг учун ясама ялиниш қилиб муаллиманинг оёқларига бош ура бошлади.

— Жон устоз, мени кечиринг!.. Билмабман!.. Мени мажбур қилишди! Иккинчи бу ишимни қайтармайман! Кечиринг!..

— Тур ўрнингдан! — Мамирни елкасидан тутиб турғазди муаллима. — Қайтиб бунақа иш қилмагин, болам! Онанг бечорани яхши танийман. Йўқса, ўқувчим эканинггаям қараб ўтирмасдим…

— Раҳмат сизга!.. — Мамир номига кўзёш қилиб пулларни жойига қўйди-да, қайта-қайта қуллуқ қилиб жонҳолатда бу хонадонни тарк этди…

* * *

— Э, ака, ўзимизнинг ишга етмас экан! — эртаси куни кечқурун автобус бекатида учрашишгач, нолий кетди Мамир Норга. — Сиз-да!.. Қаёқдаги бўлмағур ишларга етаклаб юрибсиз! Сал қолди-ку қулоқни ушлаб кетворишимга!..

— Намунча ғингшийвермасанг? — уни уришиб ташлади Нор. — Биринчи куни чув тушишингмиди?

— Бўпти, барибир ўзимизнинг ишимизни қилаверайлик!.. Ҳар ҳолда бемалолроқ.

— Унда… — Нор автовокзал охиридаги автобус томон ишора қилди. — Анави автобусни кўряпсанми?

— Ҳа, чироғи йўққа ўхшайдими ичида?

— Худди ўзи. Ана ўшанга чиқиб иш қиласан.

— Қаерники экан ўзи?

— Адашмасам, Бешариққа кетяпти-ёв!..

— Ие, онам ўша ёққа кетяпман деганди…

— Қариндошларинг борми дейман Бешариқда?

— Ҳа, холалар бор.

— Нима фарқи бор?.. Бор ўша автобусга! Ҳозир жўнайди…

Мамир итоаткорона Нор кўрсатган тарафга юра кетди…

Автобус ҳақиқатан Бешариқники экан. Ичкарида одам лиқ тўла эди. Аранг эшикдан ўтиб олди. Бундай тўполонда чўнтаккесарлар нима қилишни, қандай йўл тутишни яхши билишади…

— Ил-лтимос-с!.. Ўтказворинглар!.. Сал сурилворинглар!..

Йўловчиларни қоронғида турта-турта Мамир ўртароққа бориб олди. Шу баҳонада бир-икки қариянинг чўнтакларини «тозалаш»га ҳам улгурди. Аммо бу кам эди. Қўли билан пайпаслаб билдики, олганлари арзимас пуллар…

— Тўхта, ҳов анави қора рўмол ўраган кампирни тунасам-чи?..

Мамир уч-тўрт йўловчидан кейин тескари ўгирилиб турган аёлни мўлжалга олди. Эгнидаги кўйлакка қараганда, бу аёл анча пулдордек туюлиб кетди.

Мамир яна олдиндагиларни туртиб ўша аёлга яқин борди.

«Ўлжа» ҳамон тескари қараганча чайқалиб борар, баъзан ёнидан сирғалиб ўтаётганларга ҳам эътибор қилмасди…

Мамир бироз ўйланиб тургач, бармоқлари орасидаги пискани қаттиқроқ қисди-да, аёлнинг қўлидаги сумкага ишқалай бошлади…

Шу тобда кутилмаган ҳодиса содир бўлди…

Аёл сезиб турган эканми, даъфатан орқасига бурилди-ю, Мамирнинг писка тутган билагидан маҳкам ушлаб қолди…

Буям майлийди…

Шошиб аёлнинг юзларига боққан Мамир тош қотиб қолди…

Рўпарасида Мунис ая унга ғазаб билан термулиб турар, лаблари сўз айтишга чоғланибми, ё асабийлашганиданми, титраб-титраб қўярди.

— Жувонмарг!.. — эшитилар-эшитилмас шивирлади Мунис ая. — Онангни тунамоқчи бўлдингми?.. Онангни-я?.. Ҳали сен ўғирлик қилиб мени боқаётганмидинг?.. Сен падар лаънатини туғиб кўрган оқибатим шу бўлдими?.. Йўқол!.. Уйга қадамингни босмагин!.. Сендай болам йўқ менинг!.. Агар қадам босиб уйга кирсанг, ўз қўлларимминан мелисага топширвораман сени!.. Йўқол дедим!..

Мамир ўша-ўша шаҳарда ҳеч кимга қорасини кўрсатмади.

Она-да, олти ойми, етти ойми ўтиб таниган-билганлардан суриштириб кўрганди. Кўрган-билганлар Мамир узоқ бир чўлда трактор ҳайдаётганини айтишди…

Шу гапларни эшитгандан кейингина Мунис аянинг чеҳраси ёришди…

Ҳартугул ўзбошимча ўғлига инсоф кирибди.

Шунисига ҳам шукр қилди.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Киссавур… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)