Халқаро сиёсий саҳнада яна бир жиддий воқеа муҳокама қилинмоқда. АҚШ маъмурияти Россия билан мулоқотда янги таклиф ишлаб чиқиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Оқ уйдаги икки юқори лавозимли амалдорнинг сўзларига кўра, Вашингтон расмийлари россиялик ҳамкасбларига Украинадаги узоқ давом этаётган инқирозни бартараф этиш йўлидаги мулоқотни давом эттириш учун муайян “рағбат” тайёрлаб қўйган. Гап стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича келишув ҳақида кетмоқда.
Бу таклиф ҳозирча норасмий шаклда кўриб чиқилмоқда. АҚШ томони Россия билан янги йўналишда мулоқот эшигини очишга ҳаракат қилмоқда, аммо бу жараён ҳали расмий ҳужжат кўринишига эга эмас. Шунга қарамай, мутахассислар бу ғоя икки давлат муносабатларида маълум бир юмшаш ва эҳтимолий яқинлашув жараёнининг дастлабки қадами бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Бироқ, ядровий қуроллар бўйича тўлиқ келишув ёки унинг муҳим тафсилотлари давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилиниши эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда. Бу эса, масала ҳозирча техник ва дипломатик каналларда чегараланган ҳолда қолиши мумкинлигини англатади.
Эслатиб ўтамиз, кутилаётган АҚШ ва Россия президентлари учрашувининг асосий мавзуси Украинадаги вазият ва унга ечим топиш масаласи бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу боис ҳар қандай таклиф, жумладан стратегик қурол-яроғни назорат қилиш масаласи ҳам айнан шу глобал инқирозни ҳал қилиш жараёнида қўшимча восита сифатида қўлланилиши мумкин.
Шу тариқа, Оқ уй ташаббуси ортида асосий мақсад — Москва ва Вашингтон ўртасидаги музокара жараёнини сақлаб қолиш ва уруш тақдирига таъсир кўрсата оладиган муваққат келишувлар орқали умумий йўл топиш эканлиги кўринади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!